АХБОРОТ ХАТИ
Demokratik jarayonlarni tahlil qilish markazi“Демократик тараққиётда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти: Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси” мавзусидаги Марказий Осиё фуқаролик жамияти форуми бўлиб ўтади.
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази томонидан 2026 йил 17 сентябрь куни “Халқаро демократия куни” муносабати билан “Демократик тараққиётда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти: Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси” мавзусидаги Марказий Осиё фуқаролик жамияти форумини ўтказиш режалаштирилган.
Форумда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий-тадқиқот муассасалари тадқиқотчилари, докторантлар, мустақил изланувчилар, магистрантлар ва талабалар ўз илмий мақола ҳамда тезислари билан иштирок этишлари мумкин.
Форумнинг мақсади – демократик тараққиётда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамиятини илмий-амалий жиҳатдан муҳокама қилиш, Янги Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларнинг ўзаро тажриба алмашишини таъминлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, форум натижалари бўйича амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Форумнинг асосий йўналишлари:
1. “Халқчил бошқарув ва ижтимоий шериклик: ислоҳотларни амалга оширишнинг замонавий механизмлари”
– давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги мулоқотнинг самарали моделлари: “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида янги имкониятлар ва ҳамкорлик истиқболлари;
– фуқаролик ташаббуслари ва жамоат ташкилотларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги иштироки;
– маҳалла – ҳудудий тараққиёт ва жамоатчилик назоратининг таянч бўғини.
2. “Инсон манфаатлари ва фаровонлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтларининг роли”
– Янги Ўзбекистонда ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш ва ижтимоий фаоллигини оширишда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликнинг аҳамияти;
– оила ва хотин-қизларга яратилган имкониятлар: Марказий Осиё давлатлари тажрибаси;
– ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга замонавий хизматлар кўрсатишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни.
3. “Янги Ўзбекистон – Марказий Осиёда умумий тараққиёт ва яхши қўшничилик драйвери”
– рақамли трансформация шароитида фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг янги механизмлари;
– фуқаролик жамияти институтларининг Марказий Осиёда экологик маданият ва ташаббусларни оммалаштиришдаги ҳамкорлиги;
– миллий тажрибадан минтақавий натижага: Марказий Осиёда қўшма лойиҳалар ва тажриба алмашинуви.
Мақола ва тезисларга қўйиладиган талаблар:
– мақолада кўтарилган муаммо тизимли таҳлил қилиниши ва натижаси бўйича аниқ назарий ҳамда амалий таклифлар акс эттирилиши лозим;
– мақолалар ўзбек, рус ёки инглиз тилида тақдим этилиши мумкин;
– мақолалар электрон шаклда 14 шрифтда (Microsoft Word DOC ёки DOCX форматида, Times New Roman шрифтида), 4-6 саҳифа ҳажмида, сатр оралиғи – 1,5 интервал, А4 форматда, чап томондан – 30 мм, ўнгдан – 15 мм, юқори ва пастдан – 20 мм қилиб расмийлаштирилиши лозим;
– мақолада муаллифнинг ФИШ, илмий даражаси, иш жойи ва лавозими, телефон рақами, электрон почта манзили кўрсатилиши шарт;
– мақолада аннотация ва калит сўзлар (мақола ёзилган тилда), манбалар тўртбурчак қавсда кўрсатилади (масалан: [1, – Б. 277]) ва матн якунида фойдаланилган адабиётлар рўйҳати келтирилади.
Форум мавзусига ва илмийлик мезонларига мос келмайдиган ҳамда белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган мақола ва тезислар тўпламга киритилмайди.
Мақолаларни қабул қилиш муддати: 2026 йил 10 сентябрга қадар.
Мақолаларни юбориш манзили: 📧 E-mail: cso.forum2026@gmail.com