Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш борасидаги ишлар
https://t.me/aoka_uzБозорларда маҳсулотларнинг мўл-кўллигини таъминлаш, ижтимоий заиф қатламнинг харид қобилиятига мос шароитларни яратиш, деҳқон, фермер ва ишлаб чиқарувчиларни бозорларга амалда кириб боришини таъминлаш ҳамда ўртакаш бўғинини кескин қисқартириш асосий вазифа сифатида белгилаб олинган.
Шунга мувофиқ деҳқон бозорлари, товар-хомашё биржасига ходимларни бириктириш ҳамда йирик ишлаб чиқарувчилар ва импортёр корхоналар билан доимий мулоқот ўрнатиш орқали озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёж кафолатли таъминланмоқда.
Бугунги кунда ушбу вазифалар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Департамент ҳамда бошқа идоралар раҳбарларидан иборат республика штаби томонидан мувофиқлаштирилмоқда.
Штаб томонидан деҳқон бозорларидаги вазият доимий таҳлил қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, биринчи навбатда аҳолини арзон ва сифатли ижтимоий муҳим турдаги маҳсулотлар билан таъминлаш учун деҳқон
ва фермерларга кўмаклашиш ҳамда уларнинг манфаатдорлигини оширишга асосланган “даладан дастурхонга” механизми йўлга қўйилган.
Бунинг учун, республикамиздаги барча деҳқон бозорларининг кириш ва аҳоли гавжум бўлган жойларида қарийб 2 900 та арзонлаштирилган махсус раста ва савдо нуқтаси ташкил қилинган.
Ушбу расталарга 445 та чорва, 275 та паррандачилик корхоналари, 500 та картошка, пиёз ва сабзи, 140 тага яқин балиқ ҳамда 870 та бошқа ишлаб чиқарувчилар номма-ном бириктирилиб, маҳсулотларнинг доимий ва мўл бўлиши таъминланмоқда.
Асосийси, маҳаллий ҳокимликларнинг қарорлари қабул қилиниб, арзонлаштирилган расталарда маҳсулотини сотаётган деҳқон,
фермерлар ва ишлаб чиқарувчилардан бир марталик йиғимлар
олиш бекор қилиниб, савдо анжомлари беғараз ажратилиши йўлга қўйилган.
Иккинчидан, бозорда маҳсулот ҳажмини кўпайтириш ҳар қандай маъмурий чорадан кўра энг самарали усул эканлиги барчамизга маълум.
Бозорларга бириктирилган масъул ходимлар маҳсулот ҳажми
ҳамда нархларини кунлик мониторинг қилиб, нархи ошиши мумкин бўлган маҳсулот тури ҳудудлар кесимида олдиндан прогноз қилиш йўлга қўйилган.
Шунга мувофиқ маҳсулотлар арзон ва таклиф юқори бўлган ҳудуддан нарх ошган ҳудудларга интервенция қилиш, яъни маҳсулот миқдорини ошириш чоралари кўрилмоқда.
Ушбу тизим асосида нархларни мўътадиллаштириш учун жорий йилнинг ўтган даврида 27 минг тн картошка, 32 минг тн пиёз,
18 минг тн сабзи, 5 минг тн карам, 6 минг тн парранда гўшти,
14 минг тн гўшт, 400 млн. дона тухум, 9 минг тн гуруч ва 25 минг тн шакар ишлаб чиқарувчи нархида бозорларга қўшимча равишда киритилиши таъминланди.
Бундан ташқари, жорий йилда ёғингарчиликлар ҳисобига қатор ҳудудларда эртаки картошка, пиёз ва сабзининг бозорга кириб келишида қисқа муддатли узилиш ҳамда янги ҳосил нархининг тебраниши кузатилди.
Республика штаби томонидан ушбу ҳолат қатъий назоратга олиниб, картошка, пиёз ва сабзини ҳудудлар кесимида марказлашган тартибда етказиб бериш йўлга қўйилди.
