АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ БОШЛАНДИ
Маълумки, давлат қудрати фақат табиий бойликлар ёки иқтисодий кўрсаткичлар билан эмас, аввало, ўз аҳолисини қанчалик аниқ ва тўлиқ билиши билан ўлчанади. Ким қаерда яшаяпти, қандай шароитда умр кечираяпти, иш билан қай даражада банд, нимага муҳтож ва келажакка қандай қараяпти – бу саволларга ишончли жавоб бўлмаса, ҳеч қандай ислоҳот тўлиқ ва самарали бўла олмайди.
Шу маънода, жорий йилда мамлакатимизда ўтказиладиган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири оддий статистик жараён эмас, балки давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқувчи муҳим ижтимоий-сиёсий воқелик ҳисобланади.
“ТАХМИН”ДАН “АНИҚ МАЪЛУМОТ”ГА ТАЯНИШ ЙЎЛИ
Ўзбекистонда аҳолини умуммиллий рўйхатга олиш охирги марта 1989 йилда, бутунлай бошқа сиёсий тизим ва ижтимоий муҳит шароитида ўтказилган. Орадан ўтган қарийб 37 йил ичида мамлакат мустақилликка эришди, ижтимоий-иқтисодий тизим тубдан янгиланди, аҳоли сони деярли икки баробарга яқинлашди, ички ва ташқи миграция жараёнлари сезиларли даражада кучайди. Шу сабабли, кўп ҳолларда давлат бошқарувида эски ва реал ҳолатни тўлиқ акс эттирмайдиган маълумотларга таянилаётгани сир эмас.
Амалда мавжуд прописка тизими, сайловчилар рўйхатлари ва ижтимоий таъминот базалари аҳолининг ҳақиқий яшаш манзили, иш билан бандлиги ёки миграция ҳолатини тўлиқ қамраб ололмаяпти. Бу эса, ижтимоий сиёсатда нотўғри ҳисоб-китобларга, мактаб, шифохона ва инфратузилмани режалаштиришда номутаносибликларга сабаб бўлмоқда.
Шу боис, жорий йилги рўйхатга олиш – юртимизнинг реал ижтимоий манзарасини очиб бериш, қарорлар қабул қилишда “тахмин” ўрнига “аниқ маълумот”га таянишга ўтиш йўлидаги муҳим стратегик қадам, десак муболаға бўлмайди.
НИМА УЧУН БУ ЖАРАЁН КЕЧИКТИРИЛДИ?
2017 йилдан бошлаб аҳолини рўйхатга олиш зарурати жамиятда ва давлат даражасида очиқ муҳокама қилиниб келинди. 2019 йилда бу борада Концепция тасдиқланиб, рўйхатга олишни 2022 йилда ўтказиш режалаштирилган эди. Пандемия сабабли жараён 2023 йилга кўчирилди, бироқ у пайтда ҳам амалга оширилмади.
Бу кечикиш нафақат техник ёки молиявий сабаблар билан, балки давлат бошқаруви учун хавфли бўлган маълумот танқислигининг янада чуқурлашиши билан изоҳланади. Рўйхатга олиш қанчалик кечиктирилса, ижтимоий сиёсат шунчалик эски маълумотларга таянади, инвестиция ва инфратузилма қарорлари эса тахминий тус олади. Шу билан бирга, олдиндан сарфланган тайёргарлик маблағлари ва мутахассислар салоҳияти самарасиз йўқотилади.
РЎЙХАТГА ОЛИШНИНГ МАЗМУН ВА КЎЛАМИ
2026 йил 15 январдан 28 февралгача аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш икки босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқич – 15-31 январь кунлари онлайн тартибда ўтказилади. Бу жараёнда фуқаролар census.stat.uz сайти орқали OneID тизими ёрдамида уйдан чиқмаган ҳолда рўйхатдан ўтишлари мумкин. Онлайн усул фуқаролар учун қулай ва тезкор бўлиб, маълумотларни тўғридан-тўғри электрон тизимга киритиш орқали хатоликларни камайтиради ҳамда кейинги босқичдаги ишни енгиллаштиради.
Иккинчи босқич – 4-28 февраль кунлари уйма-уй рўйхатга олиш жараёнидан иборат. Унда “Маҳалла еттилиги” аъзолари электрон планшетлар билан хонадонларга ташриф буюриб, жами 71 та савол орқали маълумот йиғадилар. Саволларнинг 54 таси аҳолига оид бўлиб, ёш, таълим, бандлик, оила таркиби ва яшаш шароитини қамраб олади. Қолган 17 та савол қишлоқ хўжалигига тегишли бўлиб, ер майдони, экин турлари, чорва ва парранда сони ҳақида аниқ маълумот олишга қаратилган.
Умуман олганда, уйма-уй рўйхатга олиш жараёни замонавий усуллар асосида ташкил этилган бўлиб, у фуқаролар учун қулайлик яратади ҳамда давлатга аҳолининг ҳақиқий ижтимоий-иқтисодий портретини шакллантириш имконини беради. Бу эса келгусида мамлакатда ижтимоий ва иқтисодий сиёсатни пухта режалаштириш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган дастурларни самарали амалга ошириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Йиғилаётган барча маълумотлар қонунчиликка мувофиқ махфий сақланади ва фақат умумий статистик таҳлил учун ишлатилади.
ИЖТИМОИЙ СИЁСАТ УЧУН ҲАЛ ҚИЛУВЧИ МАЪЛУМОТЛАР
Аҳолини рўйхатга олиш натижалари давлат учун нафақат статистик маълумот, балки ижтимоий сиёсатни шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Улар орқали давлат қаерда мактаб, боғча ва шифохона етишмаслигини аниқлай олади, бу эса болалар ва аҳоли учун таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларини мақсадли ва самарали ташкил этиш имконини беради.
Шунингдек, қайси ҳудудларда ишсизлик даражаси юқори эканини билиш орқали меҳнат бозорига йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш ва янги иш ўринлари яратиш режалари тузилади. Ёшлар ва кексалар нисбати таҳлил этилганда эса, пенсия тизими ва ижтимоий хизматлар самарадорлиги таъминланади. Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган шахслар ҳақида олинган реал маълумотлар уларнинг эҳтиёжларига мувофиқ хизматлар кўрсатиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни самарали йўлга қўйиш имконини беради.
Буларнинг барчаси давлатнинг ижтимоий адолат ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда асосий восита ҳисобланади, чунки бу маълумотларсиз нақд ва самарали қарорлар қабул қилиш, аҳоли эҳтиёжини тўлиқ қондириш деярли имконсиз.
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВА ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИ
Рўйхатга олиш қишлоқ хўжалиги соҳасини ҳам тўлиқ қамраб олади. Ер ресурсларидан фойдаланиш, экин турлари, чорва ва парранда сони бўйича олинган маълумотлар соҳада айланма қилинаётган 25 триллион сўмдан ортиқ маблағларнинг самарадорлигини баҳолаш, субсидия ва қўллаб-қувватлаш механизмларини қайта кўриб чиқиш имконини яратади.
Хулоса қилиб айтганда, жорий йилги аҳолини рўйхатга олиш рақамлар йиғиндиси эмас, балки давлатнинг ўз жамиятига бўлган масъулиятининг аниқ кўрсаткичидир. Бу жараён фуқаролик бурчи эмас, балки мамлакат тақдирига дахлдор қарорларда иштирок этиш имконидир. Рўйхатга олишнинг тўлиқ электрон шаклда амалга оширилиши эса, давлатнинг рақамли трансформация йўлидаги амалий қадами бўлиб, келгусида кадастр, инфратузилма ва шаҳарсозлик сиёсати учун мустаҳкам база яратади.
Ҳасан САЪДУЛЛАЕВ.