АЛЛОҲНИНГ 99 ГЎЗАЛ ИСМИ
Набавий ҳадис матнида Аллоҳнинг гўзал исмларидан 99 таси зикр қилинган. Уларнинг шарҳини
қуйида кўриб чиқамиз:
1. Аллоҳ.
Ўз сифатида, зотида ягона, ибодат қилиш учун энг муносиб, ундан бошқа илоҳ йўқ Зот.
“Аллоҳ” исми Парвардигоримизнинг жами гўзал исмлари маъносини ўзида жамлаган.
2. Ар-Раҳмон.
Ўта Меҳрибон, карамли, барча махлуқотларга, жумладан, кофирга ҳам, мўминга ҳам ризқ берувчи
Зот.
“Раҳмон” сифати фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хос. Бу сифат Ундан бошқасига ишлатилмайди.
3. Ар-Раҳим.
Меҳрибон, Раҳмли, қиёмат куни фақат мўминларга раҳм қилувчи, Ҳақиқий имон келтирганлар
гуноҳини авф қилиб, жаннатга киритувчи.
“Ар-Раҳим” сифати “Ар-Раҳмон”дан хосроқ бўлиб, “Охиратда фақат мўминларга шафқат қилувчи”
маъносини билдиради.
Юқорида “Раҳмон” сифатини Аллоҳ таолодан ўзгага қўллаб бўлмаслиги айтилди. Лекин “Раҳим”
Аллоҳдан ўзгаларга, жумладан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан қўлланилиши
мумкин (Қаранг: “Тавба” сураси, 128-оят).
4. Ал-Малик.
Барча мулкларнинг ҳақиқий Эгаси, Ундан ўзга эга йўқ. Аллоҳ хоҳлаган ишини қила олади, хоҳлаган
нарсасини яратиши мумкин.
5. Ал-Қуддус.
Ҳар қандай айб-нуқсондан пок, мукаммал Зот. Мутлақ муқаддаслик фақат Аллоҳга хос.
6. Ас-Салом.
Нуқсонлардан саломат, пок, бандаларини ҳалокатлардан сақловчи, уларга омонлик, хотиржамлик
берувчи.
7. Ал-Мўъмин.
Дунёда исталган бандасига, охиратда жаҳаннам ўтидан фақат мўминларга омонлик берувчи;
омонатга вафо қилувчи, бандаларига жаннат ҳақида башорат бериб, қиёмат куни бунинг тасдиғи ўлароқ
уларни жаннатга киритувчи Зот.
8. Ал-Муҳаймин.
Барча нарсани кузатиб турувчи, махлуқотларни ҳимоя қилувчи, уларнинг ҳар бир ҳолатини билиб
турувчи; ҳар бир нарсага шоҳид бўлувчи; махлуқотлар ишини тадбир қилувчи; амин, ишончли,
ваъдасига вафо қилувчи.
9. Ал-Азиз.
Куч-қувват Эгаси, ҳеч қачон мағлуб бўлмайдиган; барча нарсадан ғолиб келувчи.
10. Ал-Жаббор.
Махлуқотлари устидан мутлақ Ғолиб, уларга Ўзи хоҳлаган амр-қайтариқларни жорий қилувчи.
11. Ал-Мутакаббир.
Улуғ, Азиз, кибриё Эгаси.
12. Ал-Холиқ.
Аввал йўқ бўлган нарсаларни Яратувчи, ҳар бир нарсани аниқ ўлчов билан халқ қилувчи.
13. Ал-Бориъ.
Йўқдан бор қилувчи.
14. Ал-Мусаввир.
Ҳар бир махлуқотига ўзига яраша, ўзга махлуқотлардан ажралиб турадиган даражада сурат берувчи;
бандаларига оналари қорнида турган ҳолларида Ўзи хоҳлаган тарзда шакл берувчи.
15. Ал-Ғаффор.
Ҳақиқий тавба қилувчи бандалари хато-камчиликларини, гуноҳларини доим кечирувчи,
нуқсонларини беркитувчи.
