“АДВОКАТУРА ИНСТИТУТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ”

“АДВОКАТУРА ИНСТИТУТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ”


2021 йилнинг 28 май куни Тошкент давлат юридик университети томонидан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда “Адвокатура институтини такомиллаштириш истиқболлари” мавзусига бағишланган илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Тадбирда Адвокатлар палатаси вакиллари, Судьялар олий мактаби, Бош прокуратура Академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси профессор-ўқитувчилари, адвокатлар, Тошкент давлат юридик университети илмий тадқиқотчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини ҳуқуқий таъминлаш, адвокатура институтининг жамиятда тутган ролини ошириш – олий юридик таълимнинг долзарб вазифаларидан биридир.

Шу мақсадда ташкил этилган мазкур Конференция ишида адвокатура институтининг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими, соҳанинг ривожланиш истиқболларини муҳокама қилишга қаратилди.

Мазкур илмий-амалий конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раисининг биринчи ўринбосари Шухрат Садиков иштирок этиб, бугунги кунда Палата томонидан адвокатура институтини самарадорлигини ошириш, келажакдаги истиқболлари хақида иштирокчиларга маълумот бериб ўтди. Шу билан бирга, соҳага оид ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги юзасидан ҳамда бу ечимли муаммоларни, ўзгаришларни назарда тутган ҳолда, янги ташкил этилган “Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва адвокатура” кафедраси билан ҳамкорликда англашув МЕМОРАНДУМИ ни имзоланишини таклиф қилди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳузуридаги Услубий маслаҳат кенгаши раиси, юридик фанлар доктори, адвокат Бахром Саломов, Адвокатлар палатасининг ягона нашри бўлган “Адвокат” журнали ва янги ташкил этилиб, нашрдан чиққан “Адвокат-пресс” газетасининг фаолияти тўғрисида иштирокчиларга қисқача маълумот бериб ўтди.

Тадбир доирасида Тошкент давлат юридик университети Жиноий одил судлов факультети декани Дилдора Камалова ҳамда, Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва адвокатура кафедраси профессори, юридик фанлар доктори Гулчехра Тулаганова, бугунги кунда Тошкент давлат юридик университетида адвокатура институтини илмий тадқиқ этишга, ёшларда адвокатлик касбига бўлган қизиқишни оширишга жуда катта эътибор берилаёганлиги ва бу борада сўнгги бир йил ичида университетда мамлакатимизда олий таълим тизимида ягона бўлган махсус адвокатура кафедраси ташкил этилганлиги қувончли ютуқларимиздан бири бўлганлигини барчага маълумлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Магистратура босқичида янги “Адвокатлик фаолияти” йўналиши очилганлиги ҳамда соҳага оид кўплаб дарслик ва адабиётлар чоп этилмоқда. “Устоз-шогирд” анъанаси йўлга қўйилган, “Legal protector” илмий клуби фаолияти хақида иштирокчиларга маълумот бериб ўтдилар.

Бугунги конференция ишида “Ўзбекистонда адвокатура фанини ривожлантириш истиқболлари” хусусида Тошкент давлат юридик университетининг “Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва адвокатура” кафедраси мудири, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Валишер Давлятов мавзу юзасидан соҳага оид ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги, юртимизда узоқ йиллар давомида адвокатура институтига оид илмий тадқиқотлар деярли ўтказилмаганлиги хақида қайд этиб ўтди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бунинг асосий сабабларидан бири адвокатура институтига етарли даражада эътибор берилмаганлиги, илм-фанда ва амалиёт уйғунлиги етарлича даражада эмаслигини кўрсатди. Масалан, қарийб 30 йил ичида айнан адвокатура институтига бағишланган атиги 2 та докторлик диссертацияси ҳимоя қилинган, бу эса Ўзбекистонда ҳимоя қилинган диссертацияларнинг 0,02% ташкил этишини иштирокчиларга маълумот ўрнида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда 4125 нафар адвокат фаолият юритмоқда, яъни ҳар 100 минг аҳолига деярли 12 нафар адвокат тўғри келиши, бу жуда паст кўрсаткич эканлиги, Европада ҳар 100 минг аҳолига ўртача 123 нафар адвокат хизмат кўрсатиши таҳлил қилинди.

Шу муносабат билан, конференция иштирокчилари томонидан адвокатура институтини такомиллаштириш истиқболларини белгилашга, фуқароларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилиниши таъкидланди.

Тадбир якунида олимлар, экспертлар ва соҳа мутахассислари томонидан аниқ таклиф ва тавсиялар белгилаб олинди.

https://paruz.uz/post/advokatura-institutini-takomillashtirish-istibollari

Адвокатлар палатаси

Матбуот хизмати


Report Page