АЁЛҒУ – АЖДОДЛАРИМИЗ ЯРАТГАН НОТА ТИЗИМИ

АЁЛҒУ – АЖДОДЛАРИМИЗ ЯРАТГАН НОТА ТИЗИМИ

Рустам Жабборов

Илк ноталарни муомалага ким киритгани мусиқашуносликда баҳсли масалалардан бири. Кимдир илк мусиқий ноталар қадимги Мисрда пайдо бўлган деса, кимдир қадимги Юнонистон ёки Римни нотанинг ватани деб билади. Аммо, қадимги турклар ҳам Шарқда энг биринчилар қаторида ўз ноталарига эга бўлганини кўпчилик билмаса керак.

XIII асрда Эронда, элхонийлар даврида форс тилида битилган “Тансуқномаи Элхоний дар улуми фунуни Хитойи” асарида Хитой ҳудудидаги туркий халқлар маданияти ҳақида сўз боради ва унда шундай дейилади:

“Хитой (даги турк)лар мусиқа илмида жуда кўп ютуқларга эришганлар, қуйидаги ҳолат ҳам шунга мисол бўлади: Созанда ё хонанда ўзига нотаниш бўлган қўшиқ ёки мусиқани ижро этмоқчи бўлса,одатда бир неча кун тайёргарлик кўриши керак бўлади. Улар (турклар) бундай пайтда ғаройиб бир усулни қўллайдилар ва бу усулни “аёлғу” деб атайдилар. Мусиқа усталари ҳар бир оҳанг учун алоҳида белги ўйлаб топишган. Маълум бир асарни шу шакллар ёрдамида қоғозга туширадилар. Чолғучилар шу белгиларга қараб, мусиқани чалаверадилар. Шу тариқа икки-уч уринишда созанда мусиқий асарни бехато, худди унинг илк ижодкори сингари чала олади. Шу ишни биладиган уста ёнига ўз шогирдини олиб, юрт етакчилари ҳузурида куй ижро этганини ва тингловчиларни ҳайратга солганини ўзим кўрганман. Турклар бундай усуллар ва ҳунарларга жуда уста бўлишади. Мен уларнинг айримларини  кўрганман холос”.

Маълумки, ўрта асрларга тегишли илмий ва адабий манбаларда Хитой атамаси бугунги ХХРнинг шарқий қисми, уйғурлар яшайдиган ҳудудларга нисбатан ишлатилган. Айрим қарашларга  кўра, “хитой” сўзи ҳам қадимги турк-мўғул қабилалари – киданлар номидан олинган. Тўқсон иккита ўзбек уруғларидан бири ҳам хитой деб аталади. Ушбу манбадаги “хитой” атамаси ҳам айнан туркий халқларга нисбатан ишлатилгани аниқ.  

Бутун дунёда кенг тарқалган бугунги нота тизимига  XI аср ўрталарида итальян бастакори Гвидо ди Ареццо (992-1050) томонидан асос солинган, деб қаралади. Туркий халқлар бу тизимдан хабардор бўлганми-йўқми, аниқ эмас. Аммо, яна бир буюк турк олими Абу Наср Форобий (тўлиқ исми Муҳаммад ибн Муҳаммад Тархон ибн Ўзлуқ ат-Туркий)  Ареццодан салкам икки аср илгари “Китоби мусиқий ал-кабир” асарида мусиқа оҳангларни араб алифбосига асосланган абжад саноқ тизимида солиб  чиққан.  Эҳтимол, Форобий асос солган нота тизимига ҳам айнан туркийларнинг “аёлғу”си сабаб бўлгандир? Демак, туркий халқлар  мусиқий асарларни нотага солишни Европадан анча аввал уддалашган. XIV асрда яшаган Ҳайдар Хоразмий ҳам ўзининг “Махзан ул-асрор” асари бу ҳақда эслаб ўтганди:

Турк сурудини тузук бирла туз,

Яхши аёлғу била кўкла қўбўз.

“Аёлғу” сўзи ҳазрат Навоий асарларида ҳам бир неча бор учрайди. Масалан, “Ҳайратул-аброр” достонида шоир ўзининг туркий халқлар мусиқаси, оғзаки ижоди, лапар ва қўшиқларидан яхши хабардорлигига ишора қилади.

Турк суруди била солиб қўлум,

Қилсам адо “ҳай тулугум, ҳай тулум”,

Ул қила олмаса ҳамовозлиқ,

Қилса аёлғу била дамсозлиқ.

Яъни агар мен туркий қўшиқлар билан қўлимни узатиб, “ҳай тулугум, ҳай тулум” деб қўшиқ айтсам,  ҳеч ким менга жўровоз бўлолмаса-да, аёлғуга қараб, қўшилиб турса эди.

Қадимги туркий халқларда эчки терисидан мешга ўхшатиб ясалган, пуфлаб чалинадиган чолғу асбоби тулук ёки тулум деб аталган. Бу асбобдан хакас, ёқут, тува сингари шимол турклари фойдаланишади. Туркияда яшовчи лазлар ҳам бу чолғу асбобини ишлатишади. Шу биргина байт орқали Навоий даврида ҳам ана шундай чолғулар бўлганини ва шоир ундан фойдалана олганини пайқаш мумкин.

Навоий бир қатор ғазалларида ҳам ошиқнинг айрилиқ ҳолатидан азоб чекаётганини тасвирлар экан, қўшиқнинг  чўзиқ ноласини   қалбниниг  аёлғуси -  ноталарига ўхшатади:

Ҳолимға ҳажр базми аро тортсам суруд.

Бор навҳа мадди - телба  кўнгулнинг аёлғуси.

Бу албатта, дастлабки изланишлар натижаси. Аслида, ҳазрат Навоий ишлатган ҳар бир сўз ортида биз билмаган яна қанчадан-қанча сирлар яшириниб ётибди...

 




Report Page