АЛЛОҲНИНГ ИРОДАСИ ҒОЛИБДИР, ФАҚАТ ЯХШИЛИКДИР
Борлиқ бебош эмас. Уни йўқдан яратган Зот бор, Эгаси бор. У Зот ҳар ишга қодир, борлиқ устидан тўла ҳукмрон. У Зот инсонга ўхшаб, ўзи яратган нарсани измида тутолмай, ожиз қолмайди. Иродаси барча хоҳишлардан устун, Унинг изнисиз еру осмонда бирор иш амалга ошмайди. Ерга тўкилган ҳар бир япроқ, ердан униб чиққан ҳар бир дон ҳам Унинг илму иҳотасида. У Зот борлиқни шундай махфий бошқарадики, эси паст одамлар Уни инкор қилишгача боради. Шунинг учун У Зот Ботин деб аталган. Аммо ишларини шундай маҳорат ва изчиллик билан амалга оширадики, буни пайқаган аҳли донишлар Унинг имзосини ҳар бир каттаю кичик нарсада илғаб, қойил қолганча бош ирғаб қўяди. Шу боис Уни Зоҳир деб аташади.
Ҳаётга қалб кўзи билан назар солиб, тафаккур қилган одам борлиқдаги барча мавжудот, жумладан, инсон ҳам аслида Аллоҳ таолонинг иродасини ижро қилаётганига гувоҳ бўлади. Ўзи оламда инон-ихтиёри бор ягона мавжудот – инсон. Бироқ у ҳам ўз ихтиёри билан Аллоҳ таолонинг иродасини амалга ошириб бораверади. Қизиғи шундаки, бунда инсон барча ишларни тўлиқ эрк билан бажаради, ҳатто оламда ўзини ҳукмрон ҳис қилади, аслида эса илоҳий иродани амалга ошираётган бўлади. Бу жараёнда унинг асосий иштироки Аллоҳ ирода қилган ишларни танлашда намоён бўлади.
Аллоҳ таоло яхши-ёмон, ҳақ ва ботил аҳли аниқ ажраган, ҳамма нарса ошкор бўлган, солиҳлар жаннатда, жиноятчилар жаҳаннамда бўладиган оламни яратган. У ерда ҳеч ким заррача зулм ҳам кўрмайди, зулм қила олмайди ҳам. Бироқ бу боқий оламга одамларни саралаш керак эди. Шу мақсадда У Зот биз яшаб турган ушбу фоний дунёни яратди. Шунинг учун биз бу дунёни имтиҳон дунёси деб атаймиз. Аллоҳ бу имтиҳон учун ҳақ билан ботилни, яхшилик билан ёмонликни жорий этиб, улар ўртасида давомий кураш бўлишини ирода қилди. Бу курашда ҳамиша ҳақ устун бўлишини, яхшилик ёмонликни енгишини ҳукм этди. Қуръон таъбири билан айтганда, Аллоҳ таоло Ўзи ва элчилари ғолиб бўлишини битиб қўйди, «Оқибат тақводорларникидир», дея эълон қилди. Шундан сўнг инсонга ҳақ ёки ботилни танлаш учун ихтиёр берди. Истаса ҳақни танласин, истаса ботилни.
Синов ҳақиқий бўлиши учун Буюк Аллоҳ вақтинчалик бўлса-да, ботилга ҳам имкон ва қувват бахш этди. Бироқ бунда ҳам У Зот шундай махфий режаларни тартиблаб қўйдики, ботил ҳам ҳаққа хизмат қиладиган, ботил аҳли ўзи сезмаган ҳолда ҳақнинг ғалабасини тезлаштирадиган бўлди. Ўрни келса, ботилчиларнинг зўравон қўли билан яхшини ёмондан, мўминни мунофиқдан ажратиб берди. Аммо танлов ёмонлик бўлгани учун, натижадан қатъи назар, ботил тарафдорлари жиноятчи сифатида белгиланади. Бу худди ўлдириш учун берилган заҳар дардга шифо бўлишига ўхшайди, аммо қотилликни қасд қилган киши жавобгар бўлаверади.
