АЁЛЛАР ВА ЁШЛАРГА ЭЪТИБОР – БУГУНГИ КУННИНГ ЭНГ ДОЛЗАРБ ВАЗИФАСИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари”ни шакллантириш юзасидан кўрсатма берилган эди. Бу рўйхатлар “темир дафтар”дан алоҳида бўлади. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилади. Бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли ишлаш йўлга қўйилади.

Шаҳрихон туманида ҳам секторлар кесимида бу долзарб вазифа ижросини таъминлаш борасида тизимли ишлар давом эттирилмоқда. Бугун туман ҳокими Ҳикматилло Дадахонов ўзи бошчилик қилаётган 1-сектор ҳудудидаги Андижонлик, Қайрағочгузар, Навбаҳор ва Бўстон маҳаллаларига бориб, ишчи гуруҳлари билан биргаликда, хонадонларда бўлди.

Бу жараёнда туман раҳбари аёллар ва ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, мазкур дафтарларни шакллантириш билан биргаликда, унга киритилган аёллар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шаҳрихон тумани ҳокимлиги
матбуот хизмати