АНДИЖОНДА “ХАЛҚАРО ҚИЗЛАР КУНИ” НИШОНЛАНДИ
Бутун жаҳон бўйича қизларнинг камситилиши, уларнинг ижтимоий муаммоларига эътибор қаратиш мақсадида бундан 9 йил муқаддам, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясида бутун дуёнда 11 октябрни “Халқаро Қизлар куни” деб нишонланишига асос солинди ва ҳар йили нишонланиб келинмоқда. Шу муносабат билан бугун Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Давлат гранти асосида олий таълим муассасалари талабалари бўлган хотин-қизлар билан учрашди.
Барчамизга маълумки, давлатимиз раҳбарининг кўрсатмалари асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июнда “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 402-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга асосан 3 минг нафардан ортиқ талабгор қизларнинг ҳужжатлари кўриб чиқилди. 1 минг 418 нафарининг ҳужжатлари Давлат тест комиссиясига тақдим этилди.
Президентимизнинг вилоятимизга бу йил ташрифи давомидаги топшириқлари асосида амалда 80 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги хотин-қизлар бу имтиёздан фойдаланиши керак бўлгани ҳолда, 85 нафар хотин-қизларга бу бахт насиб қилди. Эртанги кунда улар юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшадиган етук кадрлар бўлиб етишади, албатта.
Куни кеча Президентимиз ҳар бир ёшга, ҳар бир аёлга тўлиқ етиб бориш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва тезкор ечимини топиш борасида “Ёшлар ва Аёллар дафтари”ни юритиш бўйича барча даражадаги масъуллар олдига қатор вазифалар қўйиб берди.
Бу имконият ўз навбатида барчага катта масъулият юклайди. Ушбу тадбирга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими унвони соҳибаси Манзурахон Эгамова, Сенатор Матлюбахон Ғаниева, Олий Мажлис депутати Одинахон Иномовналар таклиф этилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад ёшларимиз уларга интилиб, жамиятда ўз ўринларини топиб ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишларидир. Тадбир давомида грант асосида Олий таълим муассасаларига ўқишга кирган қизларга диплом ва совғалар топширилади.
Андижон вилояти ҳокимлиги
МАТБУОТ ХИЗМАТИ
Facebook | Twitter | Instagram | YouTube | Telegram