АЁЛ ВА АДАБИЁТ: ТАРИХ ВА ТАЛҚИН

АЁЛ ВА АДАБИЁТ: ТАРИХ ВА ТАЛҚИН


 


Аёл… Асрлар давомида адабиёт ва санъатнинг илҳом манбаи, муҳим образи, аҳамиятли воситаси бўлиб келди. Палеолит даврида илк ҳунармандчилик намуналари бўлмиш ҳайкалчаларда ҳам аёл тасвирланиши бежиз эмасди.  Бироқ узоқ вақт давомида патриархал жамиятда аёлларнинг ижтимоий роли суст кечди. Кўп асрлик тарих бизга кўрсатдики, аёллар ўзини тўла намоён қила олишмади ва юқори ижтимоий ролларга даъвогар бўлишолмади.  

Фақат Уйғониш даврида аёлнинг овози баландроқ янгради, у хотин ва она ролидан кўра аҳамият касб эта бошлади. Ҳатто классицизм ва романтизм даврида ҳам аёл маълум чегаралар ичида бўлиб, ўз позициясини билдира олмаган, адабий асарнинг титул варағига ўз исмини қўядию, лекин мамлакати сиёсий ҳаётида қатнаша олмайди. Аммо шундай пайтларда ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини, ғояларини ўқувчига етказишга, аёл ҳам жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўла олишини исботлашга уринган аёллар мавжуд бўлган. Аёллар мавзуси бурунги ва замонавий ёзувчилар учун ҳамиша бирламчи эканини рад этиб бўлмайди. Милоддан аввалги асрларда яшаган Аморглик Семонид «Аёлларнинг феъл-атвори турфа» шеърида аёлнинг ўн турини аниқлаб, уларнинг ҳар бирини қандайдир ҳайвон ёки элементдан келиб чиққан дейди. Масалан, чўчқалардан келиб чиққанлар дангаса ва танбал, эшаклардан келиб чиққанлар ўжар ва шаҳватли. Фақат асаларилар туркумига кирганлар мақтовга сазовор яхши хулқ-атвори ва меҳнатсеварлиги билан ажралиб туради. Семониднинг аёл типлари каталоги юнонларнинг аёлларга нисбатан скептик муносабатини кўрсатибгина қолмай, балки унга маълум ижтимоий роллар юклаганини ҳам таъкидлайди.

Бир неча асрлар ўтгач, Рим шоири Овидий бу анъанани давом эттиради ва машҳур аёлларнинг ҳаётини ҳикоя қилувчи «Героидлар» шеърий туркумини ёзади. Кўриб турганимиздек, антик даврда муаллифлар аёлларнинг жамият ва тарихдаги ўрни билан қизиқиб, унга маълум ижтимоий ролларни беришган. Антик даврда аёлларнинг мавқеи паст бўлиб, фақат имтиёзли табақадаги аёллар фан билан шуғулланишлари, ёзишлари ва ўқишлари мумкин эди. Буюк империяларнинг турли виллаларида, сокинликда ижод қилган аёллар китобхонлар учун эмас, балки ўзлари учун ёзишган. Аммо жамият пойдеворини силкита олганлар ҳам бор эди. Илк адибалардан бири Аспазия (милоддан аввалги 470-400 йиллар) ўқимишли, билимли аёл бўлиб, эрининг таъсири билан машҳур зиёлиларни меҳмон қилиб, илмий суҳбатлар олиб борар ва шеърларини ўқирди.

Қадимги Мисрда Троя урушининг афсонавий шоираси Фантазия (милоддан аввалги XII аср) Ҳомер даҳоси адабиётга келишидан олдин ҳам бу воқеа ҳақида шеърлар ёзиб, аёлнинг ҳар қандай жанрда ижод қила олишини исботлаган. Бироқ унинг асарлари Ҳомерникидан анча кечроқ кашф этилган ва ҳаёти давомида уларни ҳеч кимга кўрсатмаган. Замондошлари «аёл Ҳомер» лақабини олган спарталик Клайтагорани кўпинча Фантазия билан солиштиришади. У Аристофан томонидан ўша даврнинг энг ақлли аёлларидан бири сифатида тилга олинади. Эпик, нафис ва лирик шеърлар яратган, бу шеърлари билан ўз ватанида шуҳрат қозонган, тарихга кирган буюк Ҳомернинг онаси Миро ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Бу аёлларнинг интеллектуал роли фақат шахсий ҳаёт билан чегараланган ва улар ўзларининг завқ-шавқлари учун бегона кўзлардан узоқда яшашган. Муваффақиятга эришган биринчи аёл ижодкор милоддан аввалги 630-йилларда яшаган юнон шоираси Сафо эди. Сафо тарихда машҳур бўлган биринчи шоира бўлиб, у шеърларини омма олдида ўқиган ва қизлар мактаби – “Музалар уйи”ни яратиб, у ерда қизларга санъатни ўргатган. У ўз мамлакатининг сиёсий ҳаётида қатнашган ва Юнонистон чегараларидан ташқарида ҳам танилган. Унинг севги ва ҳаёт қувончларини куйлаган шеърлари бутун Эвропага тарқалган. У Овидий, Ронсард, Бодлерни илҳомлантирган. Сафонинг тўй қўшиқлари, достонлари барча даврларга ўрнак бўлди, яратган соф байтлари шоирлар томонидан кенг қўлланилди. Кейин ёзувчи аёллар саҳнани тарк этган узоқ давр бошланди.