Биргина Сурхондарё вилоятидан республика ҳудудларига қарийб
6 минг тонна эртаки картошка ва 28 минг тонна янги пиёз ички
ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда бозорларга етказиб берилиши таъминланди.
Ҳозирги вақтда биргина Самарқанд ва Тошкент вилоятларида эртаки картошка ялпи ҳосилга кирган бўлиб, жорий ойнинг ўзида
475 минг тонна ҳосил ички бозорга кириб келиши кутилмоқда.
Бу эса, аҳоли эҳтиёжини қоплашга етади ҳамда картошка
нархидаги тебранишларни бартараф этиш имконини беради.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳудудлар кесимида манзилли етказиб бериш тадбирлари давом эттирилмоқда ҳамда бу жараён доимий назоратга олинган.
Учинчидан, ҳозирги кунда айрим турдаги маҳсулотлар жумладан шакар ва ўсимлик ёғи нархи ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилмоқда.
Ушбу йўналишда бозор механизмлари жорий этилган бўлиб,
товар-хомашё биржаси орқали савдога чиқарилиши жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш борасида Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳамкорликда тезкор чоралар кўрилмоқда.
Бунда, биринчи навбатда маҳсулотларни аҳоли эҳтиёжига мос ҳажмда биржа савдоларига чиқарилиши, харид қилинган маҳсулотни муддатида етказиб берилиши ҳамда реализация қилинишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Масалан, муқаддам шакар биржа савдоларига 1-2 минг тонна чиқарилган бўлса, ҳозирги кунда аҳоли эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда
3 минг тоннагача оширилди.
Шу каби, ун ва пахта ёғини савдога чиқариш ҳажмлари кўпайтирилди, нархларни сунъий оширган ҳолда битимлар тузиш ҳолатлари бўйича иқтисодий жарималар миқдори оширилди.
Хусусан, биржада нархларни манипуляция қилиш ёки белгиланган тартибларни бузган ҳолда савдоларни амалга ошириш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича 52 субъектга нисбатан қатъий қонуний чоралар кўрилди.
Тўртинчидан, айрим озиқ-овқат товарлари импорт ҳисобидан қондирилишини инобатга олган ҳолда, йирик импортёрлар
томонидан маҳсулотларнинг мамлакатимизга келтирилиши
ҳам қатъий назоратга олинган.
Бу борада муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуслари асосида имтиёзли фоиз ставкалари билан тақдим этилган
кредитлар асосида картошка, ўсимлик ёғи, ун ва шакар хомашёси
сотиб олиниши ҳамда мамлакатимизга олиб кирилиши устидан қатъий назорат ўрнатилган.
Ажратилган кредитлар ҳисобига жами 60 минг тн картошка, 3 минг тн гўшт, 1,7 минг тн ўсимлик ёғи, минг тн ун, 12,7 минг тн шакар келтирилди.
Ушбу маҳсулотлар “биринчи қўл” тамойили асосида ўртакашларсиз деҳқон бозорларида сотилиши таъминланмоқда.
Бешинчидан, нархларни манипуляция қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш тизимига путур етказувчи жиноятларга қарши муросасиз курашиш олиб борилиб, ўтган даврда ушбу йўналишда айбдор шахсларга нисбатан 187 та жиноят иши қўзғатилди.
Қадрли ҳамюртлар!
Юқоридагилардан келиб чиқиб шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, республикамиз аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш учун захира ва имкониятлар етарли,
бу борада барча зарур чоралар кўриб борилмоқда.
Шунинг учун аҳолимиздан хавотирга берилмасликларини сўраб қоламиз.
Бундан ташқари, йирик ишлаб чиқарувчилар, импортёрлар, деҳқон, фермер ҳамда томорқа ер эгалари ўз маҳсулотларини бозорларда сотишда тўсқинликка дуч келсалар, Департаментнинг ҳудудий бўлимлари ҳамда бошқармаларига мурожаат қилишларини сўраб қоламиз.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика штаби томонидан бу борадаги ишлар давом эттирилади, амалга оширилган ишлар тўғрисида келгуси брифингларда қўшимча ахборотлар берилиши таъминланади.