АГРЕССИЯ

АГРЕССИЯ


АГРЕССИЯ (aggression, агрессия)бирор давлат (ёки давлатлар гуруҳи) томонидан бошқа давлатнинг суверенитети, ҳудудий дахлсизлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши ёки БМТ Низомига кўра ғайриқонуний ҳисобланган ҳар қандай тарзда қуролли куч ишлатиш. БМТ Низомига зид равишда биринчи бўлиб қуролли кучни қўллаш prima facie агрессия акти ҳисобланади. БМТ Бош Ассамблеясининг 3314 (XXIX) – сонли қарори билан қабул қилинган Агрессия таърифи (1974) Ташкилот Низоми қоидаларида мустаҳкамланган “агрессия акти” тушунчасини мазмунан бойитди. Ушбу ҳужжатда агрессия акти сифатида баҳоланиши лозим бўлган қуйидаги ҳаракатлар белгилаб қўйилди: 1) бирор давлат қуролли кучларининг бошқа давлат ҳудудига бостириб кириши ёки ҳужуми, ёинки ҳар қандай муваққат характерга эга бўлишига қарамай, бундай бостириб кириш ёки ҳужум оқибатидаги ҳар қандай ҳарбий оккупация (босиб олиш), ёинки бошқа давлат ҳудуди ёки унинг бирор қисмини куч ишлатиш билан қўшиб олиш (аннексия); 2) бирор давлат қуролли кучларининг бошқа давлат ҳудудини бомбардимон қилиши ёки бирор давлат томонидан бошқа давлат ҳудудига қарши ҳар қандай қуролни ишлатиш; 3) бирор давлатнинг портлари ёки қирғоқларини бошқа давлат қуролли кучлари томонидан қамал қилиниши; 4) бирор давлат қуролли кучларининг бошқа давлатнинг қуруқлик, денгиз ёки ҳаво кучлари, ёхуд денгиз ва ҳаво флотига ҳужуми; 5) шартнома асосида бошқа давлат ҳудудида жойлашган бирор давлат қуролли кучларининг мазкур шартномада белгиланган шартларни бузиш орқали қўлланилиши ёки шартнома муддати тугаган бўлишига қарамай, ушбу давлат ҳудудида белгиланган муддатдан ортиқ қолиши; 6) бирор давлатнинг бошқа давлат ихтиёрига тақдим этган ҳудудидан мазкур давлатнинг учинчи бир давлатга қарши агрессия актини содир этиш учун фойдаланишга рухсат этиши билан боғлиқ ҳаракати;

7) бирор давлат томонидан ёки давлат номидан бошқа давлатга қарши юқорида санаб ўтилган ҳаракатларга тенг жиддий характерга эга бўлган тарзда қуролли кучни қўллаш актини амалга оширган қуролли тўдалар, гуруҳлар ва мунтазам кучлар ёки ёлланма шахсларнинг юборилиши ёхуд унинг ушбу ҳаракатлардаги сезиларли иштироки. Мазкур рўйхат тугал ва якуний эмас. Агрессия таърифининг 4-моддасига мувофиқ, БМТ Хавфсизлик Кенгаши ташкилот Низоми қоидаларидан келиб чиқиб, бошқа ҳаракатларни ҳам агрессия акти сифатида баҳолаши мумкин. Қуролли ҳужумга учраган давлат БМТ Низомининг 51-моддасига мувофиқ индивидуал ва коллектив тарзда ўз-ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Агрессия тинчликка қарши жиноят, халқаро ва миллий хавфсизликка таҳдид ҳисобланади. Қ.: Бевосита агрессия, Билвосита агрессия.


Report Page