Ўрта асрларда ва Уйғониш даврининг бошида, трубадурлар туфайли Ғарбий Европада «Гўзал хоним» образига сиғиниш култи пайдо бўлди ва Европа маданиятида аёлларга бўлган муносабатда сезиларли ўзгаришлар юз берди. Данте Алигери (1265-1321) бошчилигидаги италян шоирлари аёлларни шарафлаш анъаналарини мустаҳкамладилар. Франческо Петрарка (1304-1473) Лауранинг ғайриоддий фазилатлари ва гўзаллигини улуғлаб куйлади. Жованни Боккаччо (1313-1375) ўрта асрлар концепциясидан фарқли ўлароқ, «Машҳур аёллар ҳақида» китобини ёзди. Унда қадимий мифология, Инжил, замонавий тарихдаги 106 та аёл таржимаи ҳоли мужассам эди. Боккаччонинг асари қизиқ, чунки унинг аёллари идеал эмас, айримлари ёмонликлари эвазига ҳам тарихда қолишган. Шунга қарамай, Данте ва Петрарка давридаги фаришта аёл қиёфаси Европада аёллар жамиятдан нисбий изоляция қилинган пайтгача ўз аҳамиятини сақлаб қолди.

Аёллар эркаклар билан тенглик учун кураша бошлаганларида, «фаришта аёл қиёфаси», айниқса, патриархал анъаналари ҳимоячилари томонидан талаб қилина бошлади. Олий Уйғониш ва Классизм даврида энг машҳур аёллар ҳақида ҳикоя қилувчи кўплаб китоблар нашр этилган, олий мартабали хонимлар ва маликалар ҳақида ҳам мақтов сўзлари, шеърлар ёзилган. Аёллар ҳақда энг машҳур асарлардан бири бу, бутун дунёда ўқилган Аббот Ла Портенинг «Француз аёллари адабий тарихи» (1759) эди. Уч йил ўтгач, академик Том «Турли асрлардаги аёлларнинг характери, ахлоқи ва руҳияти ҳақида эссе»ни нашр этди. Муаллиф жинслар ўртасидаги муносабатлар ва аёлларга зулм сабабларини тушунишга ҳаракат қилади. Аёлларнинг роли масаласига Буюк Франция инқилоби таъсир кўрсатди, бу нафақат жамиятдаги синфий ролларни, балки умуман ҳаёт тарзини ҳам ўзгартирди. Бироқ 1804 йилда император Наполеон аёлнинг фуқаролик ҳуқуқига эга эмаслиги ва эркакнинг васийлиги остида эканлиги ҳақида фармон чиқарди. Аёлларнинг инқилоб даврида ўз ҳуқуқлари учун кураши барбод бўлди. Адвокатлар «аёл - уй жонивори», эркак эса жамоат вакили эканлигини таъкидладилар. Табиийки, аёл ўз фикрини эркин ёза олмасди. Ҳатто С.Мерешал томонидан «Аёлларга ўқишни ўргатиш тақиқланиши» қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, «шоира аёл - бу ахлоқий ва адабий деформациядир» дейилди. XIX асрдан бошлаб аёлларнинг жамият ва адабиётдаги ўрни ҳақидаги мунозаралар одатий ҳолга айланган. Аёл ва адабиёт муаммосининг замонавий тадқиқотчилари орасидаги Эллен Майерснинг «Ижодкор аёл» (1978) китоби аёллар адабиётининг тарихдаги мақоми ва ролини аниқлашга ҳаракат қилган. Муаллиф аёл ёзувчининг адабиётдаги иккинчи даражали роли ўзини оқламаслигини таъкидлайди ва буни уларнинг асарларини таҳлил қилиш орқали кўрсатишга ҳаракат қилади.

Италияда ўрта аср анъаналари бошқа мамлакатларга қараганда анча олдин қулади, Шимолий Европада шеърияти билан машҳур бўлган аёл пайдо бўлди. Унинг исми Витториа Колонна (1490-1547) эди ва у Микеланжелонинг дўсти бўлган. Бембо, Ф.Молтс ва бошқа машҳур италян гуманистлари шодлик умидлари ва ўзгармас эътиқодлари билан тўла дунёга, Худога бўлган муносабатини ифода этган шеърлар ёздилар. Бу аёл эпистоляр жанр устаси сифатида ҳам танилган ва унинг мактублари юксак услуб намунаси бўлиб хизмат қилган. Виттория Колонна ёзувчиларнинг кейинги авлоди учун қулай замин яратиб, ўз мисолида аёл ҳам яратишга қодир эканлигини кўрсатди. 1558 йилда Франция қироли Френсис II нинг синглиси Маргарет (1492-1549)нинг «Гептамерон» ҳикоялар тўплами нашр этилди. Бу етмиш икки ҳикоядан иборат тўплам бўлиб, Боккаччонинг «Декамерон»ига тақлидан ёзилганди. Қиролича бутун умрини сарой ҳаётидан қизиқарли ҳикоялар тўплаш билан ўтказди ва улар ҳақида ўқувчига тарбияловчи ва ибратли тарзда сўзлаб берди. Бу шунчаки қизиқарли ҳикоялар эмас, балки XVI асрдаги жамият ҳаётининг ахлоқий эскизлари ҳамдир. Қиролича ўз қаҳрамонларининг тили билан ёш хонимларга маслаҳатлар беради, ўзларининг шов-шувли ҳаёти билан машҳур бўлган роҳибларни масхара қилади, ижтимоий адолатсизлик ва иллатларни қоралайди. У ўз даврининг энг ақлли аёлларидан бири сифатида ўз замондошлари томонидан севилиб, ҳурматга сазовор бўлган ва умри давомида шуҳрат қозонган. Маргарита аёллар черков таъкидлаганидек, хиёнаткор мавжудотлар эмас, балки эркакнинг ҳаётида қўллаб-қувватловчи ва ёрдам берувчи одам эканини исботлади. Чет элликлар Францияга келганларидан кейин тез-тез айтишарди: «Кимки Маргаритани кўрмаган бўлса, у Францияда бўлмаган». Маргарита мамлакатнинг сиёсий ҳаётида иштирок этди ва биринчи бўлиб аёлларнинг жамиятдаги ролини эълон қилди, аёллар ҳуқуқлари бўйича манифест ёзди.  

