Аҳоли хонадонларида қорамолларни боқиш ва улардан юқори маҳсулот олишга оид ТАВСИЯЛАР

Аҳоли хонадонларида қорамолларни боқиш ва улардан юқори маҳсулот олишга оид ТАВСИЯЛАР

Tojiboyevich_ Aliyev Ziyodulla

Зотни танлаш.

Энг аввало аҳоли хонадонларида парваришлаш учун наслли сутдор сигирларни танлаш керак.

Республикамиздаги сут йўналишидаги қорамол зотларига қора-ола (жуссаси йирик, танаси узунроқ, териси қайишқоқ, елини катта), қизил чўл тусли (туси қизил, боши ва танасига оқ қашқаси бор), бушуев (туси оқ, қулоқ ва тумшуқ атрофи қора ёки қизил) ва швиц (туси қўнғир, танаси ихчам, елинлари кичик) зотлари киради.

қора–ола (голиштин)

Сигирларнинг қора–ола зори сут маҳсулдорлиги бўйича етакчи ҳисобланиб, уларнинг тирик вазни ўртача 450-500 кг, 305 кунлик соғин давридаги сут маҳсулдорлиги 3800-4500 кг, сут таркибидаги ёғ 3,6-3,7 фоизни ташкил этади.

Қизил чўл зотли

Қизил чўл зотли қорамоллар юртимизнинг иссиқ иқлим шароитимизга яхши мослашган. Сигирларнинг ўртача тирик вазни 450-500 кг, соғин давридаги сут маҳсулдорлиги 3200-3800 кг атрофида, сути таркибидаги ёғ-3.7-3,8 % ни ташкил этади.

Швиц

Швиц зотли қорамоллар сут-гўшт йўналишидаги зот бўлиб, сигирларнинг яхши даражадаги сут миқдори ва сутининг ёғлилиги, ёш бузоқларнинг тез ўсиши, узоқ фойдаланиш муддати ва ижобий хусусиятлари билан ажралиб туради. Сигирларнинг ўртача тирик вазни 470-520 кг, соғин давридаги сут миқдори 3800-4400 кг, сутининг ёғлилиги 3,7-3,8 % ни ташкил этади.

Республикамизда яратилган ягона сут йўналишидаги Бушуев зотли қорамоллар асосан Сирдарё вилоятидаги фермер хўжаликларида ва аҳоли хонадонларида парваришланади. Улар қуруқ 450-500 кг, соғин давридаги сут миқдори 3200-3600 кг, сут таркибидаги ёғ-4-4,1% ни ташкил этади.

Парваришлаш.

Хонадон эгалари аввало қорамолларни озиқлантиришга аҳамият беришлари зарур сигирларнинг кунлик бераётган сут миқдори, тирик вазни, ёшини ҳисобга олган ҳолда омухта ем, шелуха, кепак, силос, хашак, қовун-тарвуз пўчоқлари ҳамда протеин, минерал модда ва витаминли бошқа озуқалар билан меъёрда боқилади.

Хонадон шароитида сигирлар асосан икки маҳал, яъни эрталаб ва кечқурун соғилади.

Сигирлардан узоқ йиллар фойдаланиб туриш учун уларни нафақат ўз вақтида қочириш, балки бўғоз сигирларни сутдан чиқариб, кейинги туғишга тайёрлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Бунинг учун бўғоз сигирлар туғишига 50-60 кун қолганда сутдан чиқарилади ва уларга дам берилади. Акс ҳолда, сигирларнинг организмидаги сут билан биргаликда кўплаб миқдорда тўйимли моддалар чиқиб кетади, у заифлашади ва туғишга қийналади.

Сигирларни сунъий қочириш. Сигирларни сунъий қочириш

зотни яхшилашнинг энг қулай усулидир. Сунъий қочириш зотдорлиги паст мол ва унинг бир неча авлодида амалга ошириб борилса молнинг насли яхшиланиб, зотдорлиги ва сутдорлиги ошади, ундан келгусида наслли бузоқлар олинади.

Сигирларни сунъий қочириш учун ҳудудда жойлашган зооветеринария шаҳобчасига ёки “Чорванасл” марказлари тизимида фаолият кўрасатаётган осеменаторларга мурожаат этиш даркор.

