АСР НАМОЗИДАН ОЛДИН 4 РАКЪАТ НАМОЗ БОРМИ? АГАР БУ НАМОЗ СУННАТДА КЕЛГАН БЎЛСА, УНИНГ ЎҚИЛИШ ҲУКМИ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ? 

АСР НАМОЗИДАН ОЛДИН 4 РАКЪАТ НАМОЗ БОРМИ? АГАР БУ НАМОЗ СУННАТДА КЕЛГАН БЎЛСА, УНИНГ ЎҚИЛИШ ҲУКМИ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ? 

Дониёр Файз

Келинглар, аввало ушбу мавзуга оид ҳадиси шариф билан танишиб чиқсак:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: رَحِمَ اللهُ امْرَأً صَلَّى قَبْلَ الْعَصْرِ أَرْبَعًا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Асрдан олдин тўрт ракъат намоз ўқиган кишини Аллоҳ раҳм қилсин», дедилар». 
(Абу Довуд ва Термизий ривояти)

Муҳаддис уламолар ӯртасида бу ҳадиснинг сиҳҳати ҳақида бир неча фикрлар (хилофлар) бор. Аксар уламолар бу ҳадисни ҳасан ҳадис санашган. Яъни, унга амал қилса бўлади. Чунки ушбу ҳадиснинг барча туруқлари (яъни ровийларнинг ривоят йўллари) яхши ривоят саналади.

Тўрт фиқҳий мазҳаб китобларда бу намозни мустаҳаб, яъни маҳбуб амаллардан дейилинган. 

Таъкидлаш лозимки, бу намоз равотиб, яъни белгилаб берилган, омма ичида тарқалган суннат намозлар сирасига кирмайди. Балки мутлоқ суннатга киради. Киши бу намозда давомий бўлиши шарт қилинмайди. 

Шу ӯринда равотиб суннат намозлари ҳақида ҳам бир оз сӯз юритсак. 

"Равотиб" сўзи луғатда, арабча "راتِبٌ" – "ротиб" сўзининг кўплиги бӯлиб, "белгиланган", ӯрнатилган" маъносини англатади. 

Шаръий истилоҳ (диний атама)да эса, беш вақт фарз намозларига тобе бўлган нафллардир. Булар фарзлардан олдин ёки кейин ўқиладиган намозлар бўлиб, улар “(белгиланган)суннати равотиблар” дейилади.

Бу ҳақда қуйидаги икки ҳадисни келтириб ўтамиз.

Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор мусулмон банда Аллоҳ учун ҳар куни ўн икки ракъат фарздан ташқари нафл намоз ўқиса, Аллоҳ таоло у киши учун жаннатда уй қуради (ёки у киши учун жаннатда уй қурилади), дедилар»
(Муслим ривояти) 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким ўн икки ракъат суннат номозларни бардавом ўқиб юрса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади. Пешиндан олдин тўрт ракъат, пешиндан кейин икки ракъат, шомдан кейин икки ракат, ҳуфтондан кейин икки ракъат, бомдоддан олдин икки ракъат”
(Термизий ривояти)

Уламолар ушбу белгиланган "равотиб суннатлар"ни инсон ихтиёрий қасд билан тарк қилиш дуруст эмас, дейишади.

Демак, биз шулардан келиб чиқадиган бӯлсак, аср намозидан олдин тӯрт ракъат намозни аҳён-аҳёнда ӯқиб қӯйсак ҳам, иншааллоҳ, юқоридаги Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг "Аллоҳ раҳм қилсин" деган дуоларига муваффақ бӯламиз.

Ӯқилиш тартиби:

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, аср намозидан олдин 4 ракъат нафл намозни икки ракъатдан ўқиб, орасини салом билан ажратиш афзал бӯлади. Чунки бунга уламолар Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадисларини далил сифатида келтиришди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кеча ва кундуз намози икки-икки”
(Термизий, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ривояти)

Имом Муслимнинг саҳиҳида Уқба ибн Ҳурайсдан ривоят қилган: Ибн Умарга “Икки-икки”нинг маъноси нима дедим? У: ҳар икки ракъатда салом берасан, деди.

Энди баъзи уламолар: кимки ушбу (намоз)ни бир салом билан тугатиладиган 4 ракъатлик намоз каби ӯқиса ҳам, жоиз дейишган. Лекин афзали 2 ракъатдан орасини бӯлиб ӯқишдир. Афзали билан жоизни фарқини айтиб ӯтадиган бӯлсак, афзалини қилган киши ажрни кӯпроқ олади. Жоизни қилган одам албатта маломат қилинмайди аммо ажри камроқ бӯлади.

Бу намозни ӯқимаган одамни маломат қилинмайди. Ким уни қилса савоб олади, қилмаса гуноҳ йӯқ.

Яна бир эслатма шуки, бу намозни аср намозига азон айтилгандан сӯнг (то такбир айтилгунча) ӯқилади. Бунга далил Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки азоннинг орасида намоз бор”, дедилар. Сўнгра, учинчисида: “Хоҳлаган киши учун”, дедилар. 
(Бухорий ривояти)
(Изоҳ: икки азондан мурод азон ва иқомадир).

Маълум узрли сабаб туфайли Аср намозига жамоатга чиқа олмаганлар ёки аёллар ҳам уйда азон овозини эшитиб бӯлишгач ёки бўлмаса тақвим вақтига қараб аввал 4 ракъат нафл намозини дилларида ният қилиб, уни ӯқиб сӯнгра кетидан 4 ракъат аср намозини ӯқишлари мақсадга мувофиқ бӯлади. 

📌 Азизлар, ушбу намозни қалбдан ӯтказиб ният қилинади. Тил билан талаффуз қилиб айтиш шарт қилинмаган.
Аллоҳ таоло қалбимиздаги ниятларимизни билиб турган Зот. Ва У бизнинг тилимиз билан баланд товушда ният қилишлимизга асло муҳтож эмас. Зеро, ният қалб амалидандир. 
Роббимиз қайси намозни ӯқимоқчи эканимизни кӯриб, билиб туради. 
Аслида, асрдан олдин 4 ракъатли намозни ӯқишни дилимиздан ӯтказиб ният қилсак, бас. Шу кифоя қилади. Кейин 2 ракъат, 2 ракъатдан бӯлиб-бӯлиб ӯқийверамиз. Ҳар 2 ракъатда алоҳида ният қилиб ӯтирмаймиз. 

Валлоҳу аълам.

Дониёр қори

«Doniyor qori» каналига уланиш   





Report Page