Бошқа мамлакатларга келсак, вазият анча мураккаб эди. Венеция Республикасида аёллар кутубхоналарга киритилмаган ва тарихчиларнинг таъкидлашича, дераза ёнида ўтириб ичкарини кузатардилар. Олийнасаб хоним ўзини ақлли кўрсатмаслиги керак ва бу қанчалик парадоксал бўлмасин, фақат зодагонлар китоб ўқишлари ва шеър ёзишлари мумкин эди. Уйғониш даври Италия адабиётида сезиларли из қолдирган машҳур Вероника Франко шундай хоним эди. Уйғониш анъаналари кейинчалик амалга оширила бошлаган Россияда таълим соҳаси бутунлай эркаклар қўлида бўлган ва София Палеолог ўзининг шахсий кутубхонаси билан қироллик саройига келганида, бу боярлар учун ақлга сиғмас ҳол бўлган. София кўп ўқиган ва ёзган, чет тилларини ўрганган. Рус халқи ва зодагонлари унга ишончсизлик билан қарашди, лекин у нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам таълимини яхшилашга ҳисса қўшган.

XVII-XVIII асрлар келиши билан дунё тез суръатлар билан ривожлана бошлади. Бу давр аёллари бир аср аввалгига қараганда кўпроқ имтиёзларга эга эдилар. Улар ўз билимларини оширдилар, мамлакат ҳаётига аралашдилар ва баъзи ҳолларда унда иштирок этишлари мумкин эди. «Шахсий ҳаёт» деб аталадиган тушунча пайдо бўлди, билим алмашишди ва тор доираларда йиғилишди, шоиралар ўз асарларини ўқидилар. Бу адабий салоннинг энг машҳури мадам де Рамбуе (1588-1665) саройида кечган, унда ўз даврининг энг маълумотли одамлари тўпланган. Кейинчалик бу оқшомлар шу қадар машҳур бўлдики, ҳар қандай ижодкор у ерга боришни ва илтифотли кутиб олинишни орзу қиларди. Айрим аёллар ўз асарларига имзо қўйса, сотиб олинмаслигидан қўрқиб, эркак номи билан нашр эттирарди. Адабий салоннинг яна бир машҳур эгаси ўз даврининг жанжалкаш, ақлли ва билимли аёли Нинон де Ленcлос (1615-1705) эди. Бу аёл ўз қоидалари бўйича яшаб, динни бутунлай рад этган эди, бу ўша давр учун жуда даҳшатли эди. Унинг китобларидаги қаҳрамонлар француз адабиётида мустаҳкам ўрин олди.   

Италияда биринчи бўлиб венецияликлар ўз тақдирини ҳал қилиш ҳуқуқини эълон қилдилар. Арканжела Таработти ўн бир ёшида монастирга юборилган, у «Аёлларнинг дабдабага қарамлиги ҳақидаги сатирага жавоб», «Оталар зулми ёки алданган бегуноҳлар», «Монастир жаҳаннами» каби кўплаб асарлар ёзган. Бу асарлар нашр этилмаган, аммо қўлёзмаларда сақланиб қолган. «Мен ҳақли равишда бу китобни қизлар бошқа ерларга қараганда кўпроқ монастирлик қасамёдини қилишга мажбур қилган Республикага, қизларни монастирларга жойлаштирадиган Сенатга бағишлайман, уларни бир умр бокираликни сақлашга ундашади, таналарини қийнашга, диний қўшиқ айтишга ва доимий ибодат қилишга мажбур қилишади», дейди Арканжела. У аёлларни қимматбаҳо заргарлик буюмлари ва тилла тақинчоқлар билан безаб, уларга қимматбаҳо матолар кийдириб, кейин оилаларнинг бузилишида барча айбни уларнинг зиммасига юклагандан кўра, қизларнинг онгини ўстириш ва бузғунчиликдан қутқариш яхшироқ, деб ҳисобларди.