БУҚАЛАРНИ ПАРВАРИШЛАШ

Зотни танлаш. Семиртириш учун аввало, гўшт йўналишидаги зотдор сигирлардан олинган буқачаларни танлаш лозим.

Бўрдоқичиликка ихтисослашган фермер хўжаликларидан ёш зотдор буқачаларни сотиб олиш ҳам ишончли ҳисобланади. Уларни қисқа муддатларда семиртириб, сифатли ва энг кўп миқдорда гўшт олишга эришилади.

Парваришлаш. 6-8 ойлик буқачаларни 15-18 ой давомида шундай боқиш керакки, токи уларнинг вазни 400-480 кг га етсин.

Бунинг учун буқаларни кўк ўт, силос, сенаж, пичан, илдизмевалар, терт, дон, пахта шулхаси, кунжара, шрот ва беда билан озиқлантириш керак, Бу озуқаларнинг кўпи томорқанинг ўзидан чиқади.

Эслатма! Хонадонларда чорва ҳайвонларини паваришлашда санитария-гигиена талабларига (молхоналарни тоза тутишга, сифатли дезинфекциялашга) тўла риоя этиш, ҳайвонларни ветеринария кўригидан ўтказиш ва юқумли касалликларга қарши профилактик эмлатиш шарт. Касаллик аломатлари кузатилганда дарҳол ҳудудий ветеринария хизматига мурожаат этиш лозим.

Кўк ўт мол органзми учун энг афзал ва қимматли озуқа ҳисобланади. У енгил ҳазм бўлади ва организм яхши сингади.

Вояга етган қорамолга бир кунда 70 килограммгача кўк ўт бериш мумкин.

Силос қишки даврда буқа учун энг арзон ва тўйимли озуқадир.

У ёввойи ўтлар (заҳарлилари асло ишлатилмайди), маккажўхори, кунгабоқар ва бошқа ўсимликлар поялари, илдизмеваларни майдалаб, бир-бири билан аралаштирилиб тайёрланади. Вояга етган буқага кунига 40 килограммгача силос берилади. Пичан томорқада ўситирилган беда ва ўтлардан тайёрланади.

Улар гуллаш бошланган пайтда ўриб олинса, тўйимли бўлади.

Молларга бир кунда 10-12 кг пичан берилади.

Сенаж-қорамол учун қимматли озуқадир. У томорқадан чиқадиган беда ва дуккакли экин пояларидан тайёрланади.

Илдизмевалилар-қанд ва хашаки лавлаги, сабзи, турп-молга кузда ва қишда 15-30 килограммгача майдалаб берилади. Терт ем (кепак, шрот, кунжара, дон майдалари) ва дағал озуқа (сомон, хашак)ни аралашмаси. Сомон ва хашак сувда 2-3 марта ювилиб, 25 фоизгача ем ва мол бошига 30 грамм ош тузи қўшилгач, яхшилаб аралаштирилади. Кейин илиқ сувда 10-12 соат ивитиб қўйилади. Битта молга 5-6 килограмм берилганда уни жуда иштаҳа билан ейди ва тезда ҳазм қилади.

Эслатма! Бўрдоқи молларни ветеринария кўригидан ўтказмасдан сўйиш, гўштни истеъмол қилиш ва сотишга йўл қўйилмайди.

Донли озуқалар (арпа, сули, нўхат, маккажўхори) нинг донлари молларга майдалаб ёки янчиб берилади.

Кунжара, шрот молга кунига 2-3 килограммдан берилади.

Барда таркибида 85-95% сув бор. Молларга суткасига 80-90 литр барда едирилса улар тез семиради.

Буқа яхши ва тўғри боқилса, унинг кунлик тирик вазни ўсиши 800-1200 граммга боради.

Халқимиз хонадонларида юқорида келтирилган таклиф ва тавсияларга асосан қорамолларни танлаб, сақлаб яхши парваришланса, улардан кўп ва сифатли сут ва гўшт маҳсулотлари олишга эришилади.

Бу эса республикамиз аҳолисини қорамоллардан олинадиган сут–гўшт маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.



Report Page