Ботил аҳлининг ҳаққа қарши қилган барча режа ва урушларини ҳисобга олсак, ер юзида ҳақдан асар ҳам қолмаслиги керак эди. Тарих оша золимлар тарафидан қилинган зулмлар, бу йўлда олиб борилган ташвиқотлар адолат тушунчасини башарият онгидан абадул-абад улоқтириб ташлаши керак эди. Бироқ ҳаётда бунинг аксини кўрасиз: ботил йўқ бўлиб, ҳақ ютиб чиқаверади, қачон қарасангиз, зулм қораланади, қалблар адолат томон интилаверади. Дунёни яратган Зот ҳақ билан ботилни шундай жорий қилиб қўйган: ҳақ эгилади, қайрилади, аммо синмайди, билъакс, у ҳамиша осмонларга бўй чўзганча мағрур қолади. Бу ҳақиқат моддий оламдаги физика қонунлари сингари ўзгармас қонуниятдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириш имконсиз. Зотан, У Зотнинг иродасидан устун куч йўқ. Ҳар доим алал-оқибат ҳақ ғолиб, ботил мағлуб бўлиши аниқ. Бироқ, тарафдорлар аниқлангунига қадар муҳлат берилади, ҳар ким ўз нияти ва ихтиёрига кўра у ёки бу тарафни танлаб, синовдан ўтиб боради. Бу имтиҳон шунчалар нозикки, уни англаган одам масъулиятдан озод бўлиш учун ҳатто ақлдан озишни орзу қилиб қолади.
Имтиҳонда ҳар кимнинг чиптаси ўзига хос. Ҳар кимга ўзига яраша имконият берилган. Кимгадир ҳукм, кимгадир мансаб, кимгадир бойлик, кимгадир қувват, кимгадир заковат, яна кимгадир илм, кимгадир оддий тарафдорлик қудрати улашилган. Имтиҳонда ҳар ким ўз имконияти билан қатнашади ва шундан сўралади. Масъулият имкониятга кўра белгиланади. Айни пайтда, юқори ютуқлар ҳам, оғир жазо ҳам кўпинча имкониятга боғлиқ бўлади.
Борлиқда оддий бир япроқ Аллоҳнинг илми ва изнидан ташқарида эмас экан, Аллоҳнинг энг азиз махлуқи бўлган инсон, хусусан, дунёнинг қоим туришига сабаб саналган иймонлилар, айниқса, уларнинг орасида мартабасини Аллоҳ кўтариб қўйган уламоларнинг тақдири ҳеч қачон Аллоҳ таолонинг иродасидан ташқарида бўлмайди. Яна шуниси аниқки, Аллоҳ мўмин бандаларига ҳамиша яхшиликни битган: ким нима қилмасин, мўминнинг фойдасига ҳал бўлаверади. Аллоҳ таоло бандага нима яхши эканини ҳаммадан яхши билади, мўминга ҳатто у ўзи ўйлагандан ҳам яхшироғини тақдим этади. Зеро, Аллоҳ мўминларнинг валийсидир.
Дўстингиз сизга яхшилик қилар экан, сизга ёрдам берар экан, сиз учун битилган яхшиликни етказаётган бўлади, асл берувчи эса Аллоҳдир. У Зот шуни ирода этган. Худди шу каби, баъзан душманингиз сизга ёмонлик қилиб, шу билан ниманидир уддаладим, деб ўйлайди. Аслида у ҳам Аллоҳнинг сизга битганини ижро қилаётган бўлади. Ҳар қайсиси ҳам Аллоҳнинг бергани бўлиб, У Зот тақдир қилгани мўмин банда учун яхшилик экан, демак, модомики мўмин экансиз, душманингиз сизга қилаётган ёмонлик ҳам аслида сиз учун яхшилик бўлади. Бироқ, бу яхшилик инсонлар ўлчовидаги фақат моддий ёки оний эмас, балки моддият билан маънавиятни, икки дунёни бир нуқтага жамлаган ҳолдагина англашилади.
Баъзан бандалар яхши деб ўйлаган нарсанинг оқибати ёмон бўлиши, ёки ёмон деб билгани яхшилик бўлиши мумкин. Баъзан инсон озгина ёки юзаки яхшиликни истайди, Аллоҳ таоло эса кўпроқ ва буюкроқ яхшиликни ирода этади: гоҳида бандани кичик мусибат орқали катта кулфатлардан асрайди, жисмини касал қилиб, руҳини тузатади, моддий синовлар билан маънан юксалтиради. Баъзан бир кишига берган имтиҳони билан уни ажрларга сазовор қилибгина қолмай, бутун бир жамият учун яхшиликлар ато этиши мумкин. Истаса, бир халққа синов бериб, бутун дунёни ўзгартиради. Хуллас, Аллоҳ нимаики қилса, албатта яхшилик бўлади, У Зотнинг ишларидаги сир-асрорларни англашга эса ақллар ожиз.
