"Аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги” давомида 10 минг килограмга яқин сифатсиз озиқ-овқат маҳсулоти истеъмолдан чиқарилди

"Аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги” давомида 10 минг килограмга яқин сифатсиз озиқ-овқат маҳсулоти истеъмолдан чиқарилди

https://t.me/aoka_uz

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Зуҳриддин Қаҳрамонов маълум қилди.

Маълумки, жорий йилнинг 1 март кунидан 1 апрель кунига қадар Республикамизда “Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги” ўтказилмоқда.

Ушбу ойликдан кўзланган мақсад баҳор мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар, хусусан сел, тошқин ва кўчки ҳодисалари, овқатдан заҳарланиш ҳамда Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларни  кенг қамровда амалга оширишдир.

Шу сабабли ойлик давомида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан Фавқулодда вазиятлар давлат тизимига кирувчи ташкилотлар билан биргаликда қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.  

Хусусан, республика бўйича 2 минг 100 дан ортиқ иқтисодий

ва 23 574 та ижтимоий объектлар, шунингдек сел, тошқин ва кўчкига хавфли 144 та объектлар ўрганиб чиқилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

69 та дарё ва каналлар ўзанлари тозаланиб, 6 та дарёлар қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари бажарилди.

“Узгидромет” хизмати агентлиги, Хавфли жараёнларни кузатиш давлат хизмати билан биргаликда сел, тошқин ва кўчкига хавфли ҳудудлардаги хўжаликлар ўрганиб чиқилиб, хавфли ҳудудлардаги 2 та хўжалик доимий ва 13 та хўжалик  вақтинчалик кўчирилди. Сел йўлларини тозалаш, қирғоқ мустаҳкамлаш каби муҳандислик-муҳофаза ишлари бажарилди.

Техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш тадбирлари давомида республикадаги сув ва сел-сув омборлари ҳамда бошқа гидротехник иншоотлар ўрганиб чиқилиб, уларнинг техник мустаҳкамлик ҳолатини яхшилаш ва мавсумга шайлигини таъминлаш чоралари кўрилди.  

Бундан ташқари, аҳолининг сифатсиз озиқ-овқат махсулотларидан заҳарланишининг олдини олиш мақсадида  Ҳудудий Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари билан биргаликда жами 17 мингдан ортиқ бозорлар, савдо мажмулари ва бошқа объектларда ўрганишлар олиб борилди.

Олиб борилган тадбирларда 10 минг килограмга яқин сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолдан чиқарилди.

Қрим-Конго геморрагик иситмаси касаллигининг олдини олиш бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармалари, ветеринария хизмати билан биргаликда 16 760 та объектлар ўрганилиб, 900 минг метр кв.дан ортиқ майдон дезинсекция қилиш орқали зарарсизлантирилди.

Юқоридагилардан ташқари, 6 266 та таълим муассалари, шифохоналар , ишлаб чиқариш ва бошқа ижтимоий –иқтисодий объектларда ўтказилган “Фуқаро муҳофазаси куни” тадбирларида иштирокчиларнинг фавқулодда вазиятларда, хусусан зилзилаларда тўғри ҳаракат қилиш бўйича билим ва кўникмалари оширилди.

Таълим муассасаларида ташкил этилган “Ёш қутқарувчи” кўнгиллилар клублари билан мусобақалар ўтказилиб, иштирокчиларнинг фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш ва қутқарув ишларини олиб бориш бўйича билим ва кўникмалари шакллантирилди.

Шу ўринда тўхталиб ўтмоқчи эдимки, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тадбирлари нафақат ойлик доирасида, балки ундан сўнг ҳам изчил ва тизимли равишда олиб борилади. 


Report Page