«АДЛ ИЛА ОЛАМ ЮЗИН ОБОД ҚИЛ...»

«АДЛ ИЛА ОЛАМ ЮЗИН ОБОД ҚИЛ...»


 Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичига қадам қўяркан, муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев адолат тамойилини ислоҳот­ларнинг бош мезони сифатида танлади. Мамлакатимизда инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини энг олий қадрият сифатида рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар даврида мутафаккир шоирнинг хулосалари ҳар қачонгидан ҳаётий ва долзарб бўлиб қолмоқда. Маълум бўладики, жамиятдаги эзгу ниятли кучларни ягона мақсад йўлида бирлаштирувчи ушбу қадрият миллий давлатчилигимиз тафаккурида муҳим ўрин эгаллайди. Эндиги вазифа — мазкур маънавий-ҳуқуқий қадриятни ҳаёт тарзимизнинг бош мезонига айлантириш, ҳар бир ишда адолат тамойилига риоя этиш. Ана шунда ҳазрат Алишер Навоийнинг руҳи биздан шод, ҳаётимиз ва кўнглимиз обод бўлади.

ТАҲРИРИЯТДАН

Ҳамма Вақтдан қўрқади, Вақт эса Миср эҳромларидан, деган нақл бор. Назаримда, Мир Алишер Навоий ҳазратларининг шахсияти ва ижодига ҳам айни шу таъриф тўла-тўкис мос тушади. Олти асрга яқин муддат мобайнида кишилик жамиятининг ижтимоий-сиёсий, маданий ва маърифий жабҳаларида кўп ўзгариш ва эврилишлар юз берди. Аммо ҳанузгача башарият фарзандлари ҳазрат Навоий яратган буюк маънавий мероснинг моҳиятини тўла англаб олганича йўқ. ХХI аср одамлари Алишер Навоий яшаган даврга кўра каррасига кўпроқ роҳат ва фаро­ғатда, фаровон ҳаёт кечирмоқдалар. Аммо маънавий поклик, руҳий юксалиш масаласида улуғ бобокалонимиз эришган даражалар биз учун шунчаки қўл етмас орзу бўлиб қолмоқда.

Ижодкорларнинг тақдири ижод жа­райони каби турфа ва хилма-хил кечади. Тарихда Умар Хайём каби улуғ шоирлар ўтганки, ҳаётлиги даврида кўпчилик ҳатто уларнинг бадиий ижод билан шуғулланишидан ҳам бехабар эди. Аммо вафотидан кейин улар дунёнинг энг машҳур шоирларидан бирига айланиб, ёзган байту ғазаллари тилларда достон бўлади. Яна бир тоифа қаламкашлар борки, ҳаётлик пайтида барча унвону мансаб, эътибор ва эҳтиромга сазовор бўлишади. Аммо улар ёзган битик­ларнинг умри ўзларининг умрларидан ҳам қис­қа­роқ бўлади. 

Алишер Навоий шу маънода бахтли шоир эди: унинг ижоди ҳаётлиги пайтидаёқ Хожа Аҳрор Валий, Мавлоно Абдураҳмон Жомий, Мавлоно Лутфий каби замонасининг энг улуғ мутафаккирлари эътирофига сазовор бўлди. Вафотидан кейин ҳам бутун башарият унинг беназир шахсияти ва бебаҳо илмий-ижодий меросига буюк муҳаббат ва эҳтиром ила муносабатда бўлмоқда. Ўтган давр мобайнида салтанатлар, тузум ва тутумлар неча бор алмашди. Аммо Навоийнинг маъна­вий мероси барча сиёсат ва раёсатлардан баланд туриб, кишиларни одамийликнинг мунав­вар манзилларига чорловчи, меҳр-муҳаббат, шаф­қат ва мурувват, вафо ва садоқатнинг толмас ҳудайчиси бўлиб қолаверди.

Нафсиламрини айтганда, шу чоқ­қача Алишер Навоийнинг меросини омма­лаштириш бўйича салмоқли тадқиқотлар амалга оширил­ган бўлса ҳамки, унинг шахсиятини тўғри ва тўлақонли англаш йўлидаги изланиш­ларни кўнгилдагидек деб бўлмайди. Ҳалигача Навоий деганда собиқ совет даврида сурат­га олинган бадиий фильм таъсирида Ҳусайн Бойқаро билан қиз талашган, унга қарши курашавериб анча эрта мункиллаб қолган нуроний мўйсафидни тасаввур этиб юрамиз. Бугунги даврда матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали таралаётган қўшқаватли таъриф-тавсифлар таъсирида ёшларимиз Навоийни одам боласи яқинлашиши мумкин бўлмаган маънавий чўққи, таъбир жоиз бўлса, бир топинч – бутга ўхшатишади. Ҳолбуки, Алишер Навоий ўзининг истеъдодини катта меҳнат ва машақ­қатлар билан, соф ният ва чексиз ғайрат билан камолга етказиб, буюкликнинг асрори – оддий­лик, одамийликда эканини ўз ҳаёти ми­со­лида исботлаган доно маслаҳатгўй, холис ёрдамчи, чин дўст ва донишманд муаллимдир. Унинг ҳаёт йўли ва маслак-матлабини тўғри ва тушунарли тилда етказиш бугунги кунда ҳар қачонгидан долзарб бўлиб қолмоқда.

Алишер Навоий ҳам бошқа мутафаккирлар қатори асосан олам ва одам, ҳаёт ва ўлим, Яратган ва яратиқ каби умумбашарий ва барча давру замон учун муҳим бўлган муам­молар устида мушоҳада юритади. Унинг инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган фикр­лари ва умумлашмалари бошқа мумтоз мутафаккирларнинг қарашлари билан ҳамоҳанг бўлиши баробарида, муҳим бир хусусияти билан алоҳида ажралиб туради – унинг ижтимоий ҳаёт, инсон ва жамият, олам ва одам табиати ҳақидаги хулосалари шахсий тажрибалар, ҳаётий кузатувлар асосида шаклланган. Бошқача қилиб айтганда, Навоийнинг фикрлари ўта ҳаётий, амалиёт билан кўпроқ уйғундир. Давлат ва жамоат арбоби сифатида ҳаётнинг барча аччиқ-чучугини тотган, турли-туман одамлар билан мулоқот қилиб, турфа синовларни бошидан кечирган ва гоҳида жуда қимматга тушган тажрибаларини гўзал бадиий тилда ифодалаган донишманд Навоийнинг фикрлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Айниқса, адолат мавзуси Навоий ижодининг ўқ томирини ташкил этади, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Ижтимоий ҳаёт барқарорлигининг бирламчи шарти адолат эканига ўз ҳаёти давомида бот-бот имон келтирган мутафаккир турли шакл ва йўсинда адл ва инсофнинг васфини келтиради – гоҳида икки ёрнинг дўстлик йўлидаги фидойилиги мисолида тараннум этса, баъзан салтанат аҳлининг ҳаётини ибрат ўлароқ мисол келтиради. Кези келганда рамзий-тамсилий ҳикоялар воситасида адолатнинг моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилса, айрим ҳолларда ишқий мисралар орқали ҳам адолат ҳикматини уқтиради. 

Мутафаккир шоирнинг ақидасига кўра, адолат – тенгсизлар ўртасидаги мувозанатни таъминлашдан иборат бўлиб, давлат арбоблари зиммасидаги энг катта масъулиятдир. Айниқса, мулозимлар билан муносабатда мўътадиллик ва меъёрни ушлаш алоҳида аҳамият касб этади. Ҳар бир инсон ўзгалар билан муносабатини ўзининг жамият тараққиётига қўшган ҳисса­си ҳамда бунинг эвазига оладиган улуши­ни таққослаш орқали баҳолайди. Ушбу нисбат бўйича жамият олий, ўрта ва қуйи табақаларга бўлинади. Элбошилардан эса маз­кур ижтимоий иерархияни тўғри таснифлаган ҳолда, улуғ даражали одамларга мартабасига яраша ҳурмат ва иззат билан, энди мансаб пиллапояларига қадам қўйган ёшларга мурувват ва масъулият билан муносабатда бўлишни талаб қилади. Бекларга навкар каби, навкарга эса беклар сингари муносабатда бўлиш бир хил хатарлидир. Бирида бек ранжиб, хавфли душманга айланса, иккинчи ҳолатда навкар ўз ҳаддини унутиб, нодон дўст каби билиб-билмай зарар келтириши мумкин. Ўрта бўғиндаги мулозимлар билан ҳам ўртача муносабатда бўлиш тўғри йўл ҳисобланади. Айни шу ҳолат, яъни ҳар бир кишига ўз салоҳияти, иқтидори ва нуфузига қараб муомала қилиш адолатнинг бирламчи шартидир:

