А.Тошқулов: 2021 йилда 64 та ОТМ халқаро базада бирорта ҳам илмий мақола чоп этмаган

А.Тошқулов: 2021 йилда 64 та ОТМ халқаро базада бирорта ҳам илмий мақола чоп этмаган


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришнинг долзарб масалаларига бағишланган навбатдаги кенгайтирилган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.

Вазир А.Тошқулов олиб борган онлайн форматдаги йиғилишда тизимдаги 3400 дан ортиқ масъуллар, хусусан,  ОТМ ректор ва филиал директорлари, проректорлар, илмий тадқиқот ва инновациялар бўлими (бошқарма) бошлиқлари, факультет деканлари, кафедра мудирлари иштирок этди.

Унда 2021 йилда илмий соҳада олиб борилган ишлар натижаси, жумладан, илмий ютуқлар ва камчиликлар таҳлилий-танқидий муҳокама қилинди. Шунингдек, соҳани янги босқичга олиб чиқиш бўйича таклифлар ўртага ташланиб, ўзаро фикр алмашилди.

Дастлаб вазир давлатимиз раҳбари ҳамда ҳукумат томонидан илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш бўйича белгилаб берилган топшириқларнинг бажарилиш ҳолатини таҳлил қилиб ва ўтган вақт мобайнида эришилган ютуқларга тўхталиб ўтди.

Сўнгги 3 йилда илмий даражали педагоглар улуши республика бўйича 37,2 фоиздан 39,3 фоизга ўсди.

2021 йилда 204 та фан доктори (DSc), 1521 та фалсафа доктори (PhD) ҳимояси бўлди. Бунда ҳимоялар бўйича 2020 йилга нисбатан ўсиш тегишинча 21% ва 44% ошганлигини кўрсатмоқда.

Бугунги кунда, республиканинг 11 та олий таълим муассасасида илмий салоҳият 50 фоиздан юқори.

Жумладан, 2021 йил ва 2022 йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон миллий университети – 163 та, Тошкент давлат педагогика университети – 127 та, Самарқанд давлат университети - 98 та, Бухоро давлат тиббиёт институти – 71 та, Термиз давлат университети – 66 та, Тошкент молия институти – 65 та диссертациялар ҳимоялари ўтказилган.

Шунингдек, йиғилишда эришилган натижалар билан бир қаторда айрим олий таълим муассасалари масъулларининг соҳадаги сусткашликлари ҳамда йўл қўйган камчиликлари ҳам танқид қилинди. Жумладан:

Вазирлик топшириқлари ижроси юзасидан 2021 йилдаги илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлар фаолияти натижалари 7 та мезон асосида таҳлил қилинганда, 23 та ОТМ илмий ишлар, инновациялар ҳамда халқаро ҳамкорлик бўйича проректорлар ўз вазифасига жиддий ёндашмаганлиги, масъулиятсизлик қилганлиги, бу борада бирорта ҳам олий таълим муассасани намуна сифатида кўрсатиб бўлмаслиги афсус билан тилга олинди.

Энг кам диссертация ҳимоялари бўлган олий таълим муассасалари сифатида Андижон машинасозлик институти (12 та), Самарқанд ветеринария медицинаси институти (12 та), Ўзбекистон давлат консерваторияси (4 та), Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти (3 та) санаб ўтилди.

Бундан ташқари, 2021 йилда  олий таълим муассасалари учун давлат бюджетидан ажратилган маблағларни самарали ўзлаштирилмагани танқид қилинди.

– Шу нарсага амин бўляпмизки, шу олий таълим муассасалари давлат бюджетидан ажратилган маблағларни самарали ўзлаштирмагани учун ҳам уларда илмий салоҳият паст, – деди А.Тошқулов.

  Жиззах политехника институти (17,6%), Нукус давлат педагогика институти (16,6 %), Миллий рассомлик ва дизайн институти (15,4%), Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети (12,5%), Чирчиқ давлат педагогика институти (2,8%)да эса ўз муддатида ҳимоя қилиш кўрсаткичи ўртача 20% дан паст эканлиги танқид қилинди. ОТМда 2021 йилда «Scopus» халқаро илмий-техник маълумотлар базасидаги илмий журналларда чоп этилган мақолалар сони 100 нафар профессор-ўқитувчиларга нисбатан таҳлил қилинганда бу кўрсаткич ўртача 6,5 ни ташкил этган.

Бунда, 4 та (Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети – 0,9; Андижон давлат тиббиёт институти – 0,7; Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти – 0,5; Нукус давлат педагогика институти – 0,4) олий таълим муассасасида бу кўрсаткич 1 га ҳам етмаслиги алоҳида таъкидланди.

Энг ачинарлиси, 64 та олий таълим муассасасида «Scopus» халқаро илмий-техник маълумотлар базасидаги илмий журналларда бирорта ҳам мақола чоп этилмаган.

32 та олий таълим муассасалари ва филиалларда давлат дастури доирасидаги илмий лойиҳалардан молиявий тушумлар бўлмаган ҳамда 27 та олий таълим муассасасида 2021 йил давомида бирорта ҳам  хўжалик шартномалар бажарилмаган.

Шундан сўнг сўзга чиққан вазирнинг фан ва инновициялар бўйича ўринбосари Р.Ҳакимов 2022 йилда докторантурага қабул квотаси сони 2021 йилга нисбатан 100 фоизга оширилиб, олий таълим муассасаларида жами 2784 та (2604 та PhD, 180 та DSc) ҳамда стажёр-тадқиқотчиликка 360 та квота ажратилгани ҳақида маълумот берди.

Қайд этилганидек, 2021 йилда «Scopus» халқаро илмий-техник маълумотлар базасидаги илмий журналларда жами 4361 та мақола чоп этилган. Аммо шундан 972 та  (22%) илмий мақола индексация қилинмаган, яъни йиртқич (хишник) журналларда чоп этилган.

Шунингдек, йиғилиш давомида барча ҳудудларда илмий тадқиқот билан шуғулланаётганларни турар-жойлар билан таъминлаш, илмий фаолият билан машғул ёшларни муносиб рағбатлантириш мехнизмини ишлаб чиқиш,  ректорлар ҳар чоракда камида бир маротаба шахсан докторантлар билан юзма-юз учрашиб, улар муаммоларини ҳал қилиш тизимини йўлга қўйиш таклифлари билдирилди.

Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш орқали илмий салоҳиятни ошириш мумкинлиги алоҳида таъкидланди.

Йиғилиш якунида барча масъулларга кўтарилган масалалар бўйича амалга ошириладиган аниқ вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди.

Бундан буён йилига 2 маротаба ана шундай форматда йиғилиб, натижалар бўйича ОТМ раҳбарлари фаолиятига баҳо берилади ва улар учун зарур хулосалар чиқарилади.


Report Page