АСКАРЛАР ТАНТАНАЛИ КУТИБ ОЛИНДИ
Ватан ҳимояси ҳар бир юрт фарзанди учун муқаддас бурч ҳисобланади. Ёшларни ҳарбий хизматга кузатиш ва уларни янги хизмат жойларида тантанали равишда кутиб олиш мамлакатимиздаги эзгу анъаналардан бирига айланган. Ана шундай самимий ва кўтаринки руҳдаги тадбирлардан бири Бухоро темир йўл вокзалида ташкил этилди.
Муддатли ҳарбий хизматга янги чақирилган ёш аскарлар поезд орқали Қоровул қўшинлари 7536-ҳарбий қисмда жойлашган ҳудудга етиб келдилар. Уларни вокзалда ҳарбий қисм қўмондонлиги, жамоат ташкилотлари ва фахрийлар кенгаши вакиллари, шунингдек, ҳарбий хизматчилар тантанали равишда кутиб олдилар. Тадбир давомида давлат байроғи кўтарилиб, ҳарбий оркестр ижросида ватанпарварлик руҳидаги куйлар янгради.
Тантанали кутиб олиш маросимида сўзга чиққан ҳарбий қисм командири ёш аскарларни қутлаб, уларга ҳарбий хизмат давомида интизомли, жасур ва билимдон бўлишларини тилади. Шунингдек, Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилиш нафақат бурч, балки катта шараф эканлигини, хизмат даврида дўстлик ва ҳамжиҳатликни қадрлаш кераклигини таъкидлаб ўтди.
Тадбирнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, аскарлар мамлакатимизда ёшларга бўлган эътибор ва ғамхўрликни яна бир бор ҳис этдилар. Давлатимиз томонидан ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган шарт-шароитлар, уларнинг ижтимоий ҳимояси ва маънавий қўллаб-қувватланиши тушунтирилди. Шу билан бирга, қисмдаги хизмат шароити, машғулотлар ва ҳарбий тайёргарлик жараёнлари ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилди.
Бундай тантанали тадбирлар ёшларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, уларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш ва Ватан ҳимоясига бўлган масъулиятни оширишда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, юрт тинчлиги ва осойишталиги унинг садоқатли фарзандлари қўлида.
Ўз мухбиримиз.