АСАЛАРИ ҲИМОЯМИЗГА МУХТОЖ

АСАЛАРИ ҲИМОЯМИЗГА МУХТОЖ



Пестицидларнинг асаларилар учун хавфлилик даражасини уч синфга бўлиш мумкин: камзаҳарли (III синф), ўртача заҳарли (II синф) ҳамда кучли заҳарли (I синф). Асаларилар заҳарланишининг олдини олиш мақсадида амалиёт (фермер, шахсий хўжалик юритувчи) ходимларининг хатти-ҳаракати (ишлов ўтказиши) билан асалари боқувчилар ўртасидаги ижобий боғланиш тизимини илмий асосланган ҳолда изга қўйиш лозим. Бунинг учун ишлатилиши мумкин бўлган ҳар учала синфга оид кимёвий модда ҳақида фермерлар ўз вақтида (олдиндан) огоҳлантирилган бўлиб, мутаносиб ҳаракатлар бажарилиши керак. Жумладан, улар қуйидагилардан иборат.

Камзаҳарли препаратлар гуруҳига кирувчи пестицидларни эрталабки ва кечки соатларда, ҳаво ҳарорати 28°С дан ошмаган шароитларда ишлатиш мумкин бўлса, ўрта ва кучли заҳарли бирикмаларни фақат кечки кунботардан кейин ишлатиш мумкин. Бунда арилар уяларига етиб олган бўлади.

Ўзбекистонда барча кимёвий ишловлар ҳаво тезлиги 1 м/сек.гача бўлган шароитларда ўтказилиши мумкин.

Пестицид ишлатишнинг барча турлари асаларилар заҳарланишининг олдини олиш тадбирларига риоя қилган ҳолда бажарилиши шарт, жумладан ишлов ўтказишдан 4-5 кун олдин барча фермер ва хусусий асалари боқувчилар радио, якка тартибда ёки телевидение орқали огоҳлантирилиши лозим. Бунда: қачон, қаерда, қанча майдонда ва қандай пестицид ишлатилиши мўлжаллангани ҳақида ахборот берилиши шарт.

 Камзаҳарли пестицидлар ишлатилганида ари уялари манзилдан 2-3 км. нарида жойлашган бўлиши керак, уларнинг учишини 20-24 соатга чегаралаш лозим.

 Ўрта заҳарли пестицидлар ишлатилганда қуйидаги экологик регламентларга риоя қилиш талаб этилади: ишловни фақат қоронғи тушгандан кейин ўтказиш, ари уялари ишлов ўтказиладиган жойдан 3-4 км. нарида бўлиб, ҳашарот учишини 2-3 кунга чегаралаш лозим.

 Кучли заҳарли пестицидларни ишлатганда ишловни қоронғи тушгандан кейин ўтказиб, ари уяларини 4-5 км. нарига ҳамда ҳашаротларни 4-6 кунга учишдан чегаралаш тавсия этилади.

Жавоҳир РАСУЛОВ,

Отабек МЎМИНОВ,

Тошкент вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси                                 “Назарбек” ТИФ маскани инспекторлари.

Report Page