АНДИЖОН ВИЛОЯТИДА ИСТEЪМОЛЧИЛАРГА СИФАТЛИ ЭЛEКТР ЭНEРГИЯСИ ЕТКАЗИБ БEРИЛИШИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИШЛАР БИЛАН ТАНИШИШ МАҚСАДИДА ПРEСС ТУР ЎТКАЗИЛДИ
Бугун «Андижон ҲЭТК» АЖда «Иқтисодий самарадорлик ва истиқболдаги режалар» мавзусига бағишланган пресс-тур бўлиб ўтди. Ушбу пресс-турда республика ва маҳаллий газеталар журналистлар, блогерлар иштирок этдилар.
Дастлаб, пресс-тур иштирокчилари «Андижон ҲЭТК» АЖнинг Хўжаобод туманида ишга туширилган темир-бетон таянчлар ишлаб чиқариш цехида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб чиқдилар. Темир-бетон ишлаб чиқариш цехи иш фаолияти тўғрисида цех бошлиғи А. Эрқулов батафсил маълумот берди.
Таъкидландики, ҳозирда хориждан 0,4 кВли (СВ 9,5х2,0 русумидаги) 2 дона 10 кВли (СВ 110х3,5 русумдаги) 1 дона темир-бетон таянч қолипи олиб келтирилиб, темир-бетон таянчлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 24 дона темир-бетон таянчлар ишлаб чиқарилмоқда. Бир кунлик иш ҳажми 48 дона ва йиллик иш ҳажмида 13 200 дона темир-бетон таянчлар ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқарилган темир-бетон таянчларнинг таннархи 8 млд 693 млн 200 минг сўмни ташкил этади. Бу ерда қўшимча ишчи ўринлари яратилиб, банд бўлган ходимлар сони 12 тани ташкил этади.
Шунингдек пресс-тур қатнашчилари тумандаги «Обод қишлоқ» дастури доирасида «Ордай» МФЙ ҳудудида олиб борилаётган иш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
Пресс-тур қатнашчилари Андижон туман, Жевачи қишлоғида жойлашган «Камолот» нимстанциясининг иш жараёнини кузатиб, «Нимстанциялар хизмати» бўлими бошлиғи ўринбосари И. Джўраев томонидан журналистлар учун нимстанция фаолияти тўғрисидаги маълумотлар билан таништириб ўтди.
Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари жамиятнинг Андижон шаҳар Бобур ЭТК бўлими ҳудудидаги «Траверс маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи» ҳамда Андижон шаҳар ЭТК Бобур бўлимида жорий қилинган электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини ЭEҲОНҚА (АСКУЭ) назорат қилиш учун ташкил этилган мини Data center хонаси билан танишиб чиқдилар.
Пресс-тур қатнашчилари тадбир давомида электр энергияси истеъмолчилари томонидан келиб тушаётган эътироз ва шикоятларни кун давомида қабул қилаётган жамиятнинг Call Center бўлими иш фаолияти билан танишдилар ва атрофлича фикр алмашдилар.
Тадбир сўнгида жамият мажлислар залида «Андижон ҲЭТК» АЖ раҳбарияти томонидан «Очиқ мулоқот» ўтказилди. Унда тизимдаги мақсад ва вазифалари, фаолият йўналишлари бўйича ОАВ ходимларини қизиқтирган саволларига жавоб бердилар ва келгуси режалар хусусида маълумот бериб ўтдилар.
Фото: "Андижон ҲЭТК" АЖ Матбуот хизмати