16. Ал-Қаҳҳор.
Барча махлуқотларидан устун, уларга Ўзининг адолатли ҳукмини юргизувчи.
17. Ал-Ваҳҳоб.
Бандаларига эвазни ният қилмаган ҳолда жуда кўп неъматлар берувчи.
18. Ар-Раззоқ.
Ризқларни яратиб, уларни махлуқотларига етказувчи, махлуқотларини доим ризқлантириб турувчи.
19. Ал-Фаттоҳ.
Бандаларига ризқ ва раҳмат эшикларини очувчи.
20. Ал-Алим.
Барча нарса ва ҳодисаларнинг ботиний, зоҳирий, энг нозик, энг катта жиҳатларигача Билувчи, илми
ҳамма нарсани тўлиқ қамраб олган Зот.
21. Ал-Қобиз.
Ўз ҳикмати билан баъзи бандалари ризқини тор қилувчи, ўлим чоғида бандалар руҳини олувчи.
22. Ал-Босит.
Ўз карами, раҳмати билан хоҳлаган бандаси ризқини кенг қилувчи, бандалар ҳаётлик чоғида
жасадлари ичидаги руҳларини қўйиб юборувчи.
23. Ал-Хофиз.
Кофир, мушрик, осий бандалар мартабасини пасайтирувчи.
24. Ар-Рофиъ.
Мўмин бандалари мартабасини баланд қилувчи, авлиё бандаларини Ўзига яқинлаштирувчи.
25. Ал-Муиз.
Хоҳлаган бандасини имон йўлига бошлаб, азиз-мукаррам қилувчи.
26. Ал-Музил.
Бандаларидан кимни хоҳласа, хор қилувчи, улардан азизликни, мукаррамликни олувчи.
27. Ас-Самиъ.
Ҳар бир нарсани эшитиб турувчи. Бўлаётган ҳар қандай воқеа-ҳодиса Аллоҳнинг эшитишидан,
илмидан холи эмас.
28. Ал-Басир.
Ҳар бир нарсани кўриб турувчи, бўлаётган ҳар қандай ҳолат Аллоҳнинг кўришидан четда қолмайди.
29. Ал-Ҳакам.
Мутлақ Ҳоким. Ҳеч ким Аллоҳнинг ҳукмига эътироз билдириб, қаршилик кўрсата олмайди.
30. Ал-Адл.
Адолатли, мутлақ адолат қилувчи.
31. Ал-Латиф.
Лутф кўрсатувчи, карамли, мулойим, меҳрибон; ҳар бир нарсанинг ўта нозик жиҳатларигача билиб
турувчи.
32. Ал-Хабир.
Ҳар бир нарсанинг зоҳирий (ташқи), ботиний (ички) жиҳатларидан хабардор Зот.
33. Ал-Ҳалим.
Бандалари исёнига тезда ғазаб қилмайдиган, уларга имкон берувчи, осий бандаларига азоб беришга
шошилмайдиган, фақат мавриди келгандагина жазоловчи.
34. Ал-Азим.
Инсон ақли, тафаккури тасаввур қила олмайдиган даражада улуғ Зот.
35. Ал-Ғафур.
Бандалар гуноҳларини кечириб, айб-камчиликларини беркитувчи.
36. Аш-Шакур.
Итоаткор, солиҳ амаллар қилувчи бандаларига ниҳоятда кўп мукофот берувчи, оз амал қилувчи
бандаларига ҳам ниятларига, ихлосларига яраша ажр-савоб берувчи.
37. Ал-Алий.
Жуда олий мартабали; Унинг зотини, сифатини тасаввур қилишга ақллар ожизлик қилади.
38. Ал-Кабир.
Ўта улуғ, махлуқотларидан мутлақ устун, азалий, абадий Зот.
39. Ал-Ҳафиз.
Махлуқотларини Ўзи хоҳлаган муддат ҳалокатдан сақлаб турувчи.
40. Ал-Муқит.
