АҲМАДШОҲ МАСЪУД ҲАҚИДА

АҲМАДШОҲ МАСЪУД ҲАҚИДА

МАРКАЗИЙ ОСИЁ

МАСЪУД АҲМАДШОҲ – афғон мужоҳидларининг машҳур қўмондони, сиёсатчи, “Афғонистон ислом жамияти” партияси етакчиларидан бири. 1953 йилда Парвон вилояти Базарак қишлоғида (ҳозирги Панжшир вилояти)да туғилган, этник тожик. Француз тилига ихтисослашган “Истиқлол” лицейини тамомлаган.

АҲМАДШОҲ МАСЪУД

Кобул политехника институтининг инженерлик факультетида таълим олган. 1975 йилда Муҳаммад Довуд ҳукуматига қарши амалга оширилган Панжшир қўзғолонининг ташкилотчиси. Совет қўшинлари ва коммунистик режимга қарши курашган. Стратегик аҳамиятга эга бўлган Кобул – Хайратон йўли, Панжшир водийси ҳамда мамлакатнинг айрим шимолий ҳудудларида ўз назоратини ўрнатган. Совет қўшинларининг Панжширдаги назорати ҳеч қачон тўлиқ ва доимий бўлмаган. Ҳарбий маҳорат ва иқтидор эгаси бўлган Масъуд “Панжшир шери” номини олган. Масъуд афғон мужоҳидлари ҳукуматида мудофаа вазири лавозимини эгаллаган. Бу даврда мамлакатда Гулбиддин Ҳикматёр бошчилигидаги “Ҳизб-и ислом” кучларининг қаршилигини бартараф этишга ҳаракат қилган. 1996 йилда бошқа дала қўмондонлари билан ҳамкорликда аксилтолибон “Афғонистонни қутқариш бирлашган ислом фронти” ёки “Шимолий альянс”ни тузади.

АҲМАДШОҲ МАСЪУД

Панжшир, Таҳор, шунингдек, Парвон ва Бадахшон вилоятларининг маълум қисмларини доимий равишда назорат қилган ва амалда мустақил маъмурий бирлик сифатида бошқарган. Масъуд мамлакатдаги турли сиёсий кучларни бирлаштиришга бир неча бор уринган. Хусусан, 1995 йилнинг бошида мамлакатдаги барча сиёсий кучлар, жумладан, “Толибон” иштирокида сайловлар ўтказиш ҳамда янги ҳукуматни тузиш мақсадида умуммиллий тинчлик жараёнини бошлаш ташаббусини илгари суради. 1999 йилда мамлакатнинг шимолидаги халқлар, шунингдек, Абдул Хақ ва Ҳамид Карзай етакчилигидаги пуштун қабилаларини “Толибон”га қарши бирлаштиришга ҳаракат қилади. 2000 йилнинг ноябрида Масъуд қароргоҳидаги учрашувда Афғонистондаги можарони ҳал қилиш бўйича Лойя жирға йиғилишини чақириш ҳамда “Толибон” режими қулаганидан кейин ҳукумат тузиш масаласи муҳокама қилинади. Масъуд харизматик етакчилик ва кучли бошқарувчилик қобилиятига эгалиги билан ажралиб турган. Ҳатто душманлари орасида ҳам у ҳурматга сазовор бўлган. Қатор таниқли совет ҳарбийлари унинг номини ҳурмат билан тилга олиб, моҳир ҳарбий қўмондон ва стратег сифатида эътироф этишган. 2001 йилнинг баҳорида Европа парламентидаги чиқишида Масъуд Афғонистондаги конфликт ички муаммо эмаслиги, балки ташқи кучлар, авваламбор, Покистон таъсирида вужудга келганини таъкидлаб, халқаро ҳамжамиятни Исломободга таъсир ўтказишга чақиради. Масъуд 2001 йилнинг 9 сентябрида “ал-Қаида” амалга оширган террорчилик акти қурбонига айланади. Тарих ва адабиёт билан қизиққан, шеърият ихлосманди бўлган. Қ.: “Афғонистон ислом жамияти”, “Шимолий альянс”.

АҲМАДШОҲ МАСЪУД

Ад.: Halim Tanwir Afghanistan History, Diplomacy and Journalism. Vol 1. – Xlibris, 2013; Коргун В. История Афганистана. – М.: ИВ РАН: «Крафт+», 2004; Barnett R. Rubin. The Fragmentation of Afghanistan. 2 nd ed. – New Haven and London: Yale University Press, 2002; Encyclopedia Britannica. Ahmad Shah Masoud.

Марказий Осиё канали учун тайёрланди.

Каналга уланиш - @centerasiastudy

Report Page