АЛИШЕР НАВОИЙ ВА НОЗИМ ҲИКМАТ

АЛИШЕР НАВОИЙ ВА НОЗИМ ҲИКМАТ


Алишер Навоий жаҳоннинг энг улуғ шоирларидан бири эканини биз айтсак, эҳтимол овозимиз бутун дунё бўйлаб таралмас. Лекин энди бу гапни турли мамлакатлардаги машҳур адибу шоирлар айтишса-чи? Бундай ҳаққоний эътироф бизнинг юкимизни енгил қилибгина қолмай, кўнглимизда илиқ бир мамнуният ҳиссини уйғотиб, зўр фахр туйғусини ҳам қўзғайди. 

Машҳур Француз адиби Луи Арагон 1955 йили чоп этилган “Совет адабиёти” китобининг “Навоий” деган махсус фаслида мана бундай деб ёзади: “Замонамизнинг машҳур шоирлари чилилик Неруда, прагалик Незвал, испаниялик Альберти, кубалик Пельен, флодельфиялик Лоу Энфелис ва туркиялик Нозим Ҳикмат бугун Навоий ижодига таъзим қиладилар”. 

  Бироқ таъзимда ҳам таъзим ‒ бор-да. 

Хўш, Луи Арагон тилга олган шоирлардан бизга қалбан ҳам, лисонан ҳам энг яқини ‒ Нозим Ҳикмат. Хўш, у туркий халқлар адабиётининг азалидан ҳозиригача, ким билади, дейсиз, балки абадиятгача энг буюк сўз сеҳргари бўлиб турган бобокалони ‒ Алишер Навоийга таъзимини қандай ифодалади экан? 

  1948 йил. Нозим Ҳикмат Туркиядаги қамоқхоналардан бирида ётибди. Аммо турмада ҳам қаламини қўлидан ташлаган эмас. Ўша йили у бир драма ёзди. Унга: “Фарҳод, Ширин, Меҳманабону ва Темуртоғ суви” деб ном қўйди. 

  1948 йил. Собиқ Иттифоқда Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги катта тантаналар билан нишонланди. Пьеса қаҳрамонлари эса Фарҳод, Ширин, Меҳманабону, яъни Меҳинбону... 

Ана шу икки уйғунлик ҳали асарни ўқиб чиқмасингизданоқ сизда: “Бу Нозим Ҳикматнинг улуғ Навоий юбилейини қамоқхонада туриб қаршилаши, яъни улуғ тўйга тўёнаси эмасмикин?” – деган фикр уйғонади. 

   Таниқли Озарбайжон низомийшуноси, марҳум Ғазанфар Алиев бу пьесани, Низомий Ганжавий “Хамса”сидаги иккинчи достон ‒ “Хусрав ва Ширин” таъсирида битилган, деб ҳисоблаган эди. Албатта, “Фарҳод ва Ширин”га замин бўлган бу сайёр сюжет асосида асар битишнинг сарчашмаси Низомий достони экани, Хусрав Деҳлавийнинг “Ширин ва Хусрав”и ҳам ўша достонга жавобия, Навоий “Фарҳод ва Ширин”и эса айнан шу йўлда, шоирнинг ўзи очиқ билдириб ўтганидек, Хусрав Деҳлавий достонига назира тарзида битилганини инобатга олсак, умумий тарзда Нозим Ҳикматни Низомий сюжетлари асосида асар битганлар рўйхатига киритиш мумкин ва керак. Бироқ Фарҳод тимсолининг пьесада бош қаҳрамони қилиб олинганиёқ таъсир манбасини энди Низомийдан эмас, Навоийдан қидиришни тақозо этади. 

  Кўпчиликка маълумки, Низомий достонида Фарҳод тимсоли яратилган бўлса-да, асарда бу йигитнинг Ширинга ишқи ‒ эпизодик сюжет. Низомий достонининг асосий йўналишини эса Хусрав билан Ширин севгисини васф этиш ташкил этади. Навоий ўз достонига томоман янгича ғоявий-фалсафий мазмун юклади. Бунинг учун эса, аввало, Фарҳод ва Ширин ишқини куйлашни бош мақсадга айлантирди. 

