АБДУЛЛА ҚОДИРИЙГА ОИД ФАКТЛАР

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙГА ОИД ФАКТЛАР

Нодиржон Абдулаҳатов


Абдулла Қодирий "Ўткан кунлар" романи нашридан кейин ўша давр учун анча катта пул ҳисобланган қалам ҳақи олади. Ёзувчининг ўғли Ҳабибулла отасидан велосипед олиб беришини сўрайди. Қодирий қуйидаги сўзларни айтиб рад этади: "Ўғлим, мен сенга велосипед олиб беришга қурбим етади, лекин атрофга қара - халқ юпун, ялангоёқ, ярим оч кун кечирмоқда. Мен сенга велосипед олиб беришдан уяламан, менинг ўғлим сифатида оч, юпун ва ялангоёқ ҳолдаги миллатдошларинг олдида велосипед миниб юришдан сен ҳам уялсанг керак".

Абдулла Қодирий 1937 йилнинг 31 декабрида “халқ душмани” сифатида ҳибсга олинади. 1938 йилнинг 4 октябрида ёзувчи 9 ойлик хўрликлардан сўнг Чўлпон, Фитрат каби маслакдошлари билан биргаликда отиб ташланади. Тошкентдаги Хўжа Аламбардор (Камолон) қабристонига дафн этилади.

Адиб қамоққа олингандан сўнг, унинг асарлари “зарарли” деб топилди. Ўтда ёқилди, кутубхоналардан йўқотилди, ўқиш тақиқланди. Кимнинг қўлида “Ўткан кунлар” романини кўриб қолишса, дарҳол қамашди.

1957 йилда Абдулла Қодирий расман оқланди. Аммо унинг отиб ташланганлиги ҳақидаги маълумот (ўлимидан сўнг оқланганлиги ҳақидаги маълумот каби) узоқ йиллар мобайнида сир сақланди.

Абдулла Қодирийнинг Ҳабибулло, Адиба, Аниса, Назифа, Маъсуд исмли фарзандлари бўлган. Абдулла Қодирийга қўйилган “халқ душмани” туҳматидан сўнг, унинг тўнғич ўғли Ҳабибулло Қодирийга 1945 йил 25 куни “халқ душманининг ўғли” айби қўйилади. Узоқ қийноқ ва сўроқлардан сўнг уни Сибирга сургун қилишади.

1953 йил Сталин вафотидан сўнг, Ҳабибулло Қодирий озод қилинади, бироқ 2 йил Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида қолиб кетади, чунки Тошкентга қайтишга рухсат берилмайди. 1955 йил Қодирийнинг ўғли 37 ёшида ниҳоят Тошкентга қайтади.

Ҳабибулло Қодирий отасини отган аскар билан суҳбатлашади. Аскарнинг хотирлашича, Қодирий сўнгги илтижо сифатида аскарнинг тунука идишидаги сувни сўрайди. Аскар рози бўлади.

Қодирий сувни ичмайди, ўша бир кафт сув билан таҳорат олади ва икки ракат нафл намозини ўқиб кейин уни отавериш мумкинлигини айтади. Аскарнинг сўзлаб беришича, Қодирий ўлимдан қўрқмаган, киприк ҳам қоқмаган. Бу хотиралар адибнинг “Мен ҳақиқат йўлида ҳеч қандай жазодан, қийноқдан қўрқмайман, агар отмоқчи бўлсалар кўкрагимни кериб тураман” деган сўзларини исботлайди. (Жасур Расулов саҳифасидан олинди)



Report Page