АВТОМОБИЛЛАРГА ЁҚИЛҒИ ҚУЙИШ ШОХОБЧАЛАРИ ТАРМОҒИНИНГ БОШҚАРУВ КОМПАНИЯСИ TELEGRAM-БОТИНИ ИШГА ТУШИРДИ

АВТОМОБИЛЛАРГА ЁҚИЛҒИ ҚУЙИШ ШОХОБЧАЛАРИ ТАРМОҒИНИНГ БОШҚАРУВ КОМПАНИЯСИ TELEGRAM-БОТИНИ ИШГА ТУШИРДИ


Республикада миллий UNG бренди остида нефт маҳсулотларини сота бошлаган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи ташкил этилгани ҳақида хабар берилган эди.

Истеъмолчиларга қулайлик яратиш мақсадида компания Telegram мессенжерида @UNG_Petro_Botни ишга туширди.

Ушбу Telegram-бот орқали фойдаланувчилар корхонага тегишли барча АЁҚШлар ҳақида маълумотга эга бўлишлари, яъни, харитага қараб жойлашувини, сотилаётган нефт маҳсулотлари турлари, нархлари ва алоқа учун телефон рақамларини билиб олишлари мумкин бўлади.

Telegram-ботнинг афзалликларидан яна бири шундаки, сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида у уч тилда ишга туширилган.

Айни пайтда ушбу Telegram-бот Тошкент ва Тошкент вилоятидаги АЁҚШлар ҳақидаги маълумотларни қамраб олган.

Қисқа муддатда Telegram-ботдан республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам фойдаланиш имконияти яратилади.

«UNG Petro» МЧЖ директори Мирзоҳид Мусаев:

—  Бозорни юқори сифатли нефт маҳсулотлари билан тўлдириш учун  аҳолига импорт қилинаётган АИ-92 бензини савдосини ошириш чоралари кўрилмоқда.
Ушбу ҳафтадан Европа стандартларига жавоб берадиган импорт дизел ёқилғиси сотувга чиқарилади.

Компания томонидан лаборатория учун махсус автомобил жиҳозланган эди. Бугунги кунда ушбу махсус машина жойларда аҳолига сотиладиган нефт маҳсулотларининг сифати ва миқдорини текширмоқда.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати