АПАТИЯ – БУ ДЕПРЕССИЯМИ ЁКИ БОШҚА ҲОЛАТ?

АПАТИЯ – БУ ДЕПРЕССИЯМИ ЁКИ БОШҚА ҲОЛАТ?

Муаллиф: Зарифбой Ибодуллаев
АПАТИЯ

Апатия – бу депрессия эмас. Апатия – бу ҳамма нарсага бефарқлик билан намоён бўлувчи руҳий ҳолат. Апатия депрессияга жуда ўхшаб кетганлиги боис, у ҳақда ҳам тўхталиб ўтамиз. Апатияда бемор ҳеч нарсага қизиқмайди, ҳеч бир ишда иштирок этмайди ёки ёқар-ёқмас қатнашади, атрофда бўлаётган воқеаларга ўта бефарқ бўлади. Депрессияга жуда ўхшаб кетадиган ушбу ҳолат ҳиссий реакциялар сўниши билан намоён бўлади. Бундай беморни кўрган врачлар баъзида адашиб “депрессия” ташхисини қўйишади. Апатия ҳар кимда ҳар хил намоён бўлади. Масалан, оила аъзоларидан, ишдан ёки раҳбариятдан кўнгли совиган одам ҳам баъзида апатияга тушади. Бу оддий апатия бўлиб вазият ўзгарса, тез ўтиб кетади. Ўзида қандайдир касаллик аниқланиб қолса ҳам одам апатияга тушиши мумкин. Мабодо заҳм, ОИТС, сил ёки бошқа бир жиддий касалликлар аниқланиб қолса одам апатияга тушади. Бу ҳолат кейинчалик депрессияга ўтиши мумкин. Шунингдек, бош мия касалликларида, яъни энцефалопатия, инсульт, паркинсонизм, бош мия жарохатларида ҳам бемор апатияга тушади. Агар апатия ирода сўниши билан намоён бўлса, апато-абулик синдром ҳақида сўз боради. Бу ҳолат, айниқса, бош миянинг пешона бўлаги зарарланиши учун хос. Ҳар ҳолда, апатия депрессияга қараганда енгил психологик бузилиш. Апатияда депрессиядаги каби кучли психик бузилишлар кузатилмайди. Масалан, фикрлар карахтлиги бўлмайди, ўз жонига қасд қилишга уринишлар кузатилмайди ва антидепрессантлар ҳам тавсия этилмайди. Вазият яхши томонга ўзгарса ёки апатияга олиб келган касалликдан бемор халос бўлса, апатия тезда барҳам топади. Апатияда психотерапия юқори даражада самарали.

Расмий веб-сайтимиз: asab.uz

Каналимиз: @tibbiypsixologiya

Биз сизга хамиша рухий саломатлик тилаб қоламиз.

Мақола муаллифи: нейропсихолог, профессор Зарифбой Ибодуллаев.



Report Page