XVIII аср адабий ҳаётида аёлларнинг иштироки янада сезиларли бўлди. Фидойилик, ҳалоллик, уятчанлик ва ҳаё, энг муҳими, тежаш қобилияти - бу ҳамон эркаклар аёллардан талаб қиладиган фазилатлар эди. 1723 йилда Падуа университетида таълимни аёллар учун очиқ қилиш керакми, деган масала бўйича мунозара бўлиб ўтди. Бироқ, консерваторлар таклифни даҳшат билан рад этишади. Аёллар, улардан фарқли ўлароқ, салонларни шакллантиришни бошлайдилар. Ҳатто «Амазонлар уйи» ҳам бор эди, у бир неча бадавлат зодагон аёллар томонидан бошқарилган. Луиза Бергалли (1707-1779) барча шоираларнинг ҳимоячисига айланади, хусусан, ўтмиш шоирларининг шеърларини ўз замондошлари ижоди билан уйғунлаштирган бир қанча антологиялар нашр эттиради.

Элизабетта Cаминер Турра (1751-1796) интеллектуал ҳаётда тўлиқ иштирок этиш учун курашди, бу кейинчалик унинг шиори, маданий дастурига айланди. У журналистика ва театр соҳаси доираларида салон стюардессаси ролини ўйнайди. У отасининг иродасига қарши ҳаракат қилиб, «Энциклопедик журнал» номли газетани интеллектуал кураш ва мулоҳазалар минбарига айлантирди. Тез орада нашр бутун Италия бўйлаб тарқалди, Англия ва Франциядан келаётган янги ғояларнинг хабарчисига айланади.

XIX аср бошларига тўғри келган романтизм даврида мадам де Стал (1766-1817) асарлари жуда машҳур бўлган. Анне де Стал адабиётни ўз касбига айлантирди ва нафақат романлар, балки илмий мақолалар ҳам ёзди. У ижтимоий нормаларга қарши курашди, адабиёт ва жамиятда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилди. Унга шон-шуҳрат келтирган «Делфин» романи жамоатчилик фикри деспотизмига қарши тенгсиз курашга кирган юксак иқтидорли аёлнинг бахтсиз тақдири ҳақида ҳикоя қилади. Мадам де Стал Гёте, Шиллер, Гумболдт ва Винченсо Монти билан таниш эди. У жамиятнинг асослари, ахлоқи ва замонавий одамларнинг ижтимоий роли билан боғлиқ саволлар билан қизиқди. Кўпгина замондошлари унинг фикрини инобатга олди. Францияда роман жанрининг гуллаб-яшнаши даврида, адабий соҳада аёл пайдо бўлди, унинг номи кўпчилик томонидан феминизм ва аёлларни озод қилиш ғояси билан боғлиқ эди. Жорж Санд исмли эркак имзоси билан ёзган Аурора Дупин (1804-1876) ўзининг илк асарлари билан кенг шуҳрат қозонди. У жуда ғайриоддий аёл эди: замонавий жамиятдаги аёлларга хос тортинчоқлик ва бошқа нотўғри қарашларни бир четга суриб, эркак костюмини кийиб, от миниб, ўз тақдирининг бекаси бўлди. Аёлнинг севгига бўлган ҳуқуқи адиба томонидан кўплаб асарларда ҳимояланган, масалан, «Валентина» романи оилавий ҳаётда муҳаббат кўрмаган, камтар боғбоннинг шахсида севги топишга умид қилган ёш аёл ҳақида ҳикоя қилади. Қаҳрамон қиз бахт излаб, ҳақиқий севгисини топишдан олдин бир нечта эркаклар билан танишадиган «Лелия» романи жамоатчиликни ҳайратда қолдирди. Жорж Санднинг кўпгина романлари автобиографикдир ва эҳтимол, шунинг учун кўплаб ўқувчилар унинг асарлари қаҳрамонларида ўзларининг бир қисмини топардилар.

Англияда адибалар долзарб муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилдилар ва ўзларининг қаҳрамонлари мисолида ғоя учун ўзини қурбон қилиш мумкинлигини кўрсатди. Жейн Остен (1775-1817) ҳақли равишда инглиз адабиётида реализм анъанасини бошлаган ёзувчи ҳисобланади. Унинг «Ғурур ва андиша», «Эмма» каби асарлари самимийлиги ва сюжетининг соддалиги билан ўзига ром этади. Замондошлари унга инглиз адабиётининг «Биринчи хоними» номини беришган.  Шоир Перси Шеллининг рафиқаси Мери Шелли (1797-1851) шахсий бахтга қандай қилиб индивидуаллик ва ўзига хосликни йўқотмасдан эришиш мумкинлигини ўз мисолида кўрсатди. Унинг ажойиб асари «Франкенштейн ёки замонавий Прометей» (1816) илмий фантастика жанрига асос солган (мазкур асар ўзбек тилида «Ёшлик» журналида нашр қилинган). Опа-сингил Бронтелар - Шарлотта (1816-1855), Эмили (1818-1848) ва Анн (1820-1849) катта маҳорат билан кучли характерга эга аёллар ҳақида ҳикоя қилдилар. Уларнинг қаҳрамонлари нафақат ёш хонимлар, балки қуйи табақадаги қизларнинг ҳам кумирига айланиб, жамиятда мавқеи йўқлигига қарамай, ҳаётда муваффақиятга эришиш мумкинлигига мисол бўлди.

