Адлия: 25 нафар мактаб кутубхоначисининг қарийб 55 миллион сўмлик иш ҳақи тўлаб берилмаганлиги аниқланди

Адлия: 25 нафар мактаб кутубхоначисининг қарийб 55 миллион сўмлик иш ҳақи тўлаб берилмаганлиги аниқланди


  

 Мактаб кутубхонаси маданият ва таълимнинг муҳим буғини ҳисобланади. Кутубхоначиларнинг меҳнати туфайли китобхоннинг ахборот олиш маданияти, мутолаага, илм-фанга бўлган қизиқиши ортади ва дунёқараши барқарор ривожланади. Шунинг учун бўлса керак, кутубхона маърифат маскани, сифатида қадрланади. Афсуски, ҳамма жойда, ҳамма раҳбарлар томонидан ҳам эмас. 


Бундай дейишимизга асос бор албатта. Каттақўрғон туман адлия бўлими томонидан туман Халқ таълими бўлимида ўтказилган мониторинглар натижасида ҳудуддаги бир эмас, ўн эмас, 20 нафардан ортиқ мактаблардаги кутубхоначиларга берилиши керак бўлган қўшимча рағбатлантириш пуллари тўлаб берилмаганлиги аниқланди. 


Хусусан, тумандаги 31-мактаб кутубхоначиси Н.Бозорова 2 182 957 сўм, 92-мактаб кутубхоначиси М.Ялғашова 1 029 697 сўм, 44-мактаб кутубхоначиси Х.Шарипов 2 059 394 сўм, ҳудди шунингдек, 4, 41, 73, 104, 28, 8, 27, 24, 51, 5- сингари мактаб кутубхоначиларига ана шундай миқдордаги иш ҳақаларига қўшимча тарзда берилиши лозим бўлган жами 25 нафар кутубхоначига 54 миллион 580 минг 431 сўм тўланмаган. 


 Адлия бўлими ходимларнинг манфаатларини кўзлаб Фуқаролик ишлари бўйича Каттакўрғон туманлараро судига даъво аризаси киритди. Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди деганларидек, адолат қарор топди. Суд Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 171, 178- моддаларини қўллаб, адлия бўлимининг аризасини қаонатлантирди. 


 Қонун устувор бўлган жойда тараққиёт, ривожланиш бўлади. Агар ҳар бир масъул идора ва раҳбарлар ўз ходимларининг қонуний манфаатларини кўзлаб иш тутса, жамиятда ўксик қалблар бўлмайди. Зотан бировнинг ҳақи бировга буюрмайди.  


Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги ПФ-134-сон Фармони билан умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган кутубхоначиларининг ойлик маошлари 2022 йил 1 сентябрдан оширилиши белгиланди.


М.Ҳасанов,
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси
Жамоатчилик билан алоқалар бўйича етакчи маслаҳатчиси

Report Page