АЁЛЛАР УЙЛАРИДА ТАРОВИҲ НАМОЗИНИ ҚАЙ ТАРЗДА АДО ЭТАДИЛАР?

АЁЛЛАР УЙЛАРИДА ТАРОВИҲ НАМОЗИНИ ҚАЙ ТАРЗДА АДО ЭТАДИЛАР?

@DONIYORQORI
Савол: Уйда таровиҳ намозини ўқиш тартиби қандай? Аёл киши таровиҳни ўзи ўқиши учун Қуръонни тўлиқ ёдлаган бўлиши шартми ёки фақат ўзи ёд олган сураларини ўқиши кифоя қиладими?

Жавоб:
Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
Аслида, Аллоҳ таоло охират неъматларини эркак ва аёллар учун баробар инъом этди. Ҳар иккисига улуғ ажр-мукофотларни ваъда қилди.

Бинобарин, амаллар борасида ҳам улар тенгдирлар. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса аёл киши инсонийликда эркак киши билан баробар эканини айтганлар ва: «Аёллар эркакларнинг туғишганларидир!» деб марҳамат қилганлар. 
(Абу Довуд ривояти) 

Илло, улар орасидаги баъзи бир шаръий ҳукмлар бундан истиснодир.

Таровиҳ намози эркакларга ҳам, аёлларга ҳам суннатда жорий қилинган. Шунга кўра, таровиҳни ўқиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидан бери суннат бўлиб келмоқда.

1️⃣ Аёл киши масжиддан кўра ўз уйида намоз ўқигани маъқул. Бу фарз ва нафл намозларга, шу жумладан таровиҳ намозига ҳам тааллуқли.

Аксар уламолар бу ҳақда қуйидагиларни таъкидлайдилар: 
Аёл киши намозини уйда адо этгани масжидда намоз ўқиганидан кўра афзалдир, хоҳ у фарз ёки нафл намози бўлсин, шу жумладан таровиҳ намозини ҳам.

2️⃣ Аёллар уйда эрларисиз таровиҳ намозини ӯзлари ӯқишга тӯғри келиб қолса, унда ёш ӯғил фарзандлари бӯлса-ю, у Қуръон ӯқишни билса, унга ҳам иқтидо қилиб ӯқишлари мумкин. Бунга далил Оиша розияллоҳу анҳонинг қули Заквон рамазонда мусҳафга қараб Оиша розияллоҳу анҳога имомлик қилганлигидир. 
(Бухорий ривояти (1/245)

3️⃣ Уламолар аёл киши аёлларга имомлик қилишини жоиз деганлар.
Бунга Абу Довуд ривоят қилган қуйидаги ҳадис далил бўлади: "Умму Варақа бинти Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан уйида бир муаззин тайинлаб олишга рухсат сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат бердилар ва уни уйидаги аёлларга имомлик қилишга буюрдилар." 
(Ҳасан ҳадис)

Изоҳ: Аёл киши аёлларга имомликка ўтганида, олдинга чиқмайди. Балки, биринчи сафнинг ўртасида туради. Чунки, Умму Салама онамиз аёлларга имомлик қилганларида, улар билан бир сафда (яъни олдинга чиқмаган ҳолда) турганлар. 
(Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да (533 (315)\2) 

Шунингдек, аёллар ҳам сафда зич бўлиб турадилар. Негаки, бу борада аёл билан эркак ўртасида фарқ бор эканига бирон бир далил йўқ.

4️⃣ Демак, аёллар жамоат бўлиб таровиҳ ўқимоқчи бўлсалар, аввал ҳуфтон намозини ўқиб оладилар. Имомлари балоғатга етган, Қуръон ӯқишни яхшироқ биладиган аёл киши бўлса, биринчи сафнинг ўртасида туради. Ёш бола ҳуфтон намозига имом бўла олмайди. Имомликка ярайдиган аёл бўлмаса, ҳамма ўз ҳолича ҳуфтоннинг фарзини ўқиб олади. Сўнг ҳамма ўз ҳолича ҳуфтоннинг суннатини ўқийди. Кейин эса имомликка ярайдиган аёл ёки, энг яхшиси, ёш бола уларга ўртада олдинда туриб таровиҳ ўқиб беради. 

