Абу Али ибн Сино 

Абу Али ибн Сино 

@Tabobat_uz
Ибн Сино (980-1037)

Ибн Сино (асл исми Ҳусайн, отасининг исми Абдуллоҳ) Бухоронинг Афшона қишлоғида, ҳижрий 370 (980) йилнинг сафар ойида, амалдор оиласида туғилди. 986 йилда ибн Сино оиласи Бухорога кўчиб келади ва шу вақтдан бошлаб ёш Ҳусайн бошланғич маълумот олишга, илм-фанни ўрганишга киришади. Унинг ёшлиги, йигитлик чоғлари Сомонийлар ҳукмронлигининг сўнгги йилларига, хусусан, Нуҳ II ибн Мансур Сомоний хукмронлиги даври (976-997) га тўғри келади.

Ибн Сино истеъдодли, хотираси кучли, зеҳри ўткир бўлганлигидан ўз даврида маълум бўлган илмларни тездан эгаллай бошлади. 10 ёшидаёқ Қуъони Каримни тўлиқ ёд ўқир эди. 13 ёшларидан бошланғич математика, мантиқ, фиқҳ, фалсафа илмлари билан шуғуллана бошлайди.

Ибн Сино ёш бўлишига қарамай, Абу Абдуллоҳ Нотилий раҳбарлигида фалсафани, Ҳасан ибн Нуҳ ал-Қумрийдан тиббиёт илмини ҳар томонлама ўрганади, аста-секин табиблик билан ҳам шуғулланади. У ўзидан аввал ўтган Шарқ мутафаккирла-ининг асарларини чуқур ўрганиш билан бирга, қадимги юнон табиий-илмий, фалсафий меросини, хусусан Аристотель, Евклид, Птолемей, Гален, Гиппократ, Пифагор, Порфирийларнинг асарларини ҳам қунт билан ўрганади. 16-17 ёшидаёқ ибн Сино машҳур табиб — ҳаким бўлиб танилади.

999 йилда Бухоро қорахонийлар томонидан забт этилгач, Сомонийлар ҳокимияти инқирозга учрайди. 1000 йилда ибн Сино Бухородан чиқиб кетиб, маданият марказларидан бири ҳисобланган Хоразмга боради, ва у ерда Хоразм ҳокими Али ибн Маъмун саройидаги олимларни бирлаштирган ўз замонасининг академиясига қабул қилинади. Ибн Сино Беруний, ибн Мискавайҳ, Абу Саҳл Масиҳий, Абулхайр Ҳаммор, Абу Наср ибн Ироқ каби етук олимлар билан яқиндан танишади. Лекин бу даврда кучайиб бораётган Маҳмуд Ғазнавийнинг таъқибидан қочиб, Хоразмни ташлаб кетишга ва Хуросон, Эроннинг турли шаҳарларида сарсон-саргардонлиқда юришга мажбур бўлади. Абивард, Туе, Нишопур шаҳарлари орқали Журжон шаҳрига келиб ибн Сино ҳоким қобус ибн Вашмгир саройида машҳур табиб сифатида яшаб, бўлажак шогирди Жузжоний билан танишади.

1019-1021 йилларда Ҳамадонда вазир лавозимида хизмат қиларкан, ҳоким билан келиша олмай, 4 ой қамоқда ётиб чиқади. 1023 йилда Исфаҳонга қочади ва бутун умрини илмий асарлар ёзишга бағишлайди. Ибн Синонинг «Китоб ал-қонун фит-тибб», «Китоб ун-нажот», «Китоб ул-инсоф» каби машҳур асарлари, геометрия, астрономия, ўсимлик, ҳайвонот олами, мантиққа оид рисолалари, «Ҳайй ибн Яқзон» фалсафий қиссаси сўнгги йилларда ёзилган. У Исфаҳонда расадхона қуриш билан машғул бўлади. Умрининг сўнгги йилларида феодал урушлар кучайиб кетганлиги, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ўзи ҳам фаол қатнашганлиги туфайли у Исфаҳон, Рай, Ҳамадон шаҳарлари орасида сарсон-саргардонлиқда юриб, 1037 йил 18 июнда Исфаҳон шаҳрида 57 ёшида қулунж касаллигидан вафот этади.