Америкалик ёзувчи, журналист ва танқидчи Маргарет Фуллер (1810–1850) биринчи бўлиб бутун дунёда аёллар ҳуқуқлари учун сиёсий курашга ошкора қўшилди. Айнан унинг шарофати билан кўплаб аёллар касаба уюшмаларини туза бошладилар ва узоқ вақтдан бери эскирган ва ўтмишда қолиб кетган пойдеворларни йўқ қилдилар. Унинг «Ўн тўққизинчи асрдаги аёл» китоби (1845) Қўшма Штатлардаги феминизмнинг биринчи муҳим асари ҳисобланади. «Жамият аёллар олдида ўрнатган барча тўсиқларни йўқ қилиш керак», дейди Фуллер ўзининг китобида. Шундай қилиб айтиш мумкинки, аёллар бу паллада ҳуқуқлари учун очиқ кураш олиб, адабий соҳада ўзини намоён қила бошлаган.

Адабиёт жамият ҳолатининг инъикосидир, у билан бирга ўзгаради. XX асрда биз барча соҳаларда, жумладан, адабиётда ҳам кўпроқ аёлларни учрата бошладик. Аёллар адабиётига ишонч кучайди, одамлар унга эътибор бериб, қадрлай бошладилар. 1909 йилда Селма Лагерлоф адабиёт бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлган биринчи аёл бўлди. Биз унинг асарини болалигимизда ўқиганмиз: айнан у «Нилснинг ёввойи ғозлар билан ажойиб саёҳати» эртагини ёзган. XX эса аёл ижодкорлар учун том маънода ўзини намоён қилиш даври бўлди. Британиялик ёзувчи, кўплаб детектив романлар муаллифи Агата Кристи Гиннеснинг рекордлар китобига барча даврларнинг энг кўп сотилган илмий-фантастик китоби сифатида киритилган. Унинг асарларидаги аксарият сюжетлар ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтади, бу эса ўқувчига жиноятчининг кимлигини тахмин қилишга уриниш имконини беради. Кристи Британия империяси ордени қўмондони унвонига сазовор бўлган. Пулицер мукофоти совриндори, америкалик ёзувчи Ҳарпер Ли 1960-йилда чоп этилган «Мазахчининг ўлими» романи билан танилган. Бу асар 2006 йилда Британия кутубхоналарида Библиядан юқори ўринни эгаллаб, «Ҳар бир етук одам ўлишидан олдин ўқиши керак бўлган асар» деб аталган. Америка адибаси Маргарет Митчеллнинг (1900-1949) «Шамолларда қолган ҳисларим» романи Қўшма Штатларда Инжилдан кейин иккинчи энг машҳур роман бўлиб турибди. Француз адибаси, феминист ва файласуф Симона де Бовуар Сарбонна университетини битирган кам сонли аёллардан эди. У аёлларга асрлар давомида ожиза деб қаралишига қарши бўлган. Бу муаммони «Иккинчи жинс» асарида чуқур таҳлил қилган. Роман асрнинг энг шов-шувли китоби бўлди, унинг атрофидаги мунозаралар тинмади.   

Ёзувчи ўз асарларида ҳамиша олам ҳақидаги тасаввурини ифодалайди ва бу қараш қанчалик ноодатий бўлса, ҳикоя шунчалик эсда қоларли бўлади. Дунёни ўзига хос тарзда кўрган Виржиния Вулф (1882-1941) модернизм даврининг ёрқин шахси эди. Вулф ўзининг эркинликни севувчи ахлоқи ва бадиий изланишга интилиши туфайли Блумсбери кенгаши аъзоси бўлган. Бу унинг ижодига катта таъсир кўрсатди. «Орландо» романи машҳур тарихий биография жанрининг ёрқин пародиясидир. Адиба «Шахсий хона» эссесида ҳар бир аёл ижодкорнинг ўз хонаси ва даромади бўлиши кераклигига эътибор қаратади. Урсула Ле Гуин. Кўринишидан, бу исм унчалик таниш эмас, аммо у энг кўзга кўринган ва номдор илмий-фантастик ёзувчилардан бири эди. Кўпинча аёллар ишқий романлар ва сентиментал шеърлар ёзаётган бир пайтда унинг илмий жанрга қўл уриши диққатга сазовор ҳодиса бўлган.

  Эрон адабиётга икки номни туҳфа қилди: Анита Амирезвани ва Маржане Сатрапи. Уларнинг шарофати билан биз учун сирли ва жуда ёпиқ бўлиб кўринган жамиятга ички назар билан қарашимиз мумкин. Яна бир исм: Тони Моррисон. У 1988 йилда Пулицер мукофотини қўлга киритди ва 1993 йилда Нобел мукофотини олди. Унинг асарлари кўпчилик учун жамоат ҳаётининг жуда олис ва нотаниш кўринадиган томонларини очиб беради. Моррисон ўз романларида дунё бошқалардан фарқ қиладиганларга нисбатан қанчалик шафқатсиз бўлиши мумкинлигини, жамият ва унинг меъёрлари нафақат ўзимизга бўлган муносабатимизни шакллантириши, балки у ўз умидлари билан уларни қондира олмайдиганларни қандай шикастлаши мумкинлигини аниқ кўрсатиб беради.

