АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ МОДЕЛЛАРИ Америка модели
https://t.me/buxoro_viloyat_bandlik_boshqarma
Америка модели асосини ижтимоий-меҳнат муносабатларининг субсидия кўриниши, ходимнинг шахсий ютуққа эришиши ва ўзини намоён қилиши ташкил этади. Ушбу модель меҳнат бозори марказлашмаганлиги ҳамда бандлик ва ижтимоий таъминотнинг қонунийлиги; иш берувчи томонидан ёлланма ишчига нисбатан назорат юқори даражадалиги; ишчиларнинг юқори даражадаги жуғрофий ва касбий мобиллиги; нисбатан юқори даражадаги ишсизлик билан характерланади. Касбий карьера энг аввало иш жойи ўзгариши билан боғлиқ, шунга мос равишда ушбу модель қолганларига нисбатан юқори даражадаги мобиллиги билан фарқ қилади. Иш ҳақи миқдори иш ихтисослиги ва мураккаблигига асосан белгиланади, хизмат поғоналарида силжиш, одатда, касбий-малакавий профилини кенгайтиришга боғлиқ эмас. Касбий йўналиш масалаларига катта эътибор қаратилади. Университет ва коллежлар қошида касбга йўналтириш бўйича махсус марказлар ва хусусий агентликлар ташкил этилган. АҚШ меҳнат вазирлиги қошида 1200 дан ортиқ давлат ҳисобидан фаолият юритувчи касбга йўналтириш ва касб танлаш марказлари иш олиб бориб, ҳар йили улар орқали 1 миллиондан ортиқ ёшлар ўтишади. Натижада мутахассис тайёрлаш харажатлари 30-40 %га камаяди, касбий танлов тестларига сарфланган бир доллар минг долларлик иқтисодий самарадорликни таъминлайди . Маълумки, АҚШ анъанавий равишда ҳаддан ташқари юқори даражадаги ишсизликка эга мамлакат ҳисобланади. Унинг даражасига фрикцион ишсизлик яхшигина таъсир этмоқда. Буни кенг ва динамик меҳнат бозорида, ишчилар фаол равишда нафақат иш жойини, балки ихтисослигини ҳам ўзгартириши билан тушунтириш мумкин. Масалан, мамлакатда ҳар йил 10 % ишчи ўз ихтисослигини ўзгартиради. Бундан ташқари, ушбу мамлакат кўп йиллардан бери ҳар йилги янги иш жойи яратиш бўйича дунёда биринчи поғонани бермай келмоқда. Ушбу омиллар аҳоли ишсизликни хатарли ҳодиса сифатида эмас, балки кенг тарқалган бир ҳолат сифатида қабул қилишига имконият яратади. Модомики, АҚШда кўпинча малакасиз ёки малакаси кам ишчилар ишсизликка тушишади, улар учун яратиладиган иш жойлари ҳам шунга яраша паст даражадаги сифатга эгадир. АҚШнинг замонавий бандлик сиёсатидаги асосий йўналишларга: иш ҳақи даражасини ошириш жиҳатидан иш жойлари сифатини ошириш, келажакда касбий улғайишни таъминлаш, иш жойларини сақлаш ва уларни кўпайтиришдир. АҚШ сиёсати, энг аввало, бандлик ўсишини рағбатлантириш ва иш жойларини кўпайтириш, ишчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ёлланма ишчи кучига кўмаклашишга қаратилган. Европа давлатлари ва АҚШда аҳоли бандлиги муаммосини ҳал этишга маълум бир даражада кўмаклашувчи минтақавий ривожланиш агентликларини ташкил этиш ва фаолият юритиши бўйича етарлича тажриба тўпланган. Кенг тарқалган минтақавий ривожланиш агентлигининг шундай шаклларидан бири, бу давлат инвестиция корпорациясидир. Унинг фаолияти асосига шаҳарни ривожлантиришга қаратилган давлат инвестицияларини концентрациялаш қўйилган бўлиб, шаҳар эса ўз навбатида қолган периферияларга иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ижобий таъсир кўрсатди