Кимдадир «У ҳолда, ҳеч нима қилмай, ҳамма ишни Аллоҳга ташлаб, тақдирга суяниб қўяверишимиз керакми? Душманнинг адоватига ҳам сукут қилиш керакми? Ким нима қилса қилаверсин-у, биз томошабин бўлиб ўтираверайликми?» деган маънода саволлар туғилиши мумкин. Йўқ, аксинча, имтиҳон айнан шу нуқтада: ҳар ким ўзи учун муяссар бўлган яхши амалларни қилиши керак, етган натижани эса яхшилик деб қабул қилиши керак. Имтиҳоннинг қонунияти шундай.
Бу ерда муҳим бир қоидани билиб олиш лозим: инсоннинг воқеа-ҳодисаларга нисбатан муносабати иккига ажралади: воқеа содир бўлишидан олдинги ҳолат ва у воқе бўлгандан кейинги ҳолат. Биз Аллоҳ тақдирда нима битганини билмаймиз, шунинг учун воқеалар олдида Аллоҳ берган ақл ва таълимотга кўра иш кўрамиз, қўлимиздан келганича яхшиликка ҳаракат қиламиз, манфаат учун курашамиз, чунки биз шунга масъулмиз, шу билан ажру савоб касб этамиз. Аммо натижа биздан эмас, натижа фақат Аллоҳдан. Айни пайтда, биз кутган натижа эмас, У Зотнинг битгани яхшироқ бўлади. Бинобарин, қўлдан келганича ислоҳ учун ҳаракат қилгач, натижага қаралади, Аллоҳ нимани берса, тақдирда шу экан, демак, яхшилик шунда экан, деган эътиқодда бўлинади. Бироқ бу билан биз ҳаракатни буткул тўхтатишимиз шарт эмас, агар ақл ва дин талаб қилса, ҳаракатда яна давом этамиз, кейинги уринишга битилган натижа учун курашамиз. Аммо ҳар гал натижа Аллоҳдан бўлади, Унинг бергани яхшилик бўлади. Яратгувчининг буюклиги ва махлуқнинг бандалиги ҳам шу ишончни тақозо этади.
Аслида яхшилик ва ёмонлик тушунчалари ҳам нисбий. Бошқача қилиб айтганда, уларни баҳолаш масалага қайси томондан қарашга боғлиқ. Барча нарсани Аллоҳ яратган экан, Унинг яратмишлари фақат яхшиликдир. Ислом эътиқодига кўра, ёмонликни яратадиган яна бир худо йўқ, яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг яратгувчиси ягона Аллоҳ, Ундан ўзга холиқ йўқ. Аҳли сунна эътиқодига кўра, бандаларнинг яхшию ёмон амалларини ҳам Аллоҳ яратиб беради. Бинобарин, барча нарсалар, барча амаллар Аллоҳнинг яратиши эътиборидан яхшилик ҳисобланади. Аммо бандаларга нисбатан олиб қараганда, нарсалар ҳалол-ҳаром, амаллар яхши-ёмонга тақсимланади. Имтиҳон мана шу жиҳатдан бўлади.
Биров бир инсонга зулм қилди, ҳатто уни ноҳақ ўлдирди. Қилган зулми, қотиллиги ёмон иш, бунинг учун у жазога лойиқ, аммо бу ҳаракат мазлумга ажру мақом, ҳатто шаҳидлик мартабасини тақдим этиши мумкин. Золимга зулми учун имкон берилиши имтиҳон оламининг шарти бўлса, бу нарса яхшилик қадр топиши ва илоҳий адолат тақозоси эътиборидан яхшиликдир. Мазлумга етган зулм ажру мақом, каффороту даражот, тарбия ва қурбат, абадий саодат эътиборидан яхшиликдир. Ушбу зулм инсоний жамиятда Аллоҳ ирода қилган яхшиликларга сабаб бўлиши жиҳатидан ҳам яхшиликдир. Фитналар, зулму мусибатлар худди олов олтинни тупроқдан тозалаб, тоблаганидек, ростгўйни ёлғончидан, жасурни қўрқоқдан, мўминни мунофиқдан ажратиб, нафсларни поклаш, садоқат аҳлининг иймонини сайқаллаш учун ҳам керак. Фосиқларнинг фаҳшу фужурни ёйиши бузуқликка мойил бўлганларни овлаб, дунёда уларнинг насли кесилишига сабаб бўлиши ҳам бежиз эмас. Бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин. Шундай қилиб, Аллоҳ битган ва яратган барча нарса илоҳий нуқтаи назардан фақат яхшилик бўлиб чиқади. Айни вақтда ҳар ким ўзи танлаган амаллари учун масъул бўлиб, шу билан имтиҳондан ўтади.