Рус адабиётидаги ёрқин шоира Анна Ахматова 11 ёшида Александр Пушкиндан илҳомланиб биринчи шеърларини ёзган. Айнан ўша пайтда отаси ёзганлари оила обрўсига путур етказишидан қўрқиб, асли татар бўлган катта бувисининг фамилиясини олишни маслаҳат беради. Унинг ижоди кичик лирик шеърлар ва катта шеърий композициялардан иборат, масалан, Сталин террори ҳақидаги дурдона бўлмиш «Реквием» асари. Яна бир таниқли рус шиораси Марина Цветаева  олти ёшидан шеър ёзишни ва пианино чалишни бошлади. Ўн олти ёшида у Париждаги Сорбоннада ўқиди. 18 ёшида ўзининг биринчи асари «Кечки албом»ни нашр этди, у илгари рус шеъриятида очиқ муҳокама қилинмаган мавзуларга бағишланган шеърлар тўпламини ёзди. Шоиранинг дастлабки асарларида аёлнинг ўзини намоён қилиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида жамият олдига қўйган муаммоси сезилади. Агар Ахматова мумтоз шеърият анъаналарининг сақловчиси бўлса, Цветаева новаторидир.

Ҳозирги асримизда аёл ижодкорлардан кимлар бор? Википедия дунё бўйлаб замондош адибаларни икки юзга яқин рўйхатини тақдим этган. Улар орасидан Жоан Роулинг, Маргарет Этвуд, Стефани Майер, Жожо Мойес, Светлана Алексиевич романлари энг кўп ўқилиб, кўплаб тилларга таржима қилинган ва китобхонлар, адабиётшунослар томонидан кенг муҳокама қилиб келинмоқда. Улар турфа хил жанрда ижод қилишади: кимдир фантастика, кимдир тарихий, ким эса модерн. Муҳими, бу аёллар эркин қалам тебратади, айтиш керакки, бугунга келиб адабиётда аёллар улуши ошиб бормоқда.

Миллий адабиётимиз тарихидаги аёл ижодкорлар борасида маълумотлар кўп эмас. Бу борада илк манбалар Темурийлар давридаги Уйғониш даврига тўғри келади. Маликалар бу даврда илм ва ижод тарихида номларини қолдирган. Жумладан, Мирзо Бобурнинг қизи Гулбадан Бегим (1523-1603) «Ҳумоюннома» номли тарихий асарни ёзган. Асарда Бобурийлар хонадонининг нозик хусусиятлари, урф-одатлар, либослар, ҳаёт тарзи батафсил баён қилинган. Шунингдек, малика ғазаллар ҳам битган. Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган Бобурий шаҳзодалардан учинчиси Жаҳонгиршоҳнинг иккинчи хотини Нуржаҳон бегим ҳам замонасининг истеъдодли шоираси бўлган, сарой мушоираларида ғазаллари билан кўпчиликни лол қолдирган. Унинг Лоҳурдаги қабртошига ўз қаламига мансуб мисра ёзиб қўйилган: Биз ғарибларнинг мозоримизда, на чироқ, на гул, на булбул садосию, на бирор парвонани топмайсан. Яна бир бобурий маликалардан бири Зебуннисо бегим (1639-1702) даврининг етук шоираси ва олимаси бўлиб, ижод аҳлига ҳомийлик қилиб, маош тўлаб борган. Унинг қўлини сўраган шаҳзодалар, аслзодалар саноқсиз эди, бироқ малика оддий шоир йигитга кўнгил қўйганди. Тарихий маълумотларга кўра, отаси Аврангзеб бундан хабар топиб, ошиқ йигитни қатл эттирган. Зебуннисо бу изтиробли айрилиқдан сўнг ўзини фақат ижодга бағишлади ва оила қурмади.

XVIII-XIX асрларнинг кўзга кўринган аёл шоиралари шубҳасиз, Нодирабегим (1792-1842), Увайсий (1779-1845) ҳамда уларинг издошлари Дилшоди Барно, Анбар Отин эди. Улар ўз ғазалларида шарқ аёлларининг дардлари, садоқат, муҳаббат, вафот туйғуларини тараннум этишган. Қўқон адабий муҳитининг шаклланишига катта ҳисса қўшишган.  Нодира ва Увайсий сарой муҳитида яшашганлиги учун уларда ижтимоий қийинчиликлар деярли бўлмаган. Айниқса, Нодира мамлакат маликаси бўлганлиги учун унда моддийликдан қийналган, ижтимоий қийинчиликлар кўрган лирик қаҳрамон образи деярли йўқ. Дилшод ва Анбар Отинлар эса саройдан ташқарида сиёсий вазият бироз мураккаб бўлган муҳитда яшашганлиги учун уларда ижтимоийлик кучли. Шунинг учун уларнинг шеърияти Нодира ва Увайсийникидан фарқ қилади. Уларнинг ижодида бўлгани каби бадиий санъатларни қўллашда ҳам сезиларли фарқни кўришимиз мумкин. Бу даврга қадар адабиётимизда фақат эркак ижодкорлар бўлиб, аёлларнинг муҳаббати, дард-у аламлари, уларнинг нозик кечинмалари, оналик меҳрлари қаламга олинмаган эди.

Йигирманчи асрга келиб адабиётда аёллар дадил кириб кела бошлашди. Зулфия, Зарифа Саидносирова, Саида Зуннунова нафақат ижоди, балки меҳнатсеварлиги, садоқати, фаоллиги билан ўзбек хотин-қизларига ўрнак бўлди. Кейинчалик эса Ҳалима Худойбердиева, Қутлибека Раҳимбоева, Зулфия Мўминова, Ҳалима Аҳмедова, Зебо Мирзо, Зулфия Қуролбой қизи каби аёл ижодкорлар номи асримиз адабиётида маълум из қолдирди. Айни пайтда ёшлар орасида аёл ижодкорларнинг сони ҳам, салмоғи ҳам ортиб бормоқда.

