АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИГА ҚАРАТИЛГАН ЮКСАК ЭЪТИБОР

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИГА ҚАРАТИЛГАН ЮКСАК ЭЪТИБОР

CCB


2020 йил 29 декабрь бутун ўзбек халқи, хусусан, соғлиқни сақлаш, тиббиёт соҳаси вакиллари учун унутилмас санага айланди. Шу куни Президентимиз Олий Мажлисга ва халқимизга Мурожаатнома йўллади. Унда давлат ва жамиятни ривожлантириш, хусусан, соғлиқни сақлаш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш соҳасини янада такомиллаштириш борасида устувор йўналиш ва вазифалар белгилаб берилди.

 Мурожаатнома аввалида давлатимиз раҳбари дунё мамлакатлари ҳамда юртимиздаги пандемия шароити, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида урғу бериб ўтди. Бу бежиз эмас, албатта. Боиси, 2020 йил давлат ва жамият, халқимиз учун оғир ва синовли давр бўлди. Дунё халқларини таҳликага солган коронавирус инфекцияси балоси, афсуски, бизни ҳам четлаб ўтмади. Қайд этиш керак¸ давлатимизда юритилган оқилона сиёсат ҳамда тиббиёт ходимларининг фидойилиги натижасида пандемия даврини катта иқтисодий-ижтимоий йўқотишларсиз ўтказмоқдамиз.

Мурожаатномада таъкидланганидек, пандемиянинг биринчи кунларидан бошлаб, бутун бошқарув тизими ва барча тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Қисқа муддатда Тошкент шаҳри ва ҳудудларда, барча шароитга эга бўлган қарийб 30 минг ўринли даволаш масканлари ташкил этилди. Улар зарур дори-дармон, ҳимоя ва энг замонавий диагностика воситалари билан таъминланди. Пандемияга қарши курашиш учун 200 мингдан зиёд тиббиёт ходими, жумладан, чет эллик 150 нафар юқори малакали шифокор ва мутахассислар жалб этилди.

Албатта, ўз вақтида кўрилган ушбу чора-тадбирлар коронавирус пандемиясини жиловлаш, касалликнинг оғир, асоратли кечишини олдини олиш ҳамда эпидемиологик барқарорликка эришишда муҳим аҳамият касб этди. 

Аммо бу ҳали пандемия даври тугагани, коронавирус балосининг буткул чекинганини билдирмайди. Шу боис ҳам Мурожаатномада кейинги 2021 йил коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши қайд этилди. Жумладан, ушбу вазифани бажариш мақсадида 2021 йил давлат бюджетидан 3 триллион сўм ажратилиб, ушбу маблағлар ҳисобидан, албатта, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, 2021 йил вирусга қарши курашда муҳим аҳамият касб этган тармоқ – Санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этишга 200 миллион доллар йўналтирилаётгани коронавирусга қарши янада мардонавор курашишимизга имкон яратади.

Президентимиз ўз маърузасида: “Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таҳлилларига кўра, пандемия хавфи ҳали узоқ вақт сақланиб қолиши мумкин. Демак, инсоният бошидаги синовлар яна қанча давом этишини ҳеч ким аниқ айтиб бера олмайди... Мана шундай шароитда ким ютади? Тўпланган тажриба шуни кўрсатмоқдаки, кучли ва самарали бошқарув тизимига эга бўлган давлатлар пандемия хавфини ўз вақтида ва бир ёқадан бош чиқариб, бартараф этишга ва бу курашда енгиб чиқишга қодир бўлади. Буни Ўзбекистоннинг пандемия давридаги кураш тажрибаси ҳам исботлаб турибди”, дея таъкидлади. 

Шунингдек, мураккаб шароит бўлишига қарамасдан кенг қамровли ислоҳотлар, янги Ўзбекистонни барпо этиш сари ташлаётган дадил қадамларимизни давом эттиришимиз зарурлигини қайд этди.

Энг қувонарлиси, давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили деб эълон қилиш таклиф этилди ва қатнашчилар томонидан бир овозда маъқулланди.

Бу бежиз эмас, чунки ёшларга эътибор юрт-миллат келажагига бўлган эътибор ҳисобланади. Оғир пандемия даври эса аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасининг ҳам нақадар муҳим эканлигини яна бир карра исботлади. Шу жиҳатдан 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб номланиши айни муддао бўлди. Бу эса тиббиёт соҳасининг янада тараққий этишида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис Мурожаатномада келгуси йилларда соҳани ривожлантириш йўлида қандай туб ислоҳотлар амалга оширилиши қайд этилди.

Жумладан, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ишларини жадаллаштириш белгиланди. Бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори ўрнига оилавий шифокор ва унга 5 та ёрдамчи-ҳамширадан иборат тиббий бригадалар ташкил қилинади. Шунингдек, тиббий хизматлар кўрсатишда бирламчи бўғин қамровини кенгайтириш мақсадида келгуси 3 йилда 315 та оилавий шифокор пункти ва 85 та оилавий поликлиника ишга туширилади. Тизимни малакали кадрлар билан тайёрлаш мақсадида эса “қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ҳудудларда иш бошлайдиган минг нафардан ортиқ врачларга 30 миллион сўмдан ёрдам пули берилади ҳамда улар хизмат уйлари билан таъминланиши кўзда тутилмоқда.

Албатта, бу ўзгариш ва янгиланишлар тиббиётнинг бирламчи бўғинининг сифатли тиббий хизмат кўрсатиш салоҳиятини кўтариши, тармоқ фаолиятидан аҳолини рози қилиши, шубҳасиз.

Бундан ташқари, Мурожаатномада она ва бола саломатлигини сақлаш тизимига алоҳида эътибор қаратилди. Бу тизим халқимизнинг эртасини бунёд этувчи маънан етук, жисмонан соғлом ёш авлодни вояга етказиш йўлида муҳим аҳамият касб этади. Кейинги йилдан бошлаб, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади. Бу жараён билан 2021 йилда 11 миллион нафар, 2022 йилда 17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ва бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши қайд этилди.

Шунингдек, аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонликни 25 фоизга камайтириш кўзда тутилмоқда.

Мурожаатномада оққон ва бошқа оғир гематологик касалликларга чалинган фуқароларни дори-дармон билан таъминлаш, уларни моддий-ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор берилди. Жумладан, онко-гематология соҳаси ҳамда даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича мураккаб диагностика ва тиббий амалиётлар учун бюджетдан 250 миллиард сўм ажратилиши ҳамда ўткир буйрак етишмовчилиги бўлган 5 мингдан ортиқ бемор эса илк бор бепул гемодиализ хизмати билан қамраб олиниши белгиланди.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Мурожаатномасида соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга юксак эътибор қаратилган. Бу эса соҳа ходимлари зиммасига улкан масъулият юклайди. Келгуси йилда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга ошириладиган туб ислоҳот, янгиланиш ва ўзгаришлар нафақат халқимизнинг бугуни, балки эртасининг ҳам порлоқ бўлишига хизмат қилади. Боиси аҳоли саломатлигини сақлаш соғлом авлоднинг дунёга келиши, уларнинг ҳар томонлама етук бўлиб униб-ўсишида муҳим ўрин тутади.

Белгиланган вазифаларни бажариш, соғлиқни сақлаш тизимида янгиланишларни амалга ошириш тиббиёт соҳаси вакилларидан ҳам машаққатли меҳнат, фидойиликни талаб этади. Оқ халат соҳиблари бу борада ҳам давлатимиз раҳбари, бутун халқимизнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилади.

Абдуҳаким ХАДЖИБАЕВ,

Соғлиқни сақлаш вазири.


Report Page