Айтайлик, ҳақиқат ва адолат учун курашган бир олим ёки бир оддий мўмин инсон устидан инсонлар тарафидан ҳукм ўқиладиган. Шу ҳодисага бўлган муносабатда кимдир адолатни, кимдир ноҳақликни танлайди. Кимдир ҳақиқат учун курашади, кимдир унга қарши туради, кимдир бефарқ бўлади. Уларнинг бири савоб, иккинчиси гуноҳ касб этса, бошқаси маҳрум ва жавобгар қолади. Кимдир иймон йўлини, кимдир куфрни, кимдир Аллоҳнинг розилигини, кимдир нафсу шайтоннинг хоҳишини ёки бандаларнинг розилигини ихтиёр қилади. Кимдир илмга асосланиб, кимдир жаҳолат билан иш тутади. Биров иймону ибодат ғолиблиги, бошқа биров куфру фосиқлик устунлиги учун курашади. Шу орқали ҳар ким ўзининг қалбидаги ишончини, ички оламини амалга кўчиради, тасдиқлайди, муҳокама учун амал дафтарига қайдлайди. Золим зулми билан мўминга Аллоҳ битган синовни етказади, мазлум эса унга нисбатан сабр ва кураш орқали Ҳаққа садоқатини кўрсатади. Шу тарзда золим ҳам, мазлум ҳам номаи аъмолини тўлдириб бораверади. Бу жараён бандалар ўз тарафларини шубҳа қолмайдиган, кейин тона олмайдиган даражада белгилагунларича давом этади. Ким нима учун қанчалар ҳаракат қилгани Аллоҳнинг ҳисобида қайд этилади. Тарафлар белгиланади: кимдир Раҳмоннинг гуруҳида, кимдир шайтоннинг. Ҳақ аҳли ҳақиқат учун фидокорлик қилса, қалби ҳақдан оғган кимсалар ботилга хизмат кўрсатади. Ҳақиқатпарастлар ҳам, зулмкорлар ҳам ўзи учун ҳужжат йиғади. Бу ҳужжатлар Олий Маҳкамада кўриб чиқилади. Барча тарафларнинг уринишлари ортидан дунёда юзага келган натижа эса Аллоҳ ирода қилган нарса бўлади ва бу албатта яхшилик ҳисобланади. Ҳақни истаган ҳам, ботилни қўллаган ҳам оқибатда Аллоҳ ирода қилган натижа учун хизмат қилади ва шу натижа яхшилик бўлади. Аллоҳ ана шундай Ўз ишида моҳир ва ғолиб Зотдир, У Ўз ҳукмини сездирмай амалга оширади ва ҳамиша ҳақни олий қилади, аммо кўп одамлар буни англамайди. Аллоҳнинг ишларини фаҳмлаш ҳаммага ҳам эмас, қалб кўзи очиқ бўлиши даркор. Нафси ақлини ўтмас қилган, болаларча шошқалоқ фикр, калта фаҳм эгалари илоҳий тадбирларни илғашдан маҳрумдир.
Хулоса қилиб айтганда, борлиқда Аллоҳнинг иродаси устундир, Унинг салтанатида барча фақат Унинг иродасини амалга оширади. Ҳақ учун курашган ҳам, ботилнинг тарафини олган ҳам Унинг иродасини ижро этади. Бироқ инсон ушбу тарафлардан бирини танлашда синалади. Ихтиёр ўзида. Хоҳлаган киши Аллоҳ ғолиблик битган ҳақ тарафда, хоҳлаган кимса пуч ботил тарафда ҳаракатланади. Ҳар икки томон ўзи танлаган йўлда Аллоҳ берган умру ақлини, молу қувватини сарф этади. Сўнгида Аллоҳнинг иродаси рўёбга чиқади: инсонлар имтиҳондан ўтади, тарафлар аниқ бўлади, ҳақ ботилни маҳв этади. Зеро, Аллоҳ бу синов дунёсида ҳақ билан ботил ўртасидаги курашни жорий этар экан, ғолибликни ҳаққа битган. Имтиҳон эса маълум вақт талаб қилади. Муҳлат шунинг учун. Аллоҳга эса замон йўқ, Унинг наздида ой-йиллар, асрлар ҳеч қандай аҳамият касб этмайди. Истаганча имтиҳон қилади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг башарият устидаги иродасидир ва барчаси яхшиликдир.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид