АДАБИЁТ ОТАМДАН КУЧЛИ

АДАБИЁТ ОТАМДАН КУЧЛИ


 Отамни танийсиз. Бир пайтлар «Ўлка ривожи» (ном ижтимоий хавфсизлик нуқтайи назаридан ўзгартирилди) партиясида тарғиботчи бўлиб донг таратганидан маҳалла-кўйда Фарҳод фирқа номи билан ардоқланиб келинади. Кўп йиллик тажриба туфайли отамиз оиламизни ҳам фирқа ячейкасига айлантириб, партократларга хос бюрократик интизом ўрнатганки, у кишининг айтгани айтган, дегани деган. Ҳар қандай оилавий машваратни навбатдан ташқари сессияга айлантириб, кун тартибини ўзи белгилаб, ўзи қарор чиқаради, тамом. Бажармай кўрчи! Бугун ҳам ана шундай ошиғич мажлис чақирилиб, ўн чоғли вакиллар жамулжам бўлдик. Отам тўрда ястаниб, графиндан саккиз қиррали стаканга сув қуяркан, бароқ қошлари остидан синчиклаб кворум борлигига ишонч ҳосил қилгач, кун тартибини эълон қилди:

– Так, бугунги муҳокамага қў­йиладиган мавзу битта: неварамиз Шукрулложоннинг фотиҳа тўйи муносабати билан қуда томонга тақдим қилинадиган совға-салом, халқ тилида айтганда, сарпо-суруқ масаласидир. Кимда қанақа таклиф бор? Қаршилар, бетарафлар? – Отамиз ҳали ўз оғзидаги гапини тугатмасдан ҳукм чиқариб қўяқолди, – хўп, демак бир овоздан қабул қилинди. Энди муҳокамага қўйилган масала юзасидан асосий маърузачи – етакчи маслаҳатчимиз, ҳаммамиз учун ҳурматли Ойпошша Бердиевага (исм-шарифлар этика нуқтайи назаридан ўзгартирилди). Таъкидлаб айтамизки, сизга регламент бўйича уч дақиқа вақт ажратилган. Лекин ҳурматингиз бор, яна учта уч минут қўшиб берамиз. 

Онамиз салобат билан тўрга ўтиб, мажлис аҳлига (келинлар бундан мустасно) виқор билан қош қоқиб миннатдорлик билдирди. Онамизни яхши танийсиз. У киши ўтган асрнинг 90 йиллари миёнасигача ўрта мактабда тил ва адабиётдан дарс бериб, кейин бозорлар маънавий мададга муҳтожлигини сезгач, Отчопарда тил, ҳасип-хоним савдосини йўлга қўйганлар. Тилли-жағли эмасмилар, емакнинг таърифини шундоқ боплаганларки, Ҳасипхоним деган номлари шу шараф билан боғлиқ. Нотиқнинг протоколда кўзда тутилган расмий маърузаларини тўлиқ келтириб, шундоғам вақти зиқ ўқувчиларнинг қимматли умрини ўғирламоқчимас­ман. Қисқаси, фотиҳа дастурхони таркибига кирувчи ўн икки сандиқнинг пешкаши бул турур: дастлабки олти сандиқ номига тил келишмайдиган кийим-кечак, латта-путта, атир-упа, зеби-зийнат, техник анжомлар ва ҳоказо билан тўкис экан. Қолган беши егулик, ичкилик, мева-чева, чақ-чуқ, қанд-қурс дегандай (папайя, аждарҳо, мангостан, Зимбабве ит­узуми, Гвинея-Бисау хушбўй саримсоғи, Танзания маймунжони шинниси кабиларни, ўлай агар, тушимда ҳам кўрмагандим) нозли неъматлар билан тўлдирилди. Онамизнинг маърузалари якунида муддао ўн иккинчи сандиқни қандай тўлди­риб, бўлажак қудаларни ҳанг-манг этишу, обрў олиш эканлиги маълум бўлди. Сўз эркинлиги яхши нарсада! Эндигина оиламизнинг фаол аъзолари оғиз жуфтлаган жойида отамиз хонтахтага енгил шапатилаб, сўзни ўзига ўзи бериб қўяқолди: 

– Аввало, барчангиз мажлисимизда онгли ра­вишда қатнашиб, ўз нуқтаи назарингиз борлиги­ни ифода этмоқчи бўлганингиз ўта қувонарли ҳол. Ҳақиқат баҳсларда туғилади. Шу ўринда менда бир таклиф бор. Ҳаммамизга маълумки, ке­йинги йилларда китобхонликка эътибор ҳаддан зиёд кучайиб бормоқда. Шуни инобатга олиб, сўнгги сандиққа ноёб китоблар жойлаб, маърифатпарвар хонадон сифатида қудаларга тақдим этсак, айни муддао бўларди деб ҳисоблайман (давомли гулдурос қарсаклар янг­ради). Зеро, «Ўлка ривожи» фирқасида мардонавор жавлон урган пайтларимизда буюк сафдошимиз, ҳамма давр ва халқларнинг оташин адиби Валижон Соқий (тахаллус, дафъи бало тарзида ўзгартирилди) айтардики: «Китоб ўқимаган инсоннинг даладаги ҳўкиздан зиғирча фарқи йўқдур». Демак, овозга қўяман. Қаршилар, бетарафлар? Йўқ. Раҳмат. Энди, Сарварахон қизим, чопқиллаб чиқиб, иккинчи қаватдаги китобларни йиғиб тушинг. Иложи борича тахи бузилмаган, янгироқ бўлсин. Қизимиз Сарварахон дик этиб турдию: «Додажоним, мавжуд китоб­ларнинг бирор нафари варақланмаган, оҳори тўкилмаган, йили эски бўлсаям, види янги», деб изоҳлади ва эшикка йўналди. Отамиз вақтнинг қадрини яхши биладиган одам эмасми, китоб келтирилгунча тўй тадо­риги мавзусини чўқилаб турди. Акамизни яхши биласиз, ўша сурункали ДАН ходими, майор, ҳайдовчилар орасида Темир олатаёқ номи билан отнинг қашқасидек танилган киши. Отамиз кўрсаткич бармоғи билан акамиз­ни турғизиб, терговга олди: «Қани, ички ишлар майхўри, ашулачи масаласи нима бўлди? Содир боламни айт­дингми?» Бирдан онамиз бу гапдан оловланиб, тўлғаниб кетдилар: «Бо, ордона! Шу отарчига бунча бино қўйгансиз, товба? Ялтоқланиб оталаб, пулингизни шилса, лаққа тушиб сиз ҳам боламлаганингиз боламлаган. Буям давринг келди, суриб қол деб, сизниям денка тестга топширвормасин!» Отамиз буёғини аввал ўйламаган шекилли, «йўғ-э, унчаликка бормас» дедию, қайтиб бадиий қисм ҳақида оғиз очмади. Келтирилган китоб дастаси тепасидаги биринчи китоб­ни олиб, муқовасини силаркан, чеҳраси ёришиб хитоб қилди: “Мана бу бошқа гап. Ғафур Ғулом: «Сен етим эмассан». Онамиз яна кескин гап қўшдилар:

– Бўл-май-ди! Умуман, бўлмайди. Анави қудаликка номзоднинг тўнғич ўғли алиментшик экан. Биринчи рўзғоридан олтита боласи онасига қўшилиб қайноғаликка номзодни орқасидан галалашиб қувиб юрармиш. Аниқ тегиб кетади!

 Отамиз бўшашиброқ китобни тескари қўйдилар. Қўлга илашган кейинги асар «Баҳор қайтмайди» бўлди. Падаримиз тўлқинланиб: «Ўткир окамгила бу романни ёриб қўйганлар. Видеофильмини кўрганман. Алимардон Тўраев! Лутфулла Саъдуллаев!» деб хитоб қилдилар. Шу жойга келганда рафиқамиз бир ўрнидан турдию, ботинолмай жо­йига қайта чўкди. Онамиз қошларини сакратиб, дардингни айтиб қол ишорасини берганларидан сўнг: 

– Узрку, ҳалиги, анақа... Келинликка номзодимизнинг опачаси бир тиллапуруш билан қозоқ­қа қочиб кетган, дейишди. Оти ҳам анақа... Баҳорой экан. «Баҳор қайтмайди», деса ғалати чиқмийдими?

 Отамиз пешонасини уқалаб, у китобни ҳам тескари тахлади. 

 – Хўп, майли. Мана, Достоевс­кий! «Жино­ят ва жазо». Расмлариям тиниқ экан. Ўзиям сандиқнинг ярмини эгаллайди. 

 Шунда майор акамиз сакраб ўрнидан турди. Қизишиб, қўлини силтаб, «ашёвий далил» келтирган бўлди:

– Ўртоқлар, давлатни иши ўйин­чоқми сизларга? Буёқда келинликка номзоднинг ўртанча поччаси Шайхалида уюшган жиноятчилар қаторида ўтирибди. Бу китоб очиқдан-очиқ шаъма бўлиб қоладию! 

– Мана бунисичи? Буям ўзимизни Ғапир аканики экан. «Менинг ўғригина болам»... 

