АЗИЗ ҲАМШАҲАРЛАР!

АЗИЗ ҲАМШАҲАРЛАР!



Қадрли ва муҳтарам ватандошлар!

Авваламбор, сиз азизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, нуроний отахон ва онахонларимизни, қадрли ака-укаларимиз, опа-сингилларимизни, азму шижоатли ёшларимизни, иймон-эътиқодли халқимизни муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан табриклаб, самимий тилакларимни билдираман.

Рамазони шариф эзгулик, хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи сифатида эл-юртимизнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида азал-азалдан алоҳида ўрин эгаллаб келади.

Ушбу қутлуғ ойда сабру қаноат, шукроналик, руҳий покланиш, меҳр ва кўмакка муҳтожларга янада эътиборли бўлиш, савобли амаллар қилишдек олижаноб фазилатлар бу йил шаҳримизда ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён бўлди, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.

Мард ва матонатли шаҳримиз аҳолиси коронавирус пандемияси, бошимизга тушган турли синовлар ва табиий офатлар шароитида “Оллоҳ сабр-тоқатли инсонлар билан биргадир”, деган илоҳий ўгитга амал қилиб, тушкунликка берилмасдан, янада аҳил ва бирдам бўлиб, инсонпарварлик, ҳамжиҳатликнинг юксак нумунасини кўрсатмоқда.

Шу маънода, бугунги қийинчиликлар албатта ўтиб кетади, ҳали қанча хурсандчилик кунлар, байрам ва ҳайитларни барчамиз биргаликда нишонлаймиз, деб ишонаман.

Буюк бобомиз Имом Бухорий ҳазратларидан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек, «Чинакам мусулмон ўзига раво кўрган барча яхшиликларни бошқа инсонларга ҳам раво кўради».

Дарҳақиқат, ҳаётда эзгу ва савоб амалларни бажариб, оиласи, фарзандлари, эл-юртининг бахту саодатини ўйлаб, ҳалол меҳнат қилиб яшаш мусулмон аҳли учун иймон-эътиқоднинг муҳим шарти ҳисобланади.

Ишончим комил, дину диёнатимиз ва замон руҳини қалбимизга чуқур сингдириб, бугунги ҳаётнинг ўткир талаби бўлган илм-фан, инновация ва тараққиёт ютуқлари билан қуролланиб, Ватанимиз равнақи йўлида астойдил хизмат қилсак, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга албатта етамиз.

Сиз, азиз шаҳримиз аҳолиси ҳамда ватандошларимизни муқаддас Рамазон ҳайити билан яна бир бор чин юракдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Нияти пок, мақсадлари улуғ халқимизнинг шу табаррук кунларда қилаётган барча ибодатлари, эзгу дуолари ижобат бўлсин!

Муқаддас айём – Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!   

 

Ҳурмат билан:

ҲОНОБОД ШАҲАР ҲОКИМИ: М.Х.ТАЖИБАЕВ


Report Page