Керак қилса, улким тилар шоҳлиқ,

Сипаҳ борча ҳолидин огоҳлиқ.

Улуққа улуқча ато айласа –

Кичикка кичикча сахо айласа.

Ким этса васатлиқ йўлинда зуҳур,

Анга тузса ойини «хайрил-умур».

Не тутса улуғни қошида кичик,

Не қилса кичикни улуғ чаргалик. 

(«Садди Искандарий», 28-боб.)

«Садди Искандарий» достонининг бир боби тўлиқ адолат таърифига бағишланган. Бунда шоир олдинги тўрт достонда айтилган фикрларни умумлаштириб, яхлит концепция шаклида баён этишга киришади. Унга кўра, адолат – жамиятдаги барча муносабатларни тартибга солувчи тушунча бўлиб, уни амалга ошириш энг аввало, мамлакат ҳукмдори ҳамда тайинланган раҳбарларнинг бевосита вазифаси ҳисобланади. Адолат – шунчаки дунёвий ҳодиса эмас, балки илоҳий миссия эканини исботлаш учун мутафаккир шоир Аллоҳнинг гўзал исмларини мисол келтиради. Унга кўра, Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигини билдирувчи «Ар-Раҳим», ўта карамли эканини билдирувчи «Ал-Карим» исми бор. Бошқа исмлари ҳам шундай. Аммо адолатлилигини билдирувчи сифати «Ал-Одил» (адолат қилувчи) эмас, балки «Ал-Адл»(адолат)нинг ўзидир. Бундан келиб чиқадики, адолат билан иш қилувчи подшоҳ Аллоҳнинг «Ал-Адл» исмининг мазҳари бўлиб, у Худонинг энг яқин дўстига айланади:

Не асмоким, ул Ҳақ сифотиғадур,

Агар фикратинг ҳар бир отиғадур.

Қиссадан ҳисса чиқариш асносида улуғ шоир юқоридаги фикрларига қўшимча равишда янги-янги хулоса ва умумлашмаларини тақдим қилади. Унга кўра, мамлакат фаровонлиги, юрт равнақи ва осойишталиги айнан жамиятда адолатнинг барқарорлигига боғлиқ. Адолат туфайли халқнинг ҳукуматга ишончи ортиб, садоқат ва бирдамлик туйғуси кучаяди. Сипоҳийлар ҳам фидойилик билан мамлакатни қўриқлайди. Бошқа мамлакат раияти ҳам одил подшоҳни яхши кўриб, унинг ҳақига дуолар қилишади. Жиноятга жазо муқаррар бўлган муҳитда ўз-ўзидан ўғрилик, қотиллик, зўравонлик, қароқчилик каби иллатлар камаяди. Зулмнинг катта-кичиги бўлмайди. Айрим ҳолларда арзимас бир жиноятга қаттиқ жазо чорасини қўллаш сиёсати ҳам адолат ва инсоф, холислик ва ҳақиқат тантанасига кўмак беради. Бу ҳол эса, ҳукмдорнинг ҳам дунё ва ҳам охиратда саодатли умр кечириб, яхши ном қолдиришига сабаб бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, бугун юртимизда адолатли жамият барпо этиш ва инсон қадрини олий қадрият сифатида белгилаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳазрат Алишер Навоийнинг ғоя ва қарашлари, эзгу орзулари билан уйғун ва ҳамоҳангдир.

Олимжон ДАВЛАТОВ,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти директори

2024 йил 9 февраль 7-сон



Report Page