А.Тошқулов: Маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш – ўта долзарб ва жиддий вазифа
Бугун “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетида олий таълим муассасаларининг 130 нафардан ортиқ ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректорлари учун “Талаба ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш” мавзусига бағишланган ўқув-семинар ишига старт берилди.
Мазкур семинар ёшлар тарбиясига масъул раҳбарлар фаолияти натижадорлигини ошириш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Унда Президент Администрацияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа қатор ташкилот ҳамда идоралар мутасаддилари ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.
Тадбирни Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов кириш сўзи билан очиб, бугунги семинардан кутилаётган натижалар ҳақида тўхталди. Маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш масаласи ҳамиша ўта долзарб ва жиддий вазифа эканлигини қайд этиб ўтди.
"Бу масаланинг айниқса, бугунги глобаллашув ва ахборот асрида, Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларга ҳамоҳанг сўз эркинлиги фонида, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларининг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни кескин фаоллашган даврда қанчалик муҳим аҳамият касб этиши ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, сўнгги вақтларда олий таълим муассасаларида кузатилаётган нохуш воқеалар барчамизни ушбу соҳага ҳар қачонгиданда жиддийроқ қарашга ундайди", – деди вазир.
Икки кунга мўлжалланган ўқув-семинарда ёшларга оид давлат сиёсатида янги ташаббуслар, олий таълим муассасаларида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этишнинг устувор йўналишлари, ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмлари, талаба-ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва психотроп, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятларни олдини олишнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилади, таклифлар тингланади, муаммолар муҳокама қилинади.
Олий таълим муассасаларида талабалар билан ишлашда етакчиларнинг ўрни каби бир қанча масалалар юзасидан ҳам мутассадди раҳбарлар ўз маърузалари билан чиқиш қилишади. Ўқув семинар 4 та шўъбага бўлинган ҳолда, ўз ишини 21 май куни ҳам давом эттиради.