  Бу мавзуда Навоийдан кейин ҳам мусулмон Шарқи адабиётида ўнлаб достонлар битилди. Бироқ энди шоирлар фақат Низомийгагина эмас, айнан Навоийга ҳам жавоб айта бошлади. Ғазанфар Алиевнинг “Шарқ халқлари адабиётларида Низомий мавзулари ва сюжетлари” (Москва: 1985) китобида зикр этилган мавзуда ёзган муаллифлар, уларнинг асарлари хусусида қисқа-қисқа хабар берилган. Аниқлашимизча, шу сайёр сюжет бўйича Навоийдан кейин 62 асарнинг 18 тасида Хусрав билан Ширин севгиси эмас, Фарҳод билан Ширин ўртасидаги ишқ тараннум этилган. Бизнингча, ўзбек, форс-тожик, турк, озарбайжон, уйғур тилларидаги ана шу 18 асар ё Навоий достонига жавоб, ё “Фарҳод ва Ширин”нинг у ё бу кўринишдаги таржимаси. Албатта, бу ‒ ҳозирча бир гипотеза тарзидаги фикр. Унинг ҳар тарафлама илмий исботи учун келажакда махсус тадқиқот олиб бориш ‒ керак. 

 Аммо Нозим Ҳикмат пьесасини ўқиб, у ана шу анъанавий мавзуда битилган асарларнинг ҳаммасидан кўра Навоийнинг “ Фарҳод ва Ширин”ига кўпроқ мос келишига ҳар тарафлама амин бўлдик.

 Гап фақат асардагина эмас чунки пьеса русчага “Легенда о любви” таржима қилинганидан кейин “Бир севги афсонаси” деб атала бошлади. Аслида асар моҳиятан Навоий достонига яқин.

Адабиётшунос Э. А. Корбаткина “Нозим Ҳикматнинг афсона пьесалари” (Москва: 1967) китобида “Бир севга афсонаси” пьесаси илдизлари (генезиси) масаласини ўртага қўйди. Бироқ олимани турк халқ оғзаки ижоди билан алоқаси кўпроқ қизиктиргани сабабли унда Алишер Навоий ва Нозим Ҳикмат асарлари ўртасидаги муносабат йўл-йўлакайгина қайд этилади, холос. 

Актёр, Агариза ўғли Бобоевнинг “Нозим Ҳикмат” (Москва: 1957) китобида пьесанинг Низомий ва Навоий достонлари таъсирида битилгани айтилган. “Фарҳод ва Ширин” билан “Бир севги афсонаси” ўртасидаги муштараклик фақат қаҳрамонларнинг танланишидагина эса Навоий Фарҳоднинг, шахзода бўлиб туриб, Бонийдан меъморлик, Монийдан наққошлик санъатини олий даражада тез эгаллагани, унинг тошйўнарлик маҳоратини меҳр билан куйлаган. Нозим Ҳикмат Фарҳоди шаҳзода эмас-у, лекин уста наққош, тенги йўқ тошйўнар. Бу ‒ унинг асосий касби. Демак Нозим Ҳикмат Фарҳоди – меҳнаткаш халқ вакили, лекин Алишер Навоий ва Нозим Ҳикмат қаҳрамонларини бирлаштириб турадиган бир ип ‒ бор: бу – халқпарастлик, меҳнаткашнинг раҳмини ейиш. 

Тўғри, Низомий Фарҳоди ҳам ‒ ҳунарманд, зўр муҳандис, мисли йўқ наққош. Лекин бу шоир талқинида меҳнаткашпарастлик йўналиши ‒ йўқ.  

 Низомийда воқеа ‒ мана бундай. Ширин қўнган водий шу қадар хушҳаво, шунчалар сўлим эдики, бу ерда кишини сут ичгиси келаверарди. Аммо, аксига олиб, ўша водий яйловларида мол боқишнинг иложи ‒ йўқ. Чунки заҳарли бир ўт пайдо бўлган, мол уни еса, ўлади. Шунинг учун чўпонлар молларини Ширин ўрнашган водийдан анча узоқларга ҳайдаб кетишган. У ердан сут ташиб келтириш эса ‒ кони азоб. Низомий тили билан айтганда, “дардисар”, яъни бош оғриқ бир иш. Шунда Ширин: “Қани, энди бир тошдан ариқ бўлса-ю, ундан сутни оқизиб келтирсак”, ‒ дейди. Ойжамолнинг бу орзусини амалга ошириш учун Шопур Фарҳодни топиб келади. Фарҳод Ширин учун сут ариғи қазади. Шу тариқа Фарҳод Ширинни севиб қолади. 

