АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИНИ МУСТАҲКАМЛАШ – УСТУВОР МАҚСАД

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИНИ МУСТАҲКАМЛАШ – УСТУВОР МАҚСАД

@sanepidixzmat

Пойтахтимизда “Hyatt Regency” меҳмонхонасида Вирусология илмий-текшириш институти, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази, Ўзбекистон гепатологлар уюшмаси томонидан Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги «Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва юқумли касалликлар тарқалишига қарши курашиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ва халқаро тажриба алмашиш мақсадида Миллий Конгресс бўлиб ўтди.

Юқумли касалликлар бўйича шифокорлар, эпидемиологлар, вирусологлар ва бошқа мутахассисларнинг юқумли касалликларга қарши курашишнинг долзарб муаммоларини ҳал этишдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, юқумли касалликларни даволаш ва олдини олишнинг янги ёндашувларини ишлаб чиқиш, олимларнинг халқаро ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича илғор тажрибаларни баҳам кўриш конгресснинг бош мақсади бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакиллари ҳамда илмий ва амалий тиббиёт марказлари, тиббиёт академияси, юқумли касалликлар клиникалари, поликлиника хизмати мутахассислари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, Беларусь, Германия, Ҳиндистон, Италия, Қозоғистон, Россия, Жанубий Кореядан таклиф этилган хорижий мутахассислар иштирок этди.

Конгрессни Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев ва Вирусология илмий-текшириш институти директори Эркин Мусабаев кириш сўзи билан очди.

Конгресс доирасида қуйидаги йўналишлар бўйича ялпи ва секцияли  сессиялари ўтказилди:

- Вирусли гепатитлар ва уларнинг асоратлари;

- COVID-19нинг долзарб масалалари ва уларнинг ечими;

- Респиратор, янги ва қайта пайдо бўладиган вирусли инфекциялар;

- Вирусли ва бактериал ичак инфекциялари;

- ОИВ – инфекцияси.

Ялпи йуналишлар доирасида замонавий юқумли касалликларнинг долзарб масалалари бўйича Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбари Ботир Тажиев, Вирусология илмий-текшириш институти директори Эркин Мусабаев, Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботиржон Қурбонов, Корея халқаро Соғлиқни сақлаш жамғармасининг (KOFIH) Ўзбекистон Республикасидаги ваколатхонаси ходими Sebastian Yoo, А.A.Богомолец номидаги Миллий тиббиёт университети клиник фармакология ва клиник фармация кафедраси мудири (Киев, Украина) Леонид Пинский, Fortis Healthcare Clinic трансплантация марказининг етакчи мутахассиси (Ҳиндистон) Вивек Видж, Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг болалар юқумли касалликлари бошқармаси бошлиғи (Москва) Татьяна Чеботарева, Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассиси Жалолиддин Туйчиев ва Вирусология илмий-тадқиқот институти мутахассиси Шахло Садировалар маъруза қилди.

Сўзга чиққанлар дунёда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида юқумли касалликларнинг энг муҳим йўналишларини таъкидлаб ўтди.

Секцияли сессияларда COVID-19 ва бошқа ўткир респиратор инфекциялар, вирусли гепатитлар, ОИВ инфекцияси, ўта хавфли, янги ва қайта пайдо бўлаётган вирусли инфекцияларни ташхислаш, даволаш ва олдини олишнинг инновацион усуллари муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки кўпгина юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли ишлар туфайли, мамлакатимизда эпидемиологик барқарорлик ва аҳоли саломатлигини сақлаш таъминланмоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Хитойнинг Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical компаниясининг COVID-19 вакцинаси синовида илк бор 2020 йил декабрь ойидан бошлаб иштирок этмоқда. Вирусология илмий-текшириш институти ва илғор технологиялар маркази олимларининг малакали ишлари хитойлик мутахассислар ва мустақил экспертлар томонидан юқори баҳоланди. Ўзбекистон вакцина учун ҳаммуаллифлик ва уни имтиёзли шартларда сотиб олиш ҳуқуқини олди, бу эса, бюджет маблағларини тежашга имкон берди. ZF-UZ-VAС2001 ўзбек-хитой вакцинаси нафақат вируснинг мавжуд штаммига, балки коронавируснинг янги штаммлари – "британча", "бразилча" ва "омикрон"га қарши ҳам самарадорлигини намойиш этди.

Ўзбекистон Республикасида илк бор мамлакат эҳтиёжларини қондирадиган, шунингдек, экспорт истиқболларини яратадиган COVID-19га қарши вакцина ишлаб чиқариш бошланди. Ўзбекистон Республикасида оммавий эмлашнинг ўз вақтида бошланиши касалликнинг эпидемик кўтарилиш муддатини қисқартириш, COVID-19дан касалланиш ва ўлимни камайтиришга ёрдам берди. ЖССТ томонидан тасдиқланганидан кейин ZF-UZ-VAС2001 вакцинасидан кенгроқ фойдаланиш глобал миқёсда юз миллионлаб инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Вирусология илмий-тадқиқот  институтида яна бир қатор халқаро лойиҳалар амалга оширилмоқда:

1. Center for Disease Analysis Foundation (CDAF) (АҚШ) билан биргаликда Ўзбекистонда В ва C вирусли гепатитларини элиминация қилишга тайёргарлик кўриш бўйича миллий дастурни амалга оширмоқда.

2. GlaxoSmithKline/Britain билан биргаликда Ўзбекистонда 0-1 ёшли болалар орасида Rotavirus вакцинасининг оғир диареяга қарши таъсири ўрганилмоқда.

3. Россия Федерациясининг “Роспотребнадзор” билан биргаликда антиретровирус терапиясига чидамли ОИВ инфекциясининг штаммлари тарқалишининг олдини олиш учун РЕЗЕДА-1, 2 дастури амалга оширилмоқда.

4. Бундесвер (Германия) Микробиология институти билан биргаликда мамлакатнинг биохавфсизлик, фавқулодда вазиятларга жавоб бериш ва мобил лаборатория ёрдамида ҳодисаларни бошқариш бўйича имкониятлар яхшиланмоқда.

5. Кореянинг халқаро Соғлиқни сақлаш жамғармаси (KOFIH) билан биргаликда одам папиллома вируси (ОПВ) соҳасидаги тадқиқотлар кенгайтирилиб, ОПВни эрта ташхислаш бўйича Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларининг имкониятлари оширилмоқда.

6. Integral Global Health/CDC (АҚШ) билан биргаликда гепатит, COVID-19ни эрта аниқлаш ва эпидемиологик назорат қилиш ташхисот панелларини ишлаб чиқиш ва сифат назорати ҳамда COVID-19га қарши жамоавий иммунитетнинг шаклланиши ва барқарорлигини мониторинг қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Конгресс давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.


Санэпидхизмат

Матбуот хизмати

 

 

 

 

 

 

 

Report Page