АОКАда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева иштирокида брифинг ўтказилди. Унда аҳолидан келиб тушган муҳим саволларга жавоб қайтарилди

АОКАда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева иштирокида брифинг ўтказилди. Унда аҳолидан келиб тушган муҳим саволларга жавоб қайтарилди

Расмий хабарлар

Фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан Адлия вазирлиги фаолиятига оид ҳамда бошқа масалалар бўйича кўтарилган савол ва мурожаатларга жавоб беришни бошлаймиз!

Турмуш ўртоғим 2022 йил январ ойида ажрашиш учун судга ариза топширган. Ҳозирда 2 ойлик ҳомиладорман. Ҳеч қаерда ишламайман. Боқувчим йўқ. Ушбу ҳолда эрим мен билан ажраша оладими?

Оила кодексининг 39-модда мувофиқ, хотинининг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида эр хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас. Мазкур қоида бола ўлик туғилган ёки бир ёшга тўлмай вафот этган ҳолларга ҳам татбиқ этилади.

Хотиннинг никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга розилиги бўлмаган ҳолларда, судья даъво аризасини қабул қилишни рад этади, агар у қабул қилинган бўлса, суд Фуқаролик процессцал кодекси талаблари асосан аризани кўрмасдан қолдиради.

 

Куни кеча ижтимоий ҳимояга муҳтож айрим фуқароларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши ҳақида Президент қарори қабул қилинганлигини эшитдим. Ушбу моддий ёрдам кимларга тўланади?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 май куни “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг қуйидаги қатламларига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади:

ёшга доир, ногиронлик пенсияси ва нафақасини олувчиларга, болаликдан ногиронлик нафақасини ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ва нафақасини олувчи ҳар бир оила аъзосига ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парваришлаш нафақасини олувчиларга тўланади.

Бунда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 300 минг сўмдан;

Тошкент шаҳрида – 400 минг сўмдан тўланади.

Шунингдек қарорда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига – 200 минг сўмдан тўланаши белгиланди.

Уйида вақтинча бўлмаганлиги ёки бошқа сабабларга кўра бир марталик моддий ёрдам пулларини ўз вақтида ололмаган фуқаролар тўланмаган моддий ёрдам пулларини 2022 йил 1 сентябргача олиш ҳуқуқига эга.

 

Мен 2021 йил декабрь ойида фарзандимга туғилганлик ҳақида гувоҳнома олганман. Лекин ушбу гувоҳномада фарзандимнинг исми нотўғри ёзилганини билиб қолдим. Энди ушбу гувоҳномадаги фарзандимни исмини тўғрилатадиган бўлсам, яна қайта давлат божи тўлаймайманми?

 “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасига асосан, жисмоний шахслар — туғилиш, ўлим қайд этилганлиги учун, уларга фарзандликка олинган, оталик белгиланган, жинси ўзгартирилган ҳолларида, шунингдек, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш чоғида йўл қўйилган хатолар муносабати билан туғилганлик тўғрисидаги ҳужжатлар ёзувлари ўзгартирилган, тўлдирилган ва тузатилган тақдирда гувоҳномалар берганлик учун давлат божи ундирилмайди.

 

Ҳозирда сотиб олинган товарларнинг чеклари мобил илова орқали рўйхатдан ўтказилса 1 фоизи қайтарилмоқда. Лекин айрим ҳоллатда чекларни рўйхатдан ўтказиб бўлмаяпти. Умамун қандай чеклар рўйхатдан ўтказилмайди?

2022 йил 12 майда қабул қилинган “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарорида харид чекини рўйхатдан ўтказиш тартиблари белгилаб қўйилган.

Унга кўра, қуйидаги чеклар солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилмайди:

·      берилган кундан бошлаб 10 кун ўтган чеклар;

·      аввал рўйхатдан ўтказилган ёки сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисми қайтарилган чеклар;

·      автомобиль, ҳаво ва темир йўл чипталарини сотиб олиш натижасида олинган, шунингдек, алоқа ва коммунал хизматлар учун амалга оширилган тўлов чеклари;

·      шубҳали харидорлар реестрига киритилган жисмоний шахслар чеклари

 

Турмуш ўртоғим мен билан ажрашмоқчи бўлиб судга ариза топширди. Ҳеч қаерда ишламаганлиги сабабли ажрашгандан сўнг алимент тўламаслигини айтмоқда. Шу тўғрими?

Агар алимент тўловчи ишламайдиган бўлса ёки унинг иш ҳақи ва (ёки) даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтда алимент Ўзбекистондаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади.

Агар қарзни бундай белгилаш тарафлардан бирининг манфаатларига жиддий путур етказса, манфаатларига путур етказилган тараф судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Суд тарафларнинг моддий ва оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни инобатга олиб, қарзнинг пул билан тўланадиган қатъий суммасини белгилаши мумкин.

Менинг бир танишим оилавий сирларимни қасддан тарқатмоқда. Ушбу ҳолатда нима қилишим лозим? Бу каби ҳаракатлар учун жавобгарлик мавжудми.

Шахснинг оилавий сирини унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда тарқатган шахсга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш, 10 млн 800 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу ҳаракатлари учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс яна шундай ҳаракатни амалга оширса, Жиноят кодексига мувофиқ жазоланади.