Балоғатга етмаган ёш боланинг кишиларга имом бӯлиб ўтиши борасидаги имом Абу Ҳанифа ва Моликнинг фикрича, "ёш бола нафл намозларда имомга ўтса бўлади, фарз намозларда эмас".

Бинобарин, таровиҳ намози ҳам нафл намозлар сирасига киради. Аммо, имомликка ӯтадиган бола балоғатга етмаган бӯлса ҳам, намозни севувчи, унинг арконларини яхши билувчи ва қироати ҳам дуруст бӯлиши шарт.

Мабодо, аёллар ӯзлари алоҳида намоз ӯқисалар-у, Мусҳаф(Қуръон) га қараб узунроқ сураларни ӯқимоқчи бӯлсалар, унда ҳеч қандай ҳараж (танглик) йӯқ, чунки бунга рухсат бор. Аввало, бу – нафл намоз. Қолаверса, Оиша онамизга имомликка ӯтган қуллари Заквон ҳам Мусҳафга қараб тиловат қилгани зикр қилинган.

Бунда кӯзга яқинроқ жойга бирор стол устига Мусҳафни очиб қӯйиб, кӯз қири билан бемалол ӯқиш мумкин.

Изоҳ: Аёллар кўчага чиқганларида табарруж билан, яъни зийнатланмасдан чиқса ва фитнага сабаб бўлиши хавфи бўлмаслиги шарти билан таровиҳ намозини ўқиш учун улардан бирининг уйида тўпланишлари жоиздир.

Агар аёллар юқорида айтиб ўтилган шартларга мувофиқ бир уйда тўпланишса, намозни жамоат билан ўқишлари жоиздир. Уларнинг ичида намозга бош бўлганлари сафни олдида эмас, (биринчи) қаторнинг ўртасида туриши керак. Қироатни ҳудди эркаклар сингари овоз чиқариб ўқишлари мумкин. Бунга бирор бир монеълик йўқ. Бироқ, овозларини ӯша ердагилардан бошқа ҳеч ким эшитмаслиги шарт. Ҳатто оддий кунлардаги тонгги бомдод ва кеч тушгандаги шом ва ҳуфтон намозларда шу каби нафл намози бўлсин, аёл киши товушидан фитналаниши мумкин бўлган ажнабий (номаҳрам) эркаклар эшитмайдиган жойда экан, товушини чиқариб жаҳрия ўқиши – мустаҳабдир. 

Зеро, Шариат қонунлари умумий бўлганлиги сабабли, эркак ва аёл учун баробардир. Илло, улар орасидаги баъзи бир шаръий ҳукмлар далиллар асосида бундан истиснодир.

Айрим уламолар имом Бухорий ва Муслимдан ривоят қилинган, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “…Кимда ким намозида бирон иш содир бўлса (масалан, имоми хато қилса, ёки бирон кимсани хатардан огоҳлантириш зарурати туғилса ёхуд эшик тақиллаб қолса) тасбеҳ (яъни "субҳаналлоҳ", деб) айтсин. Зеро, тасбеҳ айтса, унга эътибор қаратилади. Қарсак чалиш эса аёлларгагина хосдир” деган ҳадисларидан келиб чиқиб: "Ушбу ҳадиси шариф овоз чиқариб ўқиладиган намозларни ҳам ўз ичига олади. Яъни, эрталаб бомдод намозида ҳам, кечқурун шом ва хуфтон намозларида ҳам аёл киши овозини эшиттирмасдан ўқийди" деган фикрни билдиришган. 

Аммо бу ҳақда Заркаший роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Уламолар аёл киши (намозда бирон иш содир бўлса) қарсак чалади, дейишган. Шубҳа йўқки, бу ҳукм номаҳрам эркаклар иштирокида ўқилган намозга хос. Шунга кўра, жамоат фақат аёллардан иборат бўлса ёки аёл фақат маҳрамлари билан намоз ўқиса, бу ҳолатда худди уларни ҳузурида овоз чиқариб қироат қилиши жоиз бўлганидек, тасбеҳ айтиши ҳам жоиздир”
(“Муғнил муҳтож”, 1/418), валлоҳу аълам.

Тунги намоз – таҳажжудда ҳам, модомики бошқаларга малол келмас экан, аёл товушини чиқариб ўқиши мумкин. Агар бошқаларга зарар бўлса, товушсиз ўқийди. Кундузги намозлар – пешин ва асрда хотин киши қироатни ӯзи эшитадиган даражада ичида қилади.

Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтдилар:
Аёл киши намозда овозини чиқариб (жаҳрий)ўқиш керак бўлган ӯринда, (яъни бомдоднинг фарзида, шом ва ҳуфтоннинг аввалги 2 раъкатларида) овоз билан ўқиши мумкин, аммо агар у ерда номаҳрам (бегона) эркаклар бўлса, баланд овоз чиқариб ўқиши мумкин эмас.
(Ал-Муғний, 2/17)

5️⃣ Таровиҳ икки ракъатдан ўқилади. Таровиҳ намозидаги ва таҳажжуд намозидаги суннат – ҳар икки ракъатдан сўнг салом беришдир. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тунги намоз икки ракат, икки ракатдан (ўқилади)» деганлар.
(Муттафақун алайҳ)

 Ҳадиснинг зоҳирига кўра, бунда туннинг аввалида ўқиладиган намоз билан туннинг охирида ўқиладиган намоз баробардир.

Аммо асло ихтилоф чиқариш керак эмас. Чунки, Таровиҳ намозининг ракатларини аниқ чегаралаб берадиган бирор очиқ-ойдин ҳужжат - оят ёки ҳадис собит бўлмаган. Имом Шавконий айтганларки: «Бу бобда собит бўлган ҳадисларнинг ҳаммаси Рамазонда таровиҳ намози ўқиш машруъ (шариат ижро қилган)лиги ҳамда бу намозни жамоат ёки якка ҳолда ўқиш мумкинлигига далолат қилади. Аммо таровиҳ намози ракатларини муайян адад билан чеклаб қўйиш ёки унга махсус суралар тиловатини хослаб қўйиш тўғрисида эса бирон-бир ҳадис собит бўлмаган».

Эслатма:

1. Бизда масжидларда икки ракатдан умумий 20 ракат ӯқиш ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврларидан бери жорий бӯлган. Шунга саҳобалар ҳам ижмоъ қилишган. 

6️⃣ Демак, аёл киши имкони борича суннатга амал қилган ҳолда таровиҳ намозини адо қилиши мумкин. Қуръонни тўлиқ ёд билган ҳолда ва намозни узоқроқ ўқишга қодир бўлса, у ўн бир ракат ёки ўн уч ракат қилиб намозни икки-икки ракат ўқиб сўнгида витрни ўқиши мумкин.

Агар намозини узоқроқ ўқишга қодир бўлмаса, Аллоҳ қодир қилганча икки ракатдан намозини ўқиб охирида витр билан намозини якунлаши керак.

Юқорида айтиб ӯтканимиздек, таровиҳ намози ўн бир ёки ўн уч ракатдан иборат бўлиб, ҳар икки ракатдан кейин салом бериб тугатилади ва охирида витрни қўшиб якунлаш тавсия этилади. Аммо кимдир йигирма ва ундан ортиқ ракат намоз ўқиса, бунда ҳам ҳеч ҳараж (танглик) йўқ. 

Зеро, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тунгги намоз икки-икки ракат адо этилади. Агар бирортангиз тонг кириб қолишидан қўрқса, у ҳолда бир ракат ӯқиб тугатсин...», деб айтганлар.
(Муттафақун алайҳ)

Аёл киши уйида таровиҳ ўқиши учун Қуръонни ёд олган бўлиши шарт эмас. Агар у Қуръонни тўлиқ ёд билса ёки ёдлаганлари кўп бўлса ўзи билган ва ёдлаганлари билан намоз ўқийверади.

Агар уйда намозини адо этадиган даражада Қуръонни ёд билмаса, унда Мусҳафдан, яъни Қуръонга қараб намоз ўқишда унга бирон айб йўқ. Бу эркакларга ҳам тегишли. Чунки бу ерда Мусҳафга қараб ўқишга эҳтиёж ва зарурият бор.

Таровиҳ намози ўқиладиган масжид бўлса ҳам, аёл ўз уйида намоз ўқигани маъқулроқ ва агар у ўз уйида намоз ўқиса, уйдаги бошқа аёлларнинг намозда унга эргашишида айб йўқ. 

Таровиҳ намозида хатм қилиш афзал, аммо шарт эмас. 

Валлоҳу аълам.

Дониёр Файз манбалар асосида тайёрлади

«Doniyorqori» каналига уланиш  

Report Page