“Ал-Муқит” сифатининг биринчи маъноси “Ал-Ҳафиз”ники билан бир хил. Иккинчи маъноси эса
ҳар бир махлуқотига ўз насибасини берувчидир.
41. Ал-Ҳасиб.
Кифоя қилувчи, махлуқотларини кифоя қиладиган даражада ризқлантирувчи, қиёмат куни
бандаларини ҳисоб қилувчи.
42. Ал-Жалил.
Улуғлик сифатини ўзида жамлаган Зот; буюк, улуғ, олий.
43. Ал-Карим.
Карами, саховати чексиз Зот. Инъом қилиш билан Аллоҳнинг хазинаси камайиб қолмайди.
44. Ар-Рақиб.
Ҳар бир нарсани кузатиб турувчи.
45. Ал-Мужиб.
Бандалар ихлос билан қилган дуоларини ижобат этувчи.
46. Ал-Восиъ.
Раҳмати барча нарсадан кенг, хоҳлаган бандаси ризқини кенгайтирувчи.
47. Ал-Ҳаким.
Ҳар бир тадбирини ҳикмат билан амалга оширувчи.
48. Ал-Вадуд.
Ўзининг солиҳ бандаларини яхши кўрувчи, улардан рози бўлувчи, бандалари томонидан севилувчи.
49. Ал-Мажид.
Шуҳрати ниҳоятда чексиз, қадри жуда баланд; карамининг чеки йўқ, ўта сахий Зот.
50. Ал-Боис.
Мазкур сифатнинг икки хил маъноси бор: 1. Тирилтирувчи. 2. Юборувчи.
Яъни, бандаларига пайғамбарлар юборувчи, барча махлуқотларини қиёмат куни қайта
тирилтирувчи.
51. Аш-Шаҳид.
Бўлаётган ҳар бир нарса, ҳодиса устида ҳозир-шоҳид бўлиб турувчи. Бирон нарса Аллоҳнинг
гувоҳлигидан четда қолмайди.
52. Ал-Ҳақ.
Мавжудлиги ҳақиқатан тасдиқланган, Ҳақ, Ҳақни юзага чиқарувчи Зот.
53. Ал-Вакил.
Бандалари ишларини амалга оширувчи, уларга манфаат етказишга кафил Зот.
54. Ал-Қавий.
Куч-қувват Эгаси, бирон амални бажаришдан ожиз қолмайдиган Зот. Аллоҳ мутлақ қудрат
Соҳибидир.
55. Ал-Матин.
Ўта қувватли, матонатли Зот. Бирон ишни амалга оширгач, Аллоҳ чарчамайди, заифлашиб
қолмайди.
56. Ал-Валий.
Ёрдам берувчи; валий бандаларини яхши кўрувчи; бутун оламдаги махлуқотлари ишларини
бошқариб турувчи Зот.
57. Ал-Ҳамид.
Ҳар қандай ҳолатда, ҳар қандай замонда ҳамду санога энг муносиб, бандалари томонидан тинимсиз
мақталадиган Зот.
58. Ал-Муҳсий.
Ҳар бир нарсани Ўз илми билан ҳисобга олувчи, илми барча нарсани қамраган, ҳар бир нарсанинг
энг нозик жиҳатларини ҳам, эътиборга молик томонларини ҳам инобатга олувчи.
59. Ал-Мубдиъ.
Ҳар бир нарсани ўхшаши йўқ даражада аввалдан Яратувчи, йўқдан бор қилувчи.
60. Ал-Муид.
Махлуқотларини ўлимга қайтарувчи (яъни, ўлдирувчи), сўнг қиёмат куни уларни яна ҳаётга
қайтарувчи.
61. Ал-Муҳйи.
Қиёматда ўликларни қайта тирилтирувчи, уларга жон ато этувчи.
62. Ал-Мумит.
Ўлимни яратувчи, хоҳлаган бандаси жонини хоҳлаган вақтида олувчи.
63. Ал-Ҳай.
Доим тирик, ҳеч қачон ўлмайдиган Зот.
