Ақоиднинг маъноси
https://t.me/AhliSunnaValJamoaUz
“Ақийда” сўзи арабча “ақада” феълидан олинган бўлиб, бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш маъносини англатади. Бу сўзнинг жами (кўплик шакли) “Ақоид” бўлади. Шу маънода ҳар бир мукаллаф банданинг қатъий ишониши, қалбига мустаҳкам қилиб боғлаб олиши ва у билан доимий алоқада бўлиши лозим бўлган шаръий, эътиқодий ҳукмлар ақийда дейилади.
Аслида, бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада яхши билиш талаб қилинади. Бунинг учун, аввало, ўша нарсани идрок қилиш керак. Кейин эса шу ҳиссий идрок илмий маърифатга айланиши лозим. Сўнгра, замон ўтиши, бошқа далилларнинг собит бўлиши ила ўша илмимиз тасдиқланади ва унга бўлган ишончимиз кучли бўлади. Мазкур илмга бўлган ишонч онгимизда мустаҳкам равишда қарор топганидан сўнг, у бизнинг ақлимизга ва қиладиган ишларимизга ўз таъсирини ўтказадиган бўлади.
Қачонки маълум бир илм бизнинг фикримизга айланиб, ҳис- туйғуларимизни йўллайдиган ва ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда, ақийдага айланган бўлади. демак, ақийда илмга асосланган бўлиши лозим.
Уламоларимиз ақийда илмининг мавзулари ниҳоятда кенглиги эътиборидан унга турли хил таърифлар беришган. Замондош уламоларимиздан Муҳаммад Анвар ал-Бадаҳшоний “Талҳису шарҳил ақийдатит-Таҳовия” номли асарларида уламоларимизнинг ақийда илмига берган кўплаб таърифларидан саккизтасини келтирганлар ҳамда мазкур таърифларнинг энг мукаммали мулла Алий ал-Қорининг таърифи эканлигини эътироф этганлар. Мулла Алий ал-Қори ақийдага шундай таъриф берганлар:
1. “У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади ”.
“Фалсафатут тавҳид ав Ашрофул мақосид” номли китобнинг соҳиблари Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Валалий ал-Микносий:
2.“У яқиний – ўта ишончли далиллардан диний ақийдаларни касб қиладиган илмдир”, дейди.
“Мавоқиф ” китобининг соҳиби Абдурроҳман Аҳмад Абдулғаффор ал-Ийжий:
3.“У ҳужжатлар келтириш, шубҳаларни рад қилиш йўли билан диний ақийдаларни исбот қилишга қодир бўладиган илмдир”, дейди.
Имом Абу Ҳомид Ғаззолий ўзларининг машҳур “Иҳёу улумид дин” номли китобларида:
4.“Ақоид тавҳид идрок этиладиган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зоти ва сифатлари билинадиган илмдир”, деганлар.
Аш-Шариф ал-Журжоний ўзининг “ал-Мавоқиф”га қилган шарҳида:
5.“Калом бир илмдурки, унда Ислом қонуни асосида Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақида ҳамда бошланиш ва қайтарилиш каби мумкинотлар аҳволи ҳақида баҳс қилинади”, деган.
Муҳаммад Абдуҳ ўзининг “Рисолатут-Тавҳид” китобида:
6.“Ақоид бир илмки, унда Аллоҳ таолонинг мавжудлиги, унга қандай сифатларни собит қилиш вожиблиги, нима билан васф қилиниши жоиз эканлиги, У зотдан нимани нафий қилиш вожиблиги, Пайғамбарлар ҳақида, уларнинг қандай бўлишлари вожиблиги, уларга қандай нисбат бериш жоизлиги, уларга нималарни нисбат бериш ман қилингани ҳақида баҳс юритилади”, дейди.
Яна бир таъриф Аллоҳ таоло у билан хосланадиган рубубият, улуҳият ва асмои-сифатлардан иборат бўлган нарсалар билан Аллоҳ таолони хослашлик.
Бу таърифлар бир-бирини тўлдириб боради.
“КАМОЛХОН ЭШОН БУВА“ МАСЖИДИ ИМОМ НОИБИ
ЗИЁВИДДИНОВ АЗИМХОН