АМИНОВ СОБИРЖОН НИҒМАТОВИЧ

АМИНОВ СОБИРЖОН НИҒМАТОВИЧ



  Тошкент фармацевтика институти, Ноорганик, физик ва коллоид кимё кафедраси профессори, Ўзбекистон фан арбоби, кимё фанлари доктори, профессор Аминов Собиржон Ниғматович 1938 йил 2 августда Тошкентда ишчи оиласида дунёга келди. 1961 йилда Тошкент фармацевтика институтини имтиёзли диплом билан тугатиб, 1961-1962 йилларда Фанлар академиясининг “ГИДРОИНГЕО” институтида кичик илмий ходим лавозимида ишлади. 1962 йилда Фанлар академиясининг Элементорганик бирикмалар институтига аспирантурага қабул қилинди. 1965 йилда номзодлик диссертациясини мувафақитяли ҳимоя қилди. 1965-1977 йилларда профессор С.Н. Аминов Фанлар академиясининг Кимё институтида катта илмий ходим лавозимида ишлади. 1978 йилдан Тошкент фармацевтика институти анорганик, физик ва коллоид кимё кафедрасининг мудири лавозимида фаолият олиб борди. 2018-2020 йилларда шу кафедра профессори лавозимида фаолият юритди.

Профессор С.Н. Аминов 1987 йилда Д.И. Менделеев номли Москва кимё технология институтида (ҳозирги РХТУ) коллоид кимё ихтисослиги бўйича “Карбон, алкилфосфон, алкиларилсульфокислота ҳосилалари асосида сирт-фаол моддалар синтези ва коллоид кимёвий хоссалари” мавзусидаги диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Шу тариқа 1970 йилда катта илмий ходим, 1982 йилда доцент, 1988 йилда эса профессор илмий унвонига сазовор бўлди. 1987-1994 йилларда профессор С.Н. Аминов Тошкент фармацевтика институтида илмий ишлар бўйича проректор, 1993-1994 йилларда эса ректор вазифасини бажарди.

Профессор Собиржон Ниғматович коллоид системаларнинг, жумладан дори дисперс системаларининг коллоид кимёвий хоссаларини, термодинамик ва технологик параметрларини сирт фаол ва гидротроп моддалар ёрдамида бошқариш илмий йўналишнинг асосчисидир.

Изланишлар самарасида илк бор маҳаллий хомашёлар асосида 20 га яқин оригинал дори воситаси ишлаб чиқилган ва 14 тасининг барча меъёрий ҳужжатлари тасдиқланиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигида рўйхатга олинган.“Тозаланган мумиё субстанцияси”, “Мумиё асил-0,15 капсулалари”, “Йод-ЦД”, “Аллтромбосепин” антиагрегант дори воситаси, “Бетайодекса капсулалари” каби дори воситалари ҳам тиббиёт амалиётига жорий этилган. У кафедрада устоз-шогирд анъанасини давом эттириб, кўплаб иқтидорли ёшларни етук олим қилиб тарбиялади. Жумладан, унинг раҳбарлигида 6 нафар фан доктори ва 18 нафар фан номзоди тайёрланди.

Профессор С.Н. Аминовнинг кучли билими ва самарали меҳнати натижасида 80 дан ортиқ муаллифлик гувоҳномаси ва ихтиро патентлари олинган. Шунингдек, у 2002 йилда “Энг яхши ихтирочи” ва 2017 йилда “Янги интеллект -2017” - энг яхши интеллектуал мулк объекти танловининг ғолиблигини қўлга киритган. У 600 дан ортиқ илмий иш, 20 та фармакопея мақолаларининг, 15 та ўқув адабиёти, 5 та монография, 2 та луғат, 90 та муаллифлик гувоҳномаси ва патентлар ҳаммуаллифи ҳамдир.

Фаолияти давомида профессор С.Н. Аминов “Йилнинг энг яхши ўқув адабиёти муаллифи” танловида икки марта биринчи ўрин совриндори бўлган. Шунингдек, 2012 йилда “Йилнинг энг яхши профессори” бўлган, “Ўзбекистон белгиси”, “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси” нишонлари билан тақдирланган.

Кимё ва фармацевтика соҳасига қўшган ҳиссаси учун профессор С.Н. Аминовга 2007 йилда Ўзбекистон Республикасининг фан арбоби унвони берилган.

Профессор С.Н. Аминов 2020 йилнинг 9 июлида 82 ёшида вафот этди. Устоз ҳаёт бўлганларида 85 ёшни қаршилаган бўлар эдилар, у кишининг охиратлари обод бўлсин.


Report Page