– Ўша аристон укахонимиз айнан группавой ўғрилик учун кесилиб кетган. Ўз қулоғим билан ишончли манбалардан эшитдим. 

Отамизнинг ҳафсаласи қайтиб, эшитилар-эши­тилмас: «Ҳар банда ўз қулоғи билан эшитадида», деб қўйди. Эркин Воҳидовнинг «Истанбул фожиаси» китоби ҳам Туркияда яшаётган қудағайларнинг тақдири билан уйқашлиги сабаб четга сурилди. Онамиз китоб дастасига бўйин чўзиб, бўғинлаб ўқидилар: «Қо-ра-кўз Маж-нун». Са-ид Аҳ-мад”. Шу топгача тумтайганча миқ этмай ўтирган куёвликка номзод Шукруллотойнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.   

– И-я, бувижонгинам, совчиликка борганда келинликка номзоднинг кўзигаям бир қараб қўймаган экансизда! Кўзлари пойма-пойку! Бу билан куёвтўранинг кўзлари қана­қаю, келинпошшаники анақароқ деган гап чиқиб қомийдими? 

Отамиз кўпни кўрган арбоб сифатида графинга стаканни тўқиштириб, мажлис аҳлини тинч­лантираркан, юмшоқроқ оҳангга ўтди: “Мана... Болалар учун ҳам китоб бор экан. Бу беозор мавзуда эътироз чиқмаса керак? Хўп, «Лайлак келди, ёз бўлди»... 

Шунда куёвтўра чаён чаққандай ирғиб ўрнидан турдию, бир нарсалар деб ғудраниб, хонадан ўқдай отилиб чиқиб кетди. 

– Нима бўлди, – деб сўради ёқа тутамлаб онамиз. 

Қизимизнинг айтишича, учрашувга ше­рик бўлиб чиққанда кўрганмиш, келинликка номзоднинг бўйи куёвликка номзоддан икки қаричча узунроқ эмиш. Ҳатто инс­таграмдаги дўстлари ҳам «Лайли, лайлак» деб масхара қи­ли­шаркан. Ўша куни ҳам куёв новчароқ кўринай деб оёқ учида, келин мутаносиб бўлиш учун букилиброқ суратга тушишган экан. 

– Хўп, – деди отамиз. – Манави мумтоз адабиёт намунаси экан. Менимча, шу бехитроқ. Нақшиям Абулқосим мадрасасини эслат­япти. «Ҳабиб-ус сияр»... 

Бирдан пешонаси тиришиб, китобни четга сураркан, норози ғуд­раниб, хулоса ясади: “Бўлмайди, қудаликка номзоднинг исми Ҳабибжонмиди? Кейин ўтган жума урология марказида кўргандай бўлувдим. Та-ак, буниси... «Фарҳод ва Ширин» экан”. Онамиз дадамизга ялт этиб юзланди: 

– Адаси, сизни отингизга қуда холанинг исми ошиқ-мошиқ бўп қол­яптию. Қариган чоғингизда элга кулги бўлиб юрманг тағин. 

Тахламнинг охиридаги асар «От кишнаган оқшом» бўлиб чиқди. Майор акамиз камарини тўғрилаб, отамизнинг ёнига шахдам қадамлар билан чиқиб, тантанавор эълон қилди:

– Ўртоқ оиламиз аъзолари! Мана шу китоб ҳам машъум бир жиноятга ишора қиляпти. Йигирма йил бурун кўча мафияси қутурган пайти қудаликка номзод амакиваччалар Бўстонлиқ тарафдан бир уюр от ўғирлаб, роса сурди-сурди бўлган экан. Ҳурматли падаримизга минг раҳмат, агар китоб тақдим этиш ғояси олға сурилмаганда биз гувоҳ бўлган кирдикорлар фош бўлмас эди. Мен иссиғида этагимизни ёпиб, кўзда тутилган тўй маросимини бекор қилишга овоз беришингизни сўрайман. 

 Рад қилиб бўлмас далиллар олдида ожиз қолган отамиз ўз раъйига илк бор қарши чиқиб, (келинликка номзодни у киши танлаб, ҳимоясида қатъий оёқ тираб туриб олганидан хабарингиз бор) биринчи бўлиб беҳол қўл кўтаришга маж­бур бўлдилар. Бир овоздан тўй бузилди.

 Азиз ўқувчи, шу тариқа адабиёт ота­миз­дан кучли келди. Муқаррар кўнгилсизликдан оиламизни асраб қолди. Сизга ҳам турли жанрдаги турфа китобларни кўпроқ ўқишни тавсия қиламиз. 


Домла ТУРОБ

Ҳусан Содиқов чизган расм.

 «Жадид» газетаси 2024 йил 10 май 20-сон


Report Page