Навоий достонидаги Фарҳод эса кўп минг кишилик халқни азоб-уқубатдан, машаққатли меҳнатдан озод этиш, учун ҳунарини ишга солади. Аслида, ариқ қазишни халққа, Ширининг истагига кўра, Меҳинбону буюрган эди. Лекин бундан мутлақо хабарсиз бўлган Фарҳоднинг “мазлуми ситамкаш”, “аламкаш” бу элга раҳми келади. Чунки бечора одамлар унга бутун кўнгилларини тўкиб солган, яъни дарди ҳол қилган эди: 

Эрур уч йиллик жон тортиб ҳамиша,  

Ушолмай қолмади метину теша.

Машаққатдин йигитни эл қари дер, 

Ки қозилмиш икки-уч юз қари ер.

Бу янглиғ бирла умри Нуҳ топсоқ

Баданда кўпроқ ондин руҳ топсоқ

Чу меҳнатнинг ҳаду поёни йўқтур

Туганмаслик бу иш имкони йўқтур. 

Гаҳи фарёду афғоне чекарбиз, 

Гаҳ иш қилмоқ учун жоне кечарбиз... 

Халқнинг бу оҳу фиғонига чидаб туролмаган Фарҳод ўз мақсади, яъни Ширини излашни ҳам бир четга йиғиштириб қўяди-да, дарҳол ишга киришади. У:

Ҳунарни асрабон нетгумдир охир,

Олиб фироққаму кетгумдир охир! ‒ 

дейди-да, ишга шўнғиб кетади. 

Ўхшашликни қарангки, Нозим Ҳикмат Фарҳоди ифлос сувдан ўлатга учраб, қирилиб кетаётган Арзин шаҳри аҳолисини қутқариш ва шу йўл билан биргина севгисига эришиш учун тоғдаги булоқ сувини шаҳарга оқизишга бел боғлайди. Ўн йил бетиним тер тўкиб, ярим йўлга етади. Шунда Ширин Меҳманабонунинг мазкур шартни бекор қилгани хабарини олиб келади. 

Лекин Фарҳод севгилиси Шириндан яна ўн йил кутишини сўрайди. Чунки халқни тоза сув билан таъминлаш Фарҳоднинг шахсий манфаатларидан устун туради. Бу Навоий достонидаги энг зўр жиҳатнинг Нозим Ҳикмат томонидан давом эттирилгани эмасми? 

Навоийда Фарҳод учун қурилган тўрт қасрни бунёд этиш воқеалари ора иш боши – корфармо образи тилга олинади: 

Паё-пай корфармодин ҳаё-ҳай 

Ҳаё-ҳайдин қилиб эл иш паёпай.

Нозим Ҳикмат пьесасида эса Устабоши (демак, Корфармо) ёрқин тимсоллардан бири сифатида гавдаланади. 

   Пьесада Фарҳод – наққош Беҳзоднинг ўғли. “Беҳзод” деб ном танланиши ҳам тасодифийми? Йўқ! Бу Навоий бошида турган XV аср иккинчи ярми Ҳирот маданий муҳитининг йирик вакили, буюк рассом, “Шарқ Рафаэли” деб таърифланадиган Камолиддин Беҳзодга очиқ-ошкор ишора-ку! Гўё бу билан Нозим Ҳикмат Навоийдан таъсирланганини яна бир бор зимдан таъкидлаётгандек. 

Албатта, юқоридаги ва бошқа талай ўхшашликлар бўлишига қарамай, Нозим Ҳикматда Фарҳод тимсоли янгича талқин топган. Бироқ бу икки асар муаллифлари бадиий концепцияси ‒ моҳиятан бир-бирига яқин. Иккала асарда ҳам ёрга ишқ халққа муҳаббат ила уйғунлашиб кетган. Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин”идан  фарқли ўлароқ, Нозим Ҳикмат пьесасида меҳнат мавзуси бош масалага айланади. Умуман, “Бир севги афсонаси” пьесасидаги анаънавий сюжетнинг ўзига хос тарзда давом эттирилишини Навоий достонига жавоб айтишнинг замонавий кўринишларидан бири сифатида қараш керак. 

  Нозим Ҳикматнинг мазкур пьесасини унинг жонажон дўсти ‒ Ғафур Ғулом ўзбек тилига таржима қилган ва у 1955 йили босилиб чиққан эди. Ана шу таржима асосида ҳозирги Ўзбекистон миллий театри асарни саҳнага қўйиб, томошабинларни хушнуд этган ҳам. 

Хуллас, Навоий ХХ асрда ҳам умумтуркий сўз санъатининг энг буюк вакили сифатида мавқе тутди.

  Тилак ЖЎРА, Султонмурод ОЛИМ, филология фанлари номзодлари. Мақола 1991 йили ёзилган.

Report Page