АККРЕДИТАЦИЯДАН ЎТГАН ЖУРНАЛИСТЛАРГА ГУВОҲНОМАЛАР ТОПШИРИЛДИ

АККРЕДИТАЦИЯДАН ЎТГАН ЖУРНАЛИСТЛАРГА ГУВОҲНОМАЛАР ТОПШИРИЛДИ

Сайлов—2019


Халқаро Матбуот маркази Тошкент вилояти бўлимида журналистлар учун брифинг ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси мутасаддилари ҳамда вилоятда фаолият юритаётган ОАВ ходимлари иштирок этишди.

 Жорий йилнинг 22 декабрь санасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга ҳам оз фурсат қолди. Бу йилги сайловлар “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар!” шиори остида ўтказиладиган муҳим сиёсий жараёнга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Жумладан, вилоятимизда сайловга тайёргарлик жараёнлари акс этган видеоролик олиниб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилди.


Маълумки, Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори билан мамлакатимиз бўйлаб 20 октябрдан 20 ноябрга қадар “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги” ўтаяпти.


 Тадбирда сўз олган Тошкент вилояти сайлов комиссияси раиси Ж. Насриддинов мазкур ойлик доирасида барча туман, шаҳарларининг, меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида, маҳаллаларда ҳамда аҳоли гавжум масканларда Сайлов кодекси мазмун-моҳиятини кенг оммага тушунтириш, сайловларнинг мамлакатимиз сиёсати, халқимиз ҳаётидаги аҳамиятини тарғиб этишга доир кўплаб учрашув ва мулоқотлар, давра суҳбатлари, амалий машғулотлар ўтказиб келинаётганини таъкидлади. Сайлов қонунчилигидаги ўзгаришларда аҳолининг хабардорлигини оширишда журналистларнинг фаоллигига тўхталиб ўтди.


 Шунингдек тадбирда сайлов жараёнларини ОАВ кенг ёритиш мақсадида вилоят босма ва электрон оммавий ахборот воситалари журналистлари, блогерлар, шунингдек, ҳудудий ҳокимликлар, корхона ва ташкилотлар ахборот хизматлари ўртасида танлов эълон қилингани айтиб ўтилди.


Сир эмаски, сайловларда очиқлик ва ошкоралик принципларининг тўлақонли амалда бўлишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Шундан келиб чиқиб, сайловларда бевосита иштирок этиш ва жараёнларни холисона ёритиб бориш учун вилоят ОАВлари ва марказий нашрларнинг ҳудудий мухбирлик пунктларида фаолият юритаётган журналистларни аккредитациядан ўтказиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.


Тадбир якунида вилоят сайлов комиссиясига аккредитациядан ўтиш учун мурожаат қилган ОАВ вакилларининг 48 нафарига гувоҳномалар топширилди. 


  Халқаро Матбуот маркази

Тошкент вилояти бўлими

 



Report Page