Энди аёллар адабиёти ҳақидаги мулоҳазаларга ўтсак. Олим В.Белинский аёлга ижодкор сифатида кескин салбий муносабатини билдиради. Машҳур мунаққид аёллар ҳақида шундай ёзган: “Уларнинг ижоди қисқа умр кўради, чунки аёл севгандагина шоир бўлади, яратганда эмас. Табиат уларга баъзан истеъдод учқунларини беради, лекин ҳеч қачон даҳоликни тортиқ қилмайди. Бир сўз билан айтганда, истеъдодли ёзувчи аёл аянчли, истеъдодсизи эса кулгили ва жирканчдир”. Худди шундай нуқтаи назарга амал қилган энг машҳур мутафаккирлар қаторида XX аср бошларида файласуф О.Вайнингер ҳам бор. У аёл ижодкорнинг заифлигини таъкидлайди. Н. Абрамович ўзининг «Аёл ва эркак маданияти олами» китобида аёллар ижодига нисбатан худди шундай муносабатда бўлган. У ёзувчи аёллар ижодини таҳлил қилиб, “Аёл ижоди ҳақиқатан ҳам йўқ, у инсон руҳиятининг, асл ички “мен”ининг намоён бўлиши сифатида мавжуд эмас», дейди. Бу фикрларга З. Гиппиус ҳам қўшилади. Ўзининг «Ҳайвонлар худоси» номли аёл ижодига бағишланган эссесида аёл ижоди энг катта бемаънилик эканлигини таъкидлайди, чунки аёл на ақлни, на яратилиш кучини ўз ичига олади. Шундай қилиб, XX асрнинг ўрталарига қадар нафақат эркаклар, балки аёлларнинг ўзлари ҳам аёллар ижодига салбий муносабатда бўлган. Масалан, М. Цветаева ижодининг полшалик тадқиқотчиси А. Хриникдан шундай ўқиймиз: «Адабиётга нисбатан “аёл” таърифи салбий қабул қилинган, истеҳзоли ёрлиқ бўлган, бу фикрдан четланиш деб ҳисобланган. Эркаклар адабиёти ҳамиша меъёрий, бошланғич нуқта ҳисобланган».

Дарҳақиқат, аёллар ижодига бундай муносабатнинг обьектив сабаблари бор. Узоқ вақт давомида аёлларга олий маълумот олишга рухсат берилмаган, улар доимий равишда кундалик ҳаёт ва оила муаммолари билан шуғулланган ва ижодда ўзини ўзи англаш учун етарли эътибор ва вақт ажрата олмадилар. Нега аёллар адабиёти асл адабиётга қарама-қарши қўйилган деган саволга шундай жавоб бериш мумкин: аёллар ўзларини ўрта даражадаги ишқий романлар яратувчиси сифатида кўрсатдилар. Францияда ёзувчиларнинг 30 фоизи аёллардир. Россияда чоп этилган элликта замонавий наср ёзувчилари рўйхатида атиги олтита аёл номи бор. Аммо шуни таъкидлаш керакки, аёллар адабиёти феноменига ижобий муносабатда бўлган тадқиқотчилар ҳам бор. В.Вулф «Шахсий хона»  эссесида ўз замондош ёзувчилар ҳақида шундай ёзган эди: «Ҳозирги кунда аёллар эркаклар билан деярли тенг ёзади». Аёллар адабиётига юксак баҳо берганлар орасида эркаклар ҳам бор. Масалан, М. Волошин француз аёллар шеърияти ҳақида шундай деган: «Бу аёллар лирикаси баъзи жиҳатлари билан эркакларникидан кўра қизиқроқ. Аёл ўзини эркакдан кўра чуқурроқ ва тўлақонли ҳис қилади ва бу унинг шеъриятида ўз аксини топган». Аммо барибир аёлга ижодий суст деган стандарт муносабат узоқ вақтдан бери сақланиб келмоқда. Шу сабабли, аёлнинг ижодий муҳитга киришининг ягона йўли - бу эркак исмининг орқасига яшириниш, эркак бўлиш эди. Узоқ вақт давомида аёл ёзувчилар учун энг юқори мақтов таъриф шу бўлган: у эркаклар каби ёзади. Аёлнинг чораси эркакка тақлид қилиш, эркак тахаллуси билан ёзиш бўлди. Муаммонинг мураккаблиги шундаки, аёл ўзига хос адабиётни яратиб, объектив сабабларга кўра, қўрқиб ёки шунчаки ўзининг аёллик моҳиятини намойиш этишни истамай, ғайриоддий образни яратди: эркак ниқоби остидаги аёл. Ёзувчи ва адиба, шоир ва шоира номлари ўртасида фарқ каттами? Кўплаб аёллар адиба ва шоира сўзларини ҳақоратомуз деб қўрқишган, чунки бу сўзлар нафақат муаллифнинг жинсини кўрсатади, балки баҳоловчи хусусиятга ҳам эга. Баъзи олимлар ҳатто шоира сўзини кундалик фойдаланишдан олиб ташлашни таклиф қилишган. Шоира ва адиба каби таърифларни рад этишдан ташқари, аёл ижодкорлар гендер ўзига хослигини иложи борича текислаш учун махсус ёзиш ҳийласидан фойдаланган – эркак тахаллуслари орқасида яшириниб, бу билан сохта идентификация яратдилар. Гуревич айтади: «Маълум бўлишича, бугунги кунда одамлар ўзликларини хоҳламайдилар, балки бошқа ирқ, миллат, жинсни қидирмоқдалар».

