Абитуриентларнинг онлайн рўйхатдан ўтиши билан боғлиқ масалалар

Абитуриентларнинг онлайн рўйхатдан ўтиши билан боғлиқ масалалар

https://t.me/aoka_uz

Жорий йилда онлай рўйхатдан ўтиш тартиби аввалги йиллардагидан кўп фарқ қилмайди. Бу йил ҳам дастурий техник таъминот такомиллаштирилди. Масалан, имтиёз бўйича маълумотлар уларни тақдим этадиган вазирликлар томонидан Давлат тест марказининг имтиёзларни қайд этиш мақсадида ташкил этилган махсус платформага киритилди ҳамда Давлат тест маркази базасига интеграция қилинди.

Бу йил ҳам:

- рўйхатдан ўтишни абитуриент уйидан чиқмаган ҳолда Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти, ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг my.gov.uz сайти орқали ҳам амалга ошириши мумкин;

- абитуриент тест синовини топширишда ўзига маъқул ҳудудни танлайди;

- фанлар мажмуаси ва фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган 5 тагача таълим йўналишини танлаши мумкин;

- миллий сертификати бўлса, ундан фойдаланишни тасдиқлаши ёки рад этиши талаб этилади;

- шулар билан бирга, устуворлик ҳамда мақсадли қабул бўйича танловини белгилайди;

- маълумот киритилганда абитуриент шахси давлат персоналлаштириш маркази базаси орқали текширилади;

- агар абитуриентнинг имтиёзи бўлса, у имтиёзлар бўлимида автоматик тарзда чиқади (агар чиқмаса, абитуриентга имтиёзни тақдим этган вазирлик ва идорага мурожаат қилиши керак);

- чет тиллари бўйича миллий ёки халқаро сертификат мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар абитуриент томонидан қўлда киритилади, ушбу маълумотлар текширилади;

- абитуриент киритган маълумотларини 20 июлгача таҳрирлаши мумкин (масалан, таълим йўналишини ўзгартириш, шу вақтда чет тилидан сертификат олса, уни киритиш, тест синови топшириш ҳудудини ўзгартириши ва ҳ.);

- тўловни амалга оширмайдиган абитуриентлар:

ногиронлиги бўлган шахслар;

тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар;

таълим муассасаларини жорий йилда тугатган абитуриентлар тўловни амалга оширмайди (тўлов учун инвойс чиқмайди);

шунингдек, бу йилдан:

ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизимига киритилган шахслар ва уларнинг фарзандлари;

ёшлар дафтарига киритилган ёшлар ҳам тўловдан озод қилинган;

- рақами киритилган телефонни алмаштирмаслик керак (1 та телефон 1 киши учун талаби);

- онлайн рўйхатдан ўтувчи абитуриентлар учун ё биопаспорт ёки айди карта талаб этилади – иккаласидан биттаси;

- агар тугатган таълим муассасаси номи чиқмаса, дастурдан “Бошқа ўқув юрти” танланиб, у ёзма киритилади.

Яна бир муҳим масала – бугунга қадар тегишли ваколатли давлат органлари томонидан квоталарни тиллар кесимидаги тақсимоти амалга оширилди ва базага қўйилди. Бугундан бошлаб 5 та таълим йўналишини танлаш мумкин бўлади.

IELTS сертификат серияси ва рақамига нима киритилади деган мазмунда саволлар келиб тушмоқда. Сертификатининг қуйи қисмида “Test Report Form Number” мавжуд бўлиб, сертификат серияси ва рақамига “Test Report Form Number” киритилади.

Шахсий кабинетимдаги паспорт маълумотларини қандай ўзгартирсам бўлади?

“Шахсий маълумотларни янгилаш” (https://my.dtm.uz/pasport-change) бўлимига ID -карта серияси ва рақамини киритиб, “Saqlash” тугмасини босиш лозим.


Report Page