“АНДИЖОННЕФТ”АЖ ТОМОНИДАН БУЛОҚБОШИДА ЯНА БИТТА ГАЗ ҚУДУҒИ ИШГА ТУШИРИЛДИ
https://t.me/minenergy_uzБулоқбошида яна қўшимча 5 мингта хонадон табиий газ билан таъминланади.
Бугун, 2019 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “2017 – 2021 йилларда углеводород хом ашёсини қазиб олишни ошириш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилган ишлар натижасида Андижон вилояти, Булоқбоши тумани, Учтепа қишлоғида жойлашган “Учтепа нефт ва газ кони”нинг 12-сонли газ қудуғи ишга қўшилди ва саноат миқёсида газ олинди.
Қудуқдан газ қазиб олиш ҳажми кунлик 50-60 минг/м3 ташкил этади.
Айни пайтда ушбу газ қудуғининг ишга туширилиши бўйича газ қувурларини ётқизиш ишлари якунланди.
Бунинг натижасида Андижон вилояти Булоқбоши туманининг яна қўшимча 5 мингта хонадони табиий газ билан таъминланади.
Маълумки, ўтган икки йил давомида "Андижоннефть" АЖ томонидан “Учтепа нефт ва газ кони”ни ўзлаштириш ва ишга тушириш учун жами 9 та нефт ва газ қудуқлари бурғуланди. Мазкур бурғулаш ишлари натижасида қудуқлардан табиий газ олиниб, Булоқбоши туманининг 20 мингдан ортиқ аҳолиси газ билан таъминланишига эришилган.
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати "Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати билан ҳамкорликда