РАСМИЙ МУНОСАБАТ

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати

 Ижтимоий тармоқларда туман ҳокимлигига қарашли “Nexia 3 T250lT” русумли автомобилнинг аукционда сотилиши бўйича қўйилган постга.

    Уйчи туман ҳокимлигига тегишли бўлган «NEXIA 3 T250LT» русумли, 2017 йилда ишлаб чиқарилган, давлат рақами 50 092 DAV бўлган автотранспорт воситаси «Regionlararo mulk markazi» МЧЖ Наманган вилояти филиалида очиқ савдоларда сотилган.

   Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 31 декабрдаги 343-сонли қарори билан тасдиқланган “Бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналарининг асосий воситаларини ҳамда қурилиши тугалланмаган объектларини сотиш, шунингдек уларни сотишдан тушган пул маблағларини тақсимлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 5-бандига кўра бюджет ташкилотларининг бинолари ва иншоотлари (шу жумладан, қурилиши тугалланмаган бинолари ва иншоотлари), автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа асосий воситалар қиймати баҳолаш ташкилотлари томонидан баҳолангандан кейин «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида аукцион савдоларда сотилиши белгиланган.

 Бироқ туман ҳокимлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори талаблари бузилганлиги аниқланди. Яъни мазкур талабга зид равишда «NEXIA 3 T250LT» русумли, 2017 йилда ишлаб чиқарилган, давлат рақами 50 092 DAV бўлган автотранспорт «Regionlararo mulk markazi» МЧЖ Наманган вилояти филиалининг очиқ савдоларига чиқарилган. 2021 йил 9 декабрдаги “AUKSIONSADVO.UZ” электрон аукцион савдолари майдончасида 818 рақамли лот савдоси ўтказилганлиги ва ғолиб аниқланганлиги тасдиқланган. Баённомада аукцион ғолиби М.Бадалов эканлиги қайд этилган.

 Ҳозирда  мазкур автотранспорт воситасини «Regionlararo mulk markazi» МЧЖ Наманган вилояти филиалида очиқ савдоларда сотиш юзасидан тузилган шартномани ҳақиқий эмас, деб топиш юзасидан судга даъво аризаси киритиш чоралари кўрилмоқда. Автотранспорт воситаси айни вақтда туман ҳокимлигининг ҳовлисида сақланаётганлиги билдирилади.

Уйчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати.


Report Page