Боқийлик фақат У Зотга хос. Ўлим, фонийлик эса махлуқотларга хос. Бундай сифатлар Аллоҳга
нисбат берилмайди. Аллоҳ барҳаётлиги бандалар тириклигидан тубдан фарқ қилади.
64. Ал-Қайюм.
Ўз-ўзидан қоим бўлувчи, бошқаларни ҳам қоим қилувчи, ҳар бир нарса устида гувоҳ бўлувчи.
65. Ал-Вожид.
Хоҳлаган нарсасини хоҳлаган вақтида топувчи, ҳеч қачон фақир бўлмайдиган даражада бой Зот.
66. Ал-Можид.
Шон-шуҳрат Эгаси, қадри баланд, карамли, сахий Зот.
67. Ал-Воҳид.
Ягона, Ёлғиз, шериги йўқ Зот.
Аллоҳ таолонинг азалда ҳам шериги бўлмаган, бундан кейин ҳам бўлмайди. У Зот ўз сифатида,
зотида, илоҳликда, ибодатга муносибликда Яккаю Ягонадир.
68. Ас-Сомад.
Мазкур сифат бир неча маъноларни англатади. Жумладан, “мутлақ Ҳоким”, “доим барҳаёт
турувчи”, “ҳеч кимга ҳожати тушмайдиган, аксинча махлуқотлари ҳожатини раво қилувчи Зот”.
69. Ал-Қодир.
Ҳар бир нарсага қодир Зот. Аллоҳ хоҳлаган ишини қилишдан ожиз эмас. Ҳар қандай иш Унга осон.
70. Ал-Муқтадир.
Қудрати чексиз, ниҳоятда кучли Зот.
71. Ал-Муқаддим.
Хоҳлаган нарсасини олдинга суриб, уларни ўз жойига қўювчи. Ким ёки нима олдинга сурилишга
муносиб бўлса, олдинга суради.
72. Ал-Муаххир.
Хоҳлаган нарсасини ортга суриб, уларни ўз жойига қўювчи. Ким ёки нима ортга сурилишга
муносиб бўлса, ортга суради.
73. Ал-Аввал.
Бошланишининг аввали йўқ, барча нарсадан аввал бўлган Зот.
Аллоҳ таоло махлуқотлар яратилмасидан олдин ҳам мавжуд эди. Дунёдаги барча нарсалар,
мавжудотлар “Ал-Аввал” сифатли Аллоҳ томонидан яратилган.
74. Ал-Охир.
Махлуқотлар ўлиб кетганидан сўнг ҳам боқий қолувчи, ҳеч қачон ўлмайдиган, мавжудлигининг
охири йўқ Зот.
75. Аз-Зоҳир.
Барча нарсадан устун, олий Зот. Атроф-муҳитдаги нарсалар, ҳолатлар Аллоҳнинг зоҳирлигига
далолат қилади.
Ҳақиқатан, ақл юритган киши Аллоҳнинг борлигини, Яккаю Ягоналигини билади. Зеро, У Зотнинг
мавжудлиги очиқ-ойдин кўриниб туради.
76. Ал-Ботин.
Махлуқотлар назаридан беркинган, уларга кўринмайдиган Зот. Чунончи, кўз билан Аллоҳни бу
дунёда кўриб бўлмайди.
77. Ал-Волий.
Барча нарсанинг Эгаси, уларни тасарруф этувчи Зот.
78. Ал-Мутаолий.
Кофирлар У Зотга нисбатан айб тақашларидан, мўминлар ҳамду саноларидан олий Зот.
Яъни, кофир ва мушрикларнинг Аллоҳ таолога нисбатан нолойиқ туҳматлари У Зот шаънига путур
етказмайди. Мўминлар ҳамду санолари эса У Зот улуғлигини зиёда қилмайди. Чунончи, бандалари
туҳматлари, ҳамду санолари Аллоҳ таолога зарар ҳам, фойда ҳам келтирмайди. У Зот бандалари
қиладиган амалларидан, айтадиган гапларидан Олий ва Беҳожатдир.
