Аҳоли саломатлигини сақлашда янги тизим

Аҳоли саломатлигини сақлашда янги тизим

«Машъал» газетаси

Сўнгги йилларда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун тизимли ишлар амалга оширилди ва бугунги кунда ҳам бу ишлар тизимли олиб борилмоқда. Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг 55-66-мақсадларида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш ва аҳоли саломатлигини сақлаш бўйича аниқ ва манзилли таклиф ва режалар ўз аксини топгани, айниқса, соҳа ходимларини қувонтиради.

Саодат САРИБАЕВА,
Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий текширув маркази Тошкент вилояти минтақавий филиали бўлим мудири.

Бу ҳақда сўз кетганда, 2022 йил 26 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган «Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига алоҳида тўхталиб ўтиш лозим.

Аҳолига кўрсатилаётган кардиологик ва кардиожарроҳлик хизматлари сифатини яхшилаш, ҳудудларда юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш, барвақт аниқлаш ва самарали даволаш ишларини кенгайтириш, беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни зарур дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятини трансформация қилиш мақсадида имзоланган ушбу қарорда юрак-қон томир касалликларининг олдини олишнинг асосий йўналишлари белгиланди:

• бирламчи тиббиёт муассасалари томонидан даврий тиббий кўрикларни йўлга қўйиш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш;

• эҳтиёжманд аҳоли қатламларини зарур дори воситалари билан бепул таъминлаш;

• ҳудудларда кўрсатилаётган юқори технологик, каминвазив кардиологик ҳамда кардиожарроҳлик тиббий хизматлар кўламини ошириш;

• бирламчи бўғиндаги мутахассисларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш ва салоҳиятини ошириш, соҳада илм-фанни ривожлантириш;

• юрак-қон томир касалликлари бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини рақамлаштириш.

Бундан ташқари, асосланган ҳисоб-китоблар ҳамда эҳтиёжга кўра, туманлардаги шифохоналарни 4 турдаги кардиология ускуналари билан жиҳозлаш ҳисобига кўрсатиладиган хизмат турларини 15 тага етказиш учун ушбу қарор ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, ушбу қарор билан кардиология хизматини 2022-2024 йилларда янада ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастури, ушбу чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш самарадорлигини аниқлаш кўрсаткичлари ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази филиаллари ҳамда маҳаллий тиббиёт бирлашмаларининг кардиология бўлинмаларини 2022 йилда тиббий ускуналар билан жиҳозлашга доир чора-тадбирлар ҳам тасдиқланди.

Айниқса, ушбу қарорда шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш зарур бўлган ҳолатларда ўткир коронар синдроми билан оғриган беморлар учун коронарография ва бирламчи стентлаш амалиётларини Марказнинг ҳудудий филиаллари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг ҳудудий филиаллари, туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари ҳамда бошқа ангиограф ускунаси мавжуд даволаш-профилактика муассасаларида Давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилишининг белгилангани айни муддао бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг «Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи билан Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхати тасдиқланганини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим.

Таъкидлаш лозимки, кардиология хизматини 2022-2024 йилларда янада ривожлантиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастурининг 12-бандида юрак-қон томир касалликларини ташхислаш ва даволашга оид зарур маълумотларни аҳолига етказиш белгиланган.

 

Аҳоли саломатлигини сақлашда янги тизимга асос солинаётган экан, бунда инсон қадри энг устувор этиб белгиланган. Инчунун, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддасида қайд этилганидек, ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга ва бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Саодат САРИБАЕВА,

Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий текширув маркази Тошкент вилояти минтақавий филиали бўлим мудири.


«Машъал» газетасининг 2022 йил 25 февралдаги 5-сонидан олинди.


Report Page