АМИР ТЕМУР ТАНГРИЧИ БЎЛГАНМИ? БЕРУНИЙ-ЧИ? 

АМИР ТЕМУР ТАНГРИЧИ БЎЛГАНМИ? БЕРУНИЙ-ЧИ? 

Рустам Жабборов

Айни кунларда ижтимоий тармоқларда тарихчи Бахтиёр Олимжонов ва блогер Нозим Сафари иштирокидаги суҳбат кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Албатта, суҳбатда қизиқ, айни пайтда нозик мавзулар кўтарилган, анча дадил, журъатли фикрлар билдирилган.

Сўз эркинлиги шубҳасиз, ҳар бир инсоннинг дахлсиз ҳуқуқи. Ҳар ким ўз фикрини, мулоҳаза ва мушоҳадасини билдиришга ҳақли. Тарихчи дўстимизнинг кўплаб фикрларига қўшилиш, эътироф этиш мумкин. Хусусан, Марказий Осиё халқларининг муштарак маданий мероси  ҳақидаги қарашлари  таҳсинга лойиқ. Аммо, Ибн Сино, Форобий, Абу Райҳон Беруний, ал-Хоразмийнинг диний қарашлари ҳақида бошқаларга ўхшамаган фикр билдиришга уринган тарихчи дўстимиз анча-мунча шошқалоқликка йўл қўйгани кўриниб турибди.

Жумладан, унинг “Беруний умуман мусулмон бўлмаслиги ҳам мумкин” деган фикрига қўшилиб бўлмайди. Бу ҳақда узоқ тортиши мумкин. Аммо, Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарининг илк сатрлари масалага нуқта қўйса керак: “Раҳмли  ва меҳрибон Аллоҳ номи билан. Мақтов тенглаштириладиган ва ўхшатиладиганларнинг (ҳаммасидан) юқори турувчи Аллоҳга аталгандир. Барча инсонларнинг улуғи бўлган Муҳаммад (с.а.в.)га тўғри йўл ва ҳақиқат раҳнамолари бўлмиш унинг хонадонига Аллоҳнинг  раҳмати бўлсин!”.

Хўш, мусулмон бўлмаган олим учун бундай дебочанинг нима кераги бор эди? Мазкур асар тўлақонли мусулмон нуқтаи назаридан битилган. Жумладан Беруний пайғамбарлик даъвосида бўлган Зардўшт, Муқанна, Собий, Моний, Маздак  сингари кимсалар ва уларга эргашганларни “адашган”лар деб атаган ва уларни лаънатлаган. Пайғамбаримиз ва уларнинг саҳобалари, “Хулафои рошидийн” – тўғри йўлдаги халифалар номини ҳар доим ҳурмат-эҳтиром билан тилга олган. Бу асарни диққат билан ўқиган комил ақл эгаси  Берунийни ғайридин деб аташга тили бормаса керак. Ҳар қалай, Б.Олимжонов ҳам ушбу асарни ўқиб чиқса, Беруний ҳақидаги тушунчалари ўзгарармиди?

Ибн Синонинг диний қарашлари ҳам гарчи бир қатор баҳсларга сабаб бўлса-да, у ҳақидаги маълумотлар алломанинг иймон-эътиқодда собит бўлганини кўрсатади. Тарихий маълумотларга қараганда, Ибн Сино нафақат тиббиётга оид асарлар ёзган, балки Қуръон илми, ҳадис ва араб тили грамматикасин чуқур ўрганган. У 10 ёшидаёқ Қуръони каримни тўлиқ ёд олган. Ибн Синониниг “Ихлос” сураси тафсирига бағишланган махсус рисоласи айни пайтда Макка шаҳридаги Ҳарам кутубхонасида сақланмоқда.

Ибн Сино ўз эътиқоди ҳақида шундай деган эди:

Куфр чу ман газофу осон набувад,

Маҳкамтар аз иймони ман иймон набувад,

Дар даҳр чу ман якеву он ҳам он кофир,

Пас дар ҳама даҳр як мусалмон набувад.

(Мени кофирликдла айблаш осон бўлмайди. Менинг иймонимдан мустаҳкамроқ иймонни топа олмайсиз. Агар мендек инсон жаҳонда танҳо бўлса-ю, униям кофир десангиз, демак бу дунёда мусулмоннинг ўзи йўқ экан.)


Ибн Сино қабри устидаги Қуръон оятлари

Мазкур подкастдаги  Амир Темурнинг тангричилик динига эътиқод қилгани, унинг шомонлар одатига кўра дафн қилингани, кейинчалик унинг мақбараси Шоҳрух даврида исломлаштирилгани ҳақидаги даъволар ҳам тарихий мантиқққа мутлақо зиддир.

