АЛИШЕР ШАДМАНОВ: “ФИДОЙИ ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИНИНГ МЕҲНАТИ ҲАР ҚАНЧА ЭҲТИРОМГА МУНОСИБ”

АЛИШЕР ШАДМАНОВ: “ФИДОЙИ ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИНИНГ МЕҲНАТИ ҲАР ҚАНЧА ЭҲТИРОМГА МУНОСИБ”


Аввал хабар қилганимиздек, бугун юртимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна 8 нафари бутунлай соғайиб, ушбу дарддан фориғ бўлганлар 38 нафарга етди. 

Албатта, бундай қувончли воқеалар замирида бор маҳоратини ишга солиб, фидойилик кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг заҳматли меҳнати мужассам. Шу боис бугун беморларнинг дардига малҳам бўлаётган Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси жамоасига Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов томонидан алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, гулдасталар билан бирга, чуқур миннатдорлик изҳор этилди.

- Сабаби улар бугунги кун қаҳрамонлари,- дейди Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов.- Бу эътироф дунёнинг барча минтақаларида, давлатларида янграётгани ҳам бежиз эмас. Чунки жаҳон бўйлаб инсонлар ҳаётига таҳдид солаётган коронавирус инфекциясига қарши, биринчи навбатда, шифокорлар жасорат ва матонат кўрсатишмоқда. Юз минглаб беморларнинг ҳаёти учун кеча-ю кундуз жон куйдираётган тиббиёт ходимларига миллиардлаб инсонларнинг умид кўзлари қадалган. Дарддан фориғ бўлаётган инсонлар қувончи эса қаҳрамон тиббиёт ходимларига куч-ғайрат, иштиёқ бағишламоқда.

Бундай ватанпарварлик намунасини мамлакатимизда фаолият юритаётган минглаб шифокорларимиз мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Улар оиласи, яқинлари, халқимиз учун махсус тиббиёт ва карантин муассасаларида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга астойидил ҳаракат қилишмоқда. Шундай экан, улар меҳнати ҳар қанча эҳтиромга муносибдир, -дейди Алишер Шадманов.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Report Page