Ибн Синонинг ҳаёт йўли ўзи ёзган таржимаи ҳоли ва шогирди Жузжоний томонидан қолдирилган манбалардан маълум. Ибн Синонинг илмий қизиқишлари, дунёқарашининг шаклланишида қадимги Шарқ маданияти, юнон илми, фалсафаси, Марказий Осиё халқларининг мустақиллик учун олиб борган курашлари муҳим роль ўйнади. Ибн Сино таржимаи ҳолида Форобийнинг «Метафизика мақсадлари», «Фусус ул-ҳикам» каби муҳим рисолаларини қунт билан ўрганганлиги, улардан кенг фойдаланганлигини таъкидлаб ўтади.

Ибн Сино асарларининг умумий сони 450 дан ошади, лекин бизгача фақат 160 га яқин асари етиб келган, холос. Кўп рисолалари шаҳарма-шаҳар кўчиб юриш, феодал урушлари, сарой тўполонлари, турли фалокатлар туфайли йўқолиб кетган. Кўп манбаларда ибн Сино аввало табиб сифатида талқин этилади, ҳолбуки табобат унинг илмий соҳалари орасида энг муҳимларидан биридир. Ибн Сино асарларининг асосий қисми Яқин ва Ўрта Шарқнинг ўша давр илмий тили ҳисобланган араб тилида, баъзилари форс тилида ёзилган. Унинг бизга маълум бўлган катта асари «Китоб уш-шифо» («Шифо китоби») 22 жилддан иборат бўлиб, 4 та катта бўлимини мантиқ, физика, математика, метафизикага дойр масалалар эгаллаган. Унинг айрим қисмлари лотин тилига, Оврўподаги бошқа тилларга, шарқ тилларига, шунингдек, рус, ўзбек тилларига таржима қилинган. 20 жилддан иборат бўлган «Китоб ул-инсоф» («Инсоф китоби») бизгача етиб келмаган, чунки Исфаҳондаги ёнғинда йўқолган. «Китоб ун-нажот» («Нажот китоби») 4 катта қисмдан — мантиқ, физика, математика, метафизикадан иборат, «Китоб лисон ул-араб» («Араб тили китоби») 10 жилдни ташил этади. «Донишнома» форс тилида ёзилган бўлиб, 4 қисмни — мантиқ, физика, математика, метафизикани ўз ичига олади (Рус тилига таржима этилган, бир қисми ўзбек тилида босилган).

Ибн Сино асарлари Ўрта асрларда Оврўпода илмий тил ҳисобланган лотин тилига, у орқали Оврўпонинг бошқа тилларига таржима этилган. Ибн Сино илмий рисолалардан ташқари, чуқур фалсафий мазмунли бадиий образлар ва маълум воқеалар орқали ифода этувчи «Тайр қиссаси», «Саломон ва Ибсол», «Ҳайй ибн Яқзон» каби фалсафий қиссалар яратган.

Ибн Сино ўзининг кўп тармоқли маҳсулдор ижоди, бой мероси билан жаҳон маданияти тараққиётида катта роль ўйнади. Ўз ижоди, илмий фаолиятида ибн Сино Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларидаги юқори маданий кўтаринкилик, маданий «уйғониш»нинг маънавий ютуқларини мужассамлаштира олди, бу билан бутун Шарқ ва Оврўподаги маърифат, маданият тараққиётига катта таъсир кўрсатди. У ўз даврида Шарқ ва Оврўпода «Шайх ур-раис», «Олимлар бошлиғи», «Табиблар подшоҳи» каби энг буюк номларга сазовор бўлди. Ибн Сино машҳур мураббий сифатида Абу Убайд Журжоний, Умар Исфаҳоний, Муҳаммад Шерозий, Аҳмад Маъсурий, машҳур Озарбайжон мутафаккири Бахманёр ибн Марзбон, Юсуф Ийлоқий, ажойиб олим ва шоир Умар Ҳайём каби шогирдларини тарбиялади. Уйғониш даври миниатюра ва суратларида ибн Сино машҳур қадимги юнон олимлари Аристотель, Гален, Гиппократ, Птолемей, Эвклид билан бир қаторда тасвирланган. Ўсимликларнинг биринчи илмий таснифини яратган табиатшунос Карл Линней доимо яшил бўлиб турувчи бир ўсимликни ибн Сино шарафига «Авицения» деб атади.

Тиб ва Шифо каналига уланинг

Report Page