Нима учун аёллар эркак тахаллуслари орқасида яширинишган ва агар улар ўзларининг ҳақиқий исмлари билан чиқишса, (Жейн Остен, Эмили Диккенсон, Бронтелар каби) танилмас эдиларми? Сабаби аёлларга нисбатан нафақат сиёсий-ижтимоий масалаларда, балки ижодда ҳам камситиш ҳолатлари бўлгани ва бу жамоатчилик онгида энг узоқ давом этганидир. XX асрнинг бошларида ўртача ҳисобда аёллар эркаклар билан тенг сиёсий ва ижтимоий ҳуқуқларга эга бўлдилар, лекин ўн йиллар давомида аёллар ижоди (адабиёт, санъат, мусиқа) сифати пастлиги ҳақидаги стереотип ўз кучида қолди. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, эркак тахаллуслари чегарасиз мавқега эришиш учун воситадир. Шундай қилиб, Мари Дагу - Даниел Стерн, Мери Энн Эванс - Жорж Элиот, Делфин де Жирардин - Виконт де Лаунай, Аурора Дупин - Жорж Санд каби эркак тахаллусларини олди, Мадлен де Скудери эса ўз романларини акаси номи билан нашр этди. Бундан ташқари, исмни бош ҳарф билан бериш усули ҳам бор. Масалан, бу усул ўсмирлар орасида энг машҳур китоб «Гарри Поттер»нинг муаллифи томонидан қўлланган, у муқовага Ж. Роулинг деб деб ёздирган. Бош муҳаррир С. Доре шундай ёзади: «Агар Роулинг Жоан деб тўлиқ ёзганда, китоб у қадар муваффақиятли бўлмаслиги мумкин эди».

Шу билан бирга, адабиёт тарихида қарама-қарши ҳолатлар ҳам мавжуд: эркаклар аёл ниқоби орқасига яширинади. Бироқ эркаклар буни адабий ўйин ёки ишқий мавзуларда ёзиш мақсадида қилишади. Масалан, «Қизил елканлар» романининг муаллифи Александр Грин ҳам аёл тахаллуси остида ёзган (Нина Воскресенская).  Нобел мукофоти совриндори Дорис Лессинг (1919-2013) Жейн Сомерс тахаллуси остида иккита роман ёзган. Унинг доимий ношири Жонатан Кейп номаълум аёл муаллиф томонидан ёзилган иккала романни олгач, дарҳол уларни нашр этишдан бош тортган. Француз ёзувчиси Пол Констаннинг таърифи қизиқ: «эркак эркаклар ҳақида ёзганда, у бутун инсоният ҳақида ёзади; аёл эса фақат аёл тимсолини яратади». Фанда “аёллар матни” тушунчаси мавжуд. Аёлларда воқелик эркакларникидан фарқли кўринар экан, аёллар ижоди ҳам воқеликка бошқача муносабат билдиради. Бинобарин, бу дунёни тасвирлаш учун аёлга алоҳида тил ва махсус воситалар керак. Аёллар тили кўпроқ ҳиссиётли ва метафора билан тўлдирилган деб ишонилади. Кўпинча аёл матнига мантиқнинг етишмаслиги, ҳаддан ташқари эмоционаллик, табиатга яқинлик мавжуд, деб таъриф берилган. Буюк рус шоираси М. Цветаева шундай дейди: «Аёллар ҳали ҳам севги ва эҳтирос ҳақида ёзадилар. Мени бутунлай бошқа мавзулар – ижтимоий-сиёсий, тарихий, санъат, аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва бошқалар қизиқтиради.» Аёллар адабиёти намуналарида аёл образини идеаллаштириш йўқ – аксинча, қаҳрамон аёл воқеликни, аёл ҳаётини тўғри акс эттириш орқали тасвирланган.

Шундай қилиб, аёллар кўп асрлар давомида турли хил ижод турлари билан шуғулланган бўлса-да, бу фаолият жиддий юмуш сифатида эмас, балки иккинчи даражали деб қабул қилинган. Агар аёлга азалдан эркаклар билан бир хил ҳуқуқ берилганда, таълим олиш имкониятига эга бўлганида, сиёсий ва ижтимоий устунликлар тақдим қилинганда ва кўп масалаларда эркак билан бир даражада қаралаганда эди, ижодига нисбатан ҳам ишончсиз қараш шаклланмасди, эҳтимол. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, XXI аср бошига келиб адабиётда аёл ёзувчиларга тобора муҳим ўрин берила бошланди; улар нафақат севги кечинмалари ҳақида ёзишга қодир эканликлари, балки ҳаёт ва адабиётдаги барча муаммоларга ҳам жавоб бера олишлари аниқланди. Келажак адиба ва шоираларнинг юксак даражадаги адабий асарлар ёзишига ишонч билдиряптими? Ҳа. Шубҳалардан кўра ишонч ортиб бормоқда. Ўша азалий жумла билан сўзимизга якун ясаймиз: Барчасини вақт кўрсатади. Биз ишонч билан аёллар адабиёти ривожланишига умид қиламиз. Ҳисса қўшамиз.

Нодирабегим Иброҳимова

2024, март


Report Page