Сиз бундай ҳолатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Мен олди-сотди шартномасини нотариусдан расмийлаштирмоқчиман. Фақат сотиб олувчи бошқа вилоятда яшайди. Тарафлар турли ҳудудларда жойлашган нотариал идорада масофадан туриб битимларни нотариал тасдиқлаши мумкинми?

Ҳа, албатта мумкин. Тарафлар турли ҳудудларда жойлашган нотариал идорада масофадан туриб видеоконференцалоқа режимида битимларни нотариал тасдиқлаши мумкин.

Бундай ҳолларда, битим уларнинг биргаликдаги иштирокисиз амалга оширилаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида тарафлар нотариуслар ҳузурида бўлиши шарт.

Мазкур тартиб асосида барча турдаги битимларни тасдиқлаш мумкин. Бу каби битимларни тасдиқлашда тегишлилигига қараб битимларни тасдиқлашнинг умумий қоидалари қўлланилади.

Битимни нотариал тасдиқлаш тарафларнинг тегишли нотариусга бериладиган аризасига асосан амалга оширилади ва ариза нотариал тартибда шаҳодатлантирилмайди.

 

Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари марказларига мурожаат этса бўладими?

             Ҳукумат қарори (693-сон, 19.11.2021 йил) билан Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган.

Ушбу регламентга кўра, 2022 йил 1 июлдан кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар фақат ДХМ ёки ЙИДХП орқали берилади.

Йўлланмалар қуйидаги тоифадаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга берилади:

уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари (бева эрлари);

республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;

Чернобил АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобил ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;

ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар;

биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожиз биринчи гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс;

ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар;

ёшга доир пенсия олувчилар.

Давлат хизматлари кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.

Йўлланмалар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 12 кунга, йўлланмаларнинг амал қилиш муддати бошланишидан 10 кун олдин берилади.

Янги намумадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш давлат хизматидан фойдаланиш муддатлари узайтирилганми?

Хабаринг бор жорий йил февраль-март ойларида эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги турдаги гувоҳномаларга ўзгартириш истагида бўлган фуқароларнинг давлат хизматлари марказларига оммавий келиши кузатилди.

Бундай вазиятда фуқароларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида давлат хизматлари марказлари узайтирилган иш вақти асосида «сўнги мижозга қадар» тартибида, баъзилари эса умуман дам олиш кунларисиз ишлади.

Натижада фуқароларга 2022 йил март-апрель ойларида 1 миллиондан ортиқ янги гувоҳнома берилди. Янги турдаги ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилганидан (2017 йил октабр) бугунги кунга қадар эса олинган гувоҳномалар сони 3,8 миллиондан ошган бўлсада, бироқ 2,2 миллиондан ортиқ ҳайдовчи ҳали ҳам эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси билан ҳаракатланмоқда.

Шу боис, жорий йилнинг 12 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг эски ҳайдовчилик гувоҳномалари ва транспорт воситалари рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни алмаштириш муддатини 2023 йилнинг апрель-декабрь ойларигача узайтириш тўғрисидаги қарори (178-сон, 12.04.2022 йил) қабул қилинди.

Дастлаб ҳайдовчилик гувоҳномалари ва транспорт воситалари рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни алмаштиришни 2020 йил 31 декабргача якунлаш режалаштирилган эди. Жумладан, 2020 йилнинг баҳорида муддат 1 йилга, 2021 йилнинг ноябрида эса 2022 йилнинг охиригача узайтирилган эди.

Мен Тошкент шаҳрида яшайман. Яқинда отам вафот этди. Дафн этиш мақасадида қабристонга тиббиёт бирлашмаси томонидан берилган QR-кодли маълумотномани тақдим этсам, ўлим ҳақидаги гувоҳномани тақдим этишини сўради. Шу ҳақида маълумот берсангиз?.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 февралдаги 89-сон қарорига асосан Ўлимни қайд қилиш билан боғлиқ композит давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган.

Ушбу қарор билан ўлим ҳақида тиббий маълумотнома бериш, ўлимни қайд қилиш, вафот этган шахсни дафн қилиш учун қабристонга маълумотнома бериш ва дафн этиш учун нафақа бериш бўйича композит давлат хизматлари 2022 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳрида жорий этилди.

Шунингдек регламентга асосан соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан ўлим ҳақида тиббий гувоҳнома бериш тартиби бекор қилиниб, фақат электрон тизим орқали ўлим ҳақида тиббий маълумотнома шакллантириш тартиби жорий этилди.

Бунда, тиббиёт муассасалари вафот этган шахс ҳақидаги маълумотларни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг электрон тизимига киритади ва автоматик равишда ўлим ҳақида далолатнома ёзувини қайд қилиш учун ФҲДЁ бўлимига юборади.

Тиббиёт муассасасидан ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома келиб тушиши билан «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали ўлим ҳақида далолатнома ёзуви автоматик равишда қайд этилади ва ўлим ҳақидаги QR-кодли маълумотнома тиббиёт муассасасига электрон шаклда юборилади

Турли хил бюрократик тўсиқларнинг олдини олиш ва фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида, ФҲДЁ органлари томонидан бериладиган QR-код (матрик штрихли код) тасвири туширилган маълумотномалар ўлим ҳақидаги гербли гувоҳномага тенглаштирилди ҳамда ушбу маълумотномаларни давлат органлари, корхона, муассаса ва ташкилотлар томонидан қабул қилишни рад этиш тақиқланди.

Қайд этиш керакки, мазкур хизмат 2022 йил 1 июлдан бутун республика ҳудудида жорий этилади.


Report Page