АТБ "Қишлоқ қурилиш банк" томонидан тадбиркорлик субъектларининг биноларида қуёш панелларини ўрнатиш учун 16 млрд. 105 млн. сўм миқдорида кредит ажратилган
https://t.me/aoka_uzБу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда банк ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Орипов маълум қилди:
Қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш билан шуғулланувчи устав капитали миқдори 15 млрд. сўм бўлган, банкнинг 100 фоиз таъсисчилигида масъулияти чекланган жамият шаклидаги к орхона ташкил қилинди.
2023 йил 1 мартдан бошлаб банкда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини сотиб олиш ва ўрнатиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун қуйидаги “Яшил молиялаштириш” банк маҳсулотлари жорий қилинди:
Биринчи. “Яшил истеъмол” кредит маҳсулоти
Ўтган вақт мобайнида жисмоний шахсларга миллий валютада Марказий банкнинг амалдаги асосий ставкасида, 6 ойлик имтиёзли давр билан 5 йил муддатгача ажратилди.
Иккинчи. Муқобил энергия - 1 кредит маҳсулоти
Микро, кичик ва ўрта бизнес субъектларига миллий валютада 200,0 млн.сўмгача, 21 фоиз устама ва 3 ойгача имтиёзли давр билан 12 ойгача муддатга берилади.
Учинчи. Муқобил энергия - 2 кредит маҳсулоти
Микро, кичик ва ўрта бизнес субъектларига миллий валютада 500,0 млн. сўмгача, 23,9 фоиз ва 6 ойгача имтиёзли давр билан 60 ойгача муддатга берилади.
Тўртинчи. Муқобил энергия - 3 кредит маҳсулоти
Микро, кичик ва ўрта бизнес субъектларига миллий валютада 300 млн. сўмгача, 21 фоиз устама ва 6 ойгача имтиёзли давр билан, 36 ойгача муддатга берилади.
Алоҳида таъкидлашни хоҳлардимки, тадбиркорлик субъектлари “Муқобил энергия –1” ва “Муқобил энергия – 3” кредит маҳсулотларидан фойдаланиш давомида, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг ёрдамидан фойдаланиши мумкин.
Бундан ташқари, қарор ижросини таъминлаш мақсадида, Жаҳон банки иштирокидаги “Қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш – Фаза 2” лойиҳаси доирасида кредит линия жалб қилинди.
“Қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш – Фаза 2” линияси бўйича Микро, кичик ва ўрта бизнес субъектларига миллий валютада 500 минг АҚШ доллари эквивалентигача, хорижий валютада 500 минг АҚШ долларгача, 3 йил имтиёзли давр билан 10 йил муддатгача кредит ажратилади.
Бунда миллий валютада ажратиладиган кредитлар фоиз ставкаси йиллик 20 фоизни, АҚШ долларида бериладиган кредитлар фоиз ставкаси йиллик 13 фоизни ташкил этади.
Ҳозирда банк хизматлари офисларида юридик ва жисмоний шахсларни банк маҳсулотлари орқали кредитлаш жараёнлари олиб борилмоқда.
Банк ва Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси ўртасида умумий қиймати 20 млрд. сўмлик Бош келишув имзоланди, Жамғарма маблағлари ҳисобидан 247 та фуқарога 6 млрд. 414 млн. сўм миқдорида “яшил истеъмол” кредитлари ажратилди.
Тадбиркорлик субъектларининг биноларида қуёш панелларини ўрнатиш учун банк томонидан 16 млрд. 105 млн. сўм миқдорида кредит ажратилиб, бино-иншоотларда 1460 киловатт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди.
Банкнинг Марказий идораси, ҳудудий бошқармалари ва Банк хизматлари офисларида, жами 32 та бино-иншоотларда 785 киловатт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди.