АФРОСИЁБ - САЛТАНАТ, КУЧ-ҚУДРАТ ВА БУЮКЛИК РАМЗИ

АФРОСИЁБ - САЛТАНАТ, КУЧ-ҚУДРАТ ВА БУЮКЛИК РАМЗИ

Rustam Jabborov


Жуда кўп манбаларда Афросиёб қадимий Турон мулкининг буюк ҳукмдори, тарихий шахс сифатида тилга олинган бўлса, бошқа бир гуруҳ мутахассислар уни афсонавий шахс деб ҳисоблайди.

Афросиёб номи Марказий Осиё халқларининг муштарак ёдгорлиги “Авесто”да, Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Абу Бакр Наршахийнинг “Бухоро тарихи ”, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Рашидуддиннинг “Жомеъ ут-таворих”, Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”, Алишер Навоийнинг “Тарихи мулуки Ажам” сингари асарларида  зикр қилиб ўтилган.

“Авесто” китобида унинг номи Франграсйан тарзида тилга олинади ва қадимги Турон ҳудудидаги кўчманчи элатлардан бўлган турларга бошчилик қилгани айтилади. Абулқосим Фирдавсий эса,  “Шоҳнома”да Афросиёб Туроннинг қудратли ҳукмдори бўлгани, Эрон шоҳлари билан узоқ йиллар давомида муросасиз жанглар олиб борганини ёзади.

Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” китобида ёзилишича, Афросиёб 12 йил давомида Турон диёрида ҳукмронлик қилган ва Эрон мулкини Манучеҳрдан тортиб олган. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида ҳам Афросиёб Турон ҳукмдори экани, Эрон қўлга киритгани айтиб ўтилган. Маҳмуд Кошғарийнинг фикрича,  “Туркларнинг улуғ хони Афросиёбни Алп Эр Тўнга деб атар эдилар. Бу йўлбарс каби кучли, баҳодир одам демакдир”.  Шунингдек, Тўнга сўзининг “метиндек қаттиқ, қўпориб бўлмас даражада мустаҳкам” деган маънолари ҳам мавжуддир.

Кошғарий унинг ўлимидан кейин халқнинг қаттиқ қайғуга, ташвишга тушганлиги, марсиялар айтиб узоқ вақт йиғлаганлиги хусусида бир талай ишончли маълумотлар келтирган:

Алп Эр Тўнга ўлдиму,

Ёмон дунё қолдиму,

Замон ўчин олдиму?

Эмди юрак йиртилур...

Туркий халқлар адабиётининг буюк вакили Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида бу шахс ҳақида алоҳида тўхталиб, унинг машҳур туркий беклардан бўлгани, уни туркий ва форсий халқлар турлича атагани, аслида Афросиёб ва Алп Эр Тўнга бир киши эканлигини қайд этиб ўтган.

Бу турк беклариндан, оти белгулик,

Тўнға Алп эрди, қути белгулик.

Тажиклар айур они Афросиёб.

Бу Афросиёб олди эллар талоб. 

Алишер Навоий  “Хамса”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарларида бу ҳукмдор хусусида ўз фикрларини билдириб ўтган. Шоирнинг Афросиёб ҳақидаги фикрлар Фирдавсий “Шоҳнома”сидаги маълумотлар билан билан мос тушади. Шундан келиб чиқиб, Навоийнинг  Афросиёб ҳақидаги қарашлари “Шоҳнома”га асосан шаклланган, дейиш мумкин. Жумладан, “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарида Афросиёбга қуйидагича таъриф беради:

Чу Афросиёб ўлди олам шаҳи,

Эмас эрди иш сиррининг огаҳи.

Жаҳон мулкин ўз мулки қилди гумон,

Ани ҳам чиқарди ародин жаҳон.

(Афросиёб оламга ҳукмдор бўлди, аммо ҳар бир иш сиридан огоҳ эмасди, жаҳон мулкини ўзиники деб ўйлади, аммо жаҳоннинг ўзи уни орадан чиқарди.)

Навоий Афросиёбни Эронда ҳукмронлик қилган Пешдодийлар сулоласи вакили эканини таъкидлаб, Фаридун авлодидан деган тахминни илгари суради. Фаридуннинг уч ўғли бор эди: Салм, Эраж ва Тур. Фаридун ўз фарзандларига мулкини тақсимлаб беради. Рум ва Мағрибдан Яман ҳудудигача Салмга, Туркистон ва Чин ҳудудини Турга, Форс, Ироқ ва Хуросонни Эражга беради.

Бу воқеа Нуҳ (а. с)нинг бутун дунё тўфонидан сўнг Ер юзини уч ўғли Сом, Ҳом ва Ёфасга бергани ҳақидаги ривоятни эсга солади. Жуда кўп диний ва тарихий асарларда келтирилишича, араблар ва ажамлар Сомдан, ҳиндлар ва қора танлилар Ҳомдан, туркий ва осиёлик бошқа халқлар Ёфасдан тарқалган. Бу қайсидир жиҳатдан антропологик қарашлар – инсониятнинг уч асосий ирқ - европеоид, негроид ва монголоидга бўлинишига мос келади.

Юқоридагилардан келиб чиқилса, Форс адабиётидаги Тур ҳамда туркий халқларнинг афсонавий отаси Ёфас сиймоси  айнан битта ўзакка бориб тақалади. Афросиёбнинг катта бобосининг исми Турк бўлган. Манбаларга кўра Турк Ёфаснинг ўғли бўлиб, барча туркий халқларнинг катта бобоси ҳисобланади.