79. Ал-Бар.
Бандаларига чексиз яхшиликлар қилувчи, лутф-карами, эҳсонининг чеки йўқ Зот.
80. Ат-Таввоб.
Бандалари ихлос билан қилган тавбаларини қабул қилувчи.
81. Ал-Мунтақим.
Ғазабини қўзғаган бандаларидан интиқом (қасос) олувчи, уларни жазоловчи. Лекин Аллоҳнинг
жазолаши зулм эмас, адолатдир.
82. Ал-Афув.
Бандалари гуноҳларини кечириб юборувчи.
Мазкур сифат маъноси “Ал-Ғафур”никидан ҳам кучлироқ. Зеро “Ал-Ғафур” бандалар гуноҳларини
беркитишни, “Ал-Афув” гуноҳларни кечиришни, ўчириб юборишни англатади.
83. Ар-Рауф.
Ўта Меҳрибон, ниҳоятда Шафқатли, Раҳмли Зот.
84. Моликул мулк.
Мулк эгаси, ишларни Ўзи хоҳлаган тарзда амалга оширади, Унинг ҳукмига қарши борувчи йўқ,
мутлақ тасарруф қилувчи.
85. Зул жалоли вал икром.
Улуғлик ва карам Эгаси.
86. Ал-Муқсит.
Адолатли Зот.
Аллоҳ Ўз ҳукмида, жазо беришида, маҳрум этишида адолатлидир. Бандаларига зулм қилмайди,
уларни гуноҳларига яраша жазолайди, яхши ишларини муносиб тақдирлайди.
87. Ал-Жомиъ.
Махлуқотларни ҳисоб қилиш учун қиёмат куни маҳшаргоҳга Жамловчи.
88. Ал-Ғаний.
Бой, Беҳожат Зот. Бошқаларнинг Аллоҳга ҳожати тушади, бироқ Аллоҳ ҳеч кимга, ҳеч нарсага
муҳтож эмас.
89. Ал-Муғний.
Беҳожат-бой қилувчи.
Аллоҳ бандалари орасидан кимни хоҳласа, ўшани бой-беҳожат қилиб қўяди.
90. Ал-Мониъ.
Ўзига итоат этувчи мўмин бандаларини ҳар хил кулфатлардан, қийинчиликлардан асровчи, уларни
балолардан қутқарувчи; хоҳлаган бандасидан кенг ризқни ман қилувчи.
91. Аз-Зор.
Зарарли нарсаларни ҳам яратувчи.
Аллоҳ яхшини ҳам, ёмонни ҳам, фойдалини ҳам, зарарлини ҳам яратади. Шу орқали хоҳлаган
махлуқотига Ўз ҳикмати билан зарар етказади.
92. Ан-Нофиъ.
Хоҳлаган бандасига манфаат келтирувчи.
93. Ан-Нур.
Кўзи ожизлар Аллоҳнинг нури билан кўради. Маънавий сўқирлар Унинг ҳидояти ила тўғри йўлни
топади. Аллоҳ Ўзи зоҳир бўлувчи, ўзгаларни ҳам зоҳир қилувчи Зотдир. У осмонлар ва Ернинг нуридир.
94. Ал-Ҳодий.
Хоҳлаган бандасини тўғри йўлга йўлловчи, ҳидоятга бошловчи.
95. Ал-Бадиъ.
Мислсиз нарсаларни йўқдан бор қилувчи.
96. Ал-Боқий.
Доим боқий турувчи, фонийлик сифатидан холи.
97. Ал-Ворис.
Барча махлуқотлар ўлиб кетганидан кейин ҳам мангу қолувчи.
98. Ар-Рашид.
Хоҳлаган бандасини тўғри йўлга бошловчи.
99. Ас-Сабур.
Ўта сабрли Зот.
Аллоҳ гуноҳкорларни жазолашга шошилмайди, балки ҳидоят йўлига юриб, ўзларини ислоҳ қилишларига имкон беради.