АМЕРИКАДАН “ФОЙДАЛИ” ТАКЛИФ

АМЕРИКАДАН “ФОЙДАЛИ” ТАКЛИФ


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бирлашган таҳририяти

Фирибгар учун усул ёки воситанинг фарқи йўқ. Бир иложини топиб, кимнидир қақшатиб, пул топса бўлди. Одатда улар осон йўл билан топиладиган катта бойликни ваъда қилишади. Жиззах шаҳрининг Сайилжойи маҳалласида яшовчи, 1992 йилда туғилган Б.А. ҳам ана шундай “фойдали” таклиф сабаб жабрланувчига айланди.

Маълум бўлишича, Б.А. ижтимоий тармоқ орқали ўзини АҚШ фуқароси Рики, дея таништирган шахс билан бир муддат мулоқот қилган. Қисқаси, Рики гап орасида “дўсти”га 45 минг АҚШ доллари миқдорида ёрдам бериши мумкинлигини билдиради. Фақат бу пул етказиб берилиши учун Рики айтган ҳисоб-рақамга Б.А. 1256 АҚШ доллари кўчириши керак эди. Хуллас, шу йилнинг 28 сентябрида Б.А. айтилган пулни ўтказиб берди.

Аммо доллар ўтказилиши ҳамоноқ Рики билан алоқа узилди. Табиийки, йигитча воқеа юзасидан ички ишлар органларига мурожаат қилди. Ҳолат бўйича тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилди ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиззах шаҳрининг Алишер Навоий номидаги маҳаллада яшовчи, 1989 йилда туғилган Қ.Ҳ. эса танишига фириб берди. Яъни, у Жиззах шаҳрининг Ўратепалик маҳалласида истиқомат қилувчи Ш.Ҳ.га “Ласетти” русумли автоуловини расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, 13 минг 500 АҚШ доллари олади.

Қизиғи, мазкур автоуловга тақиқ қўйилган, у банк гаров таъминотида турган бўлган. 2018 йилнинг май ойидан буён пулларини ололмаётган Ш.Ҳ. ички ишлар органларига мурожаат қилди. Мазкур ҳолат юзасидан ҳам жиноят иши очилган.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Postda” мухбири.

Жиззах вилояти.

https://t.me/postdarasmiy
Каналимизга аъзо бўлишни унутманг!


Report Page