Бугунги кунда баъзи шарқшунос олимлар қадимий Туроннинг туркий халқларга алоқаси йўқ, Афросиёб ва Алп Эр Тўнга бошқа-бошқа шахслар, Афросиёб” сўзи туркий ўзакка эга эмас, деган фикрларни илгари суришади. Кейинчалик илк ўрта асрларда форсий ва туркий халқларнинг ўзаро яқинлашуви ҳамда афсонавий қаҳрамонлар синтезлашуви натижасида Афросиёб билан Алп Эр Тўнга образлари бирлашиб кетган бўлиши мумкин, деган тахминлар ҳам бор.

Абулқосим Фирдавсий ҳам “Шоҳнома” турк ва туронлик атамасини ёнма-ён, маънодош тарзда ифодалайди. Фаридун ўз ўғли, Афросиёбнинг отаси -  Турга Туронзаминни бергани, уни турклар ва чинликлар саркардаси этиб тайинлаганини ёзади:

Дигар Турро дод туронзамин,

Варо кард солори туркону Чин. 

“Шоҳнома”да Фирдавсий Афросиёбни Эрон ва Турон ўртасидаги зиддиятнинг асосий шахсларидан бири сифатида кўрсатади. Афросиёб тилидан айтилган қуйидаги мисралар ҳам унинг эронликларга тиш-тирноғи билан қарши бўлганини исботлайди.

Ки бар мо сипоҳ омад аз чор сўй,

Ҳаме тахти Турон кунанд орзўй.

Биёрам саворони туркон кунун,

Ҳама шаҳри Эрон кунам чўи хун.

(Бизга ҳар тарафдан қўшин келмоқда, улар Турон тахтини эгаллашни орзу қилишади. Мен ҳам турк отлиқларини  олиб бориб, Эрон шаҳарларини қон дарёсига айлантираман).

Афросиёбнинг хитобидан унинг Турон ва турклар ҳукмдори бўлганини тушуниш мумкин. Тадқиқотларга кўра, “Афросиёб” паҳлавий тилида “қора отлиқ” деган маънони англатади. Маълумки, туркий халқларда қора ранг буюклик, ҳукмронлик белгиси саналган. Бинобарин, Алп Эр Тўнгани эронликлар Афросиёб деб номлашган.  X-XII асрларда ҳукмронлик қилган туркий Қорахонийлар сулоласи эса, ўзларини Афросиёб авлодидан деб билишган.

Тарихий манбаларни чуқур ўрганиш асносида Алп Эр Тўнга ва Афросиёб ҳақидаги қарашлар битта нуқтада туташади. Ҳар икки ҳукмдор тахминан бир даврда, битта ҳудудда яшаган. Уларнинг ҳаёти ҳам бир-бирига жуда ўхшаш. Қолаверса, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб сингари мўътабар шахслар ҳам шу фикрни тасдиқлаб туришибди.

Шу билан бирга кўплаб тарихий асарларда ҳозирги пайтда ҳам мажуд бўлган бир қанча шаҳарларнинг тарихи ҳам бевосита Афросиёб билан боғлашади. Хусусан Маҳмуд Кошғарий фикрича, Қазвин, Қум, Марв сингари шаҳарлар ҳам айнан Афросиёб томонидан бунёд этилган.  Улуғ аллома ўз битикларида Афросиёб ва унинг болалари томонидан қурилган ва обод этилган шаҳарлар ҳақида ҳам тўхталаркан, Самарқанд ҳақида берган маълумоти алоҳида аҳамиятга моликдир: “Кент - ўғузлар ва улар билан яқин турувчилар тилида қишлоқ, кўпчилик турклар наздида вилоятдир. Шунинг учун Фарғонани Ўзкент - ўз шаҳримиз дейдилар. Самарқандни катталиги учун Семизкент - семиз шаҳар дейдилар”. 

Самарқанднинг тарихий номи ҳам бежиз Афросиёб номи билан аталмаган. Таниқли тарихчи Амриддин Бердимуродовнинг фикрича,  қадимги Самарқанд шаҳри Афросиёб ҳукмронлик қилган Турон мулкининг  пойтахти бўлган ва шунинг учун ҳам шаҳар  унинг  номи билан аталган.  

Бугунги кунгача сақланиб қолган  қадимий Афросиёб шаҳрининг ўрни  219 гектар майдонни эгаллайди. Бу ерда илк қазишмалар 1883 йилда бошланган. Кейинчалик В.Вяткин, А.Тереножкин, М.Массон, В.Бартольд, Я.Ғуломов, Ш. Тошхўжаев сингари олимлар томонидан  изланишлар олиб борилган.

1965 йилда археологлар бу ердан милодий VI-VII асрларга мансуб сарой қолдиқларига дуч келишди. Сарой деворларида ранг-баранг бўёқлар билан нафис суратлар чизилган. Суратлар асрлар мобайнида зах тупроқ орасида қолганига қарамай, яхши сақланган. Самарқанд ҳукмдори Вархуман саройи деворларга моҳир рассомлар томонидан ишланган бу суратларда турли мамлакатларнинг элчилари, филларда сайр қилаётган маликалар, тўй ва ов маросимлари, асосан туркий қиёфага эга тарихий шахслар акс этирилган. Мазкур деворий суратлар тарихимизнинг ҳаққоний манзараларини ҳақида тўлақонли тасаввур уйғотиш билан бирга, Ватанимизда маданият ва санъат қадим-қадимдан юксак даражада тараққий этганини кўрсатади.

Хуллас, Афросиёб, яъни Алп Эр Тўнгани Ўзбекистон тарихида ўзига хос ўрин тутадиган тарихий шахслардан бири дейиш мумкин. Аммо, ҳали бу ҳукмдорнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ манбалар ҳали кўпроқ тадқиқ қилиниши, туркий дунёда ўзига хос ўрин тутган Афросиёб номи давлатчилигимиз тарихидаги муҳим сиймолардан бирига айланиши зарур. 


Report Page