Амир Темур туркий барлос уруғига мансуб бўлса-да, у исломий муҳитда ўсиб улғайган. Муҳаммадхўжа ибн Жаъфархўжа, Салоҳиддин Тошкандий сингари тарихчилар маълумотига кўра, Амир Темурнинг оналари Тегина Бегим бухоролик Садр уш-шарианинг қизлари бўлган. “Садруш-шариа” шариатнинг кўкси деган маънони англатиб, бу инсоннинг шажараси ҳанафий мазҳабининг асосчиси Имом Аъзам Абу Ханифа Нуъмон ибн Собитга бориб тақалиши манбаларда баён қилинган. Баҳовуддин Нақшбанд, Саид Барака сингари ислом оламининг буюк намояндалари Амир Темурни руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турган.

Амир Темур Ислом арконлари, Қуръон ҳукмларини яхши билгани ва уларга амал қилгани ҳақида юзлаб мисоллар бор. Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сида келтирилишича, Амир Темур  Хуросоннинг Бишравейҳ деган жойида намозга азон айтилганда одамлар кийимларини алмаштириб, яхшисини кийиб масжидга кетаётганини кўриб, бир дўкондордан, “нима учун бундай қилаяпсизлар?”, деб сўрайди. Шунда у киши: “Эй Амир, биз Аллоҳнинг “Аъроф” сураси 31-оятига амал қилаяпмиз”, дейди. Соҳибқирон имтиҳон қилмоқчи бўлиб у кишидан оятнинг маъносини сўрайди. Дўкондор оят маъносини тўғри айтиб беради ва Аллоҳ ушбу оятда, бизларга “ҳар масжид ҳузурида зийнатингизни олинг”, демоқда бу намозни гўзал ҳолатда ўқинг, дегани, биз шунга биноан кийимларимизни алмаштирмоқдамиз”, дейди. Амир Темур, “мен ҳофизи Қуръон бўлсам ҳам, фақиҳ бўлсам ҳам буни мулоҳаза қилмаган эканман, энди қароргоҳга бориб кийимларимни алмаштириб келай”, дейди.

Бошқа бир маълумотга кўра, Амир Темур  мазкур шаҳар ҳокими  Ҳусайн ибн Исҳоқ билан турган пайтида намозга азон айтилади. Ҳусайн ибн Исҳоқ бориб жамоат билан намоз ўқиб келишга изн сўрайди. Шунда Амир Темур “мен ҳам жамоат билан намоз ўқийман”, деб бирга масжидга йўл олади.

Амир Темур томонидан 1391 йил Олтин Ўрда хони Тўхтамишга қарши юриш қилган чоғида ҳозирги Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти ҳудудидаги Улуғтоғ этакларида тошда битиб қолдирилган уйғур алифбосидаги туркий  битиклар ҳам  араб тилидаги  “бисмиллоҳ..” билан  бошланади.

Амир Темур битиктошидаги "Бисмиллоҳ.."

Алишер Навоийнинг ёзишича, Мироншоҳ Мирзо Табризда ичкиликка берилиб, турли ножўя ҳатти-ҳаракатларга қўл уради. Бу ҳақда хабар топган Амир Темур унинг бу йўлга киришига сабабчи бўлган надимларини жазолашни буюради. Шунда улардан бири Хожа Абдулқодирни тутиб Соҳибқирон ҳузурига келтиришганда, Хожа нима қиларини билмай, шоҳ олдида тиз чўкиб,  Қуръон тиловатига киришади. Бундан кўнгли юмшаган Амир Темур уни афв этади.

Амир Темурга нисбат бериладиган “Темур тузуклари”да ўқиймиз: “Ўз тажрибамда кўриб билдимки, давлат агар дину тартиб асосида қурилмас, тўра-тузукка боғланмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва тартиби йўқолади. Бундай салтанат яланғоч одамга ўхшайдирким, кўрган ҳар кимса (ундан) нигоҳини олиб қочади. Ёхуд ҳар хил қаланғи-қасанғи одамлар тап тортмай кириб чиқадиган томсиз, эшиги-тўсиғи йўқ уйга ўхшайди. Шунинг учун ҳам мен салтанатим биносини ислом дини, тўра ва тузук асосида мустаҳкамладим”.

Энди бевосита Амир Темурнинг дафн этилишига келсак, 1941 йил 21 июнь куни Соҳибқирон қабрининг очилишида шахсан иштирок этган археолог ва ҳайкалтарош М.Герасимов ўз хотириларида шундай ёзади.

“Амир Темурнинг қабри мақбара ертўласида, марказда жойлашган эди... Тобутда елкаси билан ётқизилган, ўнг юзи қиялатиб ётқизилган ва Макка тарафга қаратилган инсоннинг суяклари топилди..”

Изоҳга ҳожат йўқ! Ҳар қалай тангричиликда марҳумнинг юзи Маккага қаратиб дафн қилинмаса керак.

Аслини олганда бу мавзуда баҳслашишнинг ўзи ножоиздек туюлади. Чунки ойдек равшан кўриниб турган нарса устида баҳс юритиш тўғри эмасдек. Аммо, таниқли зиёлилар, тарих соҳасида илмий даражага эга олимларимиз шу ҳақда ножоиз сўз юритаркан, бу борада жим туриш ҳам жоиз бўлмаса керак...


 

 



Report Page