«Ақлли» энергия ҳисоблагичлари: ўғрими ёки тўғри?

«Ақлли» энергия ҳисоблагичлари: ўғрими ёки тўғри?

@navoi_kasaba


Мамлакатимизда босқичма-босқич равишда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими амалиётга татбиқ этилмоқда. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ўтган йилда 2,5 миллион дона янги ҳисоблагич ўрнатилган бўлса, жорий йилда уларнинг сонини 4,5 миллионтага етказиш режалаштирилган.

Бу яхши, албатта. Аммо кейинги пайтда ўзаро суҳбат ва ижтимоий тармоқларда мазкур мавзу кенг муҳокама қилинмоқда. Гап шундаки, янги ҳисоблагичлар ҳақида «Кўп пул ёзар экан», «Тез айлантирар экан», «Ўғри ҳисоблагич» каби таъриф-у тавсифлар билдирилмоқда.

Хўш, «ақлли» ҳисоблагичлар ҳақидаги бу эътирозлар қанчалик тўғри? «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мутасаддиларига ушбу савол билан мурожаат қилдик.

– Янги ҳисоблагич электр энергия­сининг кичик сарфини ҳам пайқайди ва ҳисоблайди, – дей­ди «Ҳудудий электр тармоқлари» акция­дорлик жамиятининг электр энергия­­ни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш дирекция­­си директори Даврбек Имомов. – Масалан, кўпчилигимизнинг уйимизда компьютер, телевизор каби қурилмалар ишлатилмаган пайтида ҳам «кутиш» режимида қолдирилади. Мобиль телефонини қувватлаш мосламаси ҳам телефондан узилса-да, электр манбаидан олинмайди. Эътибор қилсангиз, буларнинг барчасида «қизил нуқта» ёниқ туради. Олдинги механик ва электрон ҳисоблагичларнинг ушбу қизил нуқталарга оқиб кетаётган энергияни ҳисоб­лаш хусусияти йўқ эди. Янги ҳисоблагичлар эса барчасини ҳисоблаш хусусиятига эга. Натижада электр жиҳозларини тармоқдан ажратмасдан «кутиш» функциясида қолдириш юртдошларимизга ортиқча харажатларни келтириб чиқармоқда. Хорижий давлатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилаётган ҳар бир ҳисоблагич инсон омили таъсирисиз алоҳида метрологик кўрикдан ўтказилади. Агар у белгиланган метрологик меъёрлар талабига жавоб бермаса, сотувга чиқарилмайди.

Мутахассис билан мулоқот чоғида маълум бўлдики, янги ҳисоблагич эски ҳисоблагичга нисбатан 3-5 фоизга кўпроқ ҳисоблайди, аммо бу ўзимиз ишлатган энергияни аниқ ва сезгирлик билан ҳисоблаши эвазига. Асло ўғри эмас!

Шу пайтгача ташкилотнинг ўзига ҳам ҳисоблагич «кўп ёзаётгани» тўғрисида шикоятлар келиб тушган. Шунда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг электр энергияни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш дирекция­­си ходимлари юртдошларимизнинг кўнглидаги ишончсизликка барҳам бериш учун ҳисоблагичнинг устидан фуқароларнинг олдинги уйида турган ҳисоблагичларини ўрнатишди. Икки ҳафта ёки бир ойдан сўнг иккала ҳисоб­лагич кўрсаткичлари таққосланганда эса юртдошларимиз янги ҳисоблагич тўғри ишлаётганига, фарқ арзимас даражада камлигига амин бўлишди.

– Биз ўтган йилнинг сўнги олти ойи давомида 50 та хонадонда янги ҳисоблагичга параллел равишда олдинги эски ҳисоблагичларни ўрнатиб, фуқароларга янги ҳисоблагич фаолиятига холис баҳо бериш имконини яратдик, – дейди ­­­­Д. Имомов. – Барча ҳолатларда ҳам юртдошларимиз янги ҳисоблагич тўғри ишлаётганига гувоҳ бўлишди. Агар янги ҳисоблагич фаолиятига шубҳа билан қараётган юртдошларимиз бўлса, ходимларимиз уларнинг уйида ҳам бу тажрибани амалга ошириши мумкин. Ана шунда ҳаммаси ойдинлашади. Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтсам, албатта янги тизимга ўтиш энди бошлангани учун ҳали муаммоларимиз мавжуд. Масалан, айрим ҳолларда ҳисоблагичлар кўрсатилган меъёрлар асосида ўрнатилмагани оқибатида уларнинг нотўғри ишлаши учраб турибди. Бундан ташқари, ҳисоблагич автоматик ўчганда тўлов қилинишига қарамасдан ўз вақтида ёнмаётган ҳолатлар ҳам учраяпти. Бунинг сабаби, тизимнинг алоқа операторлари ва интернет билан боғлиқлигидир. Интернет яхши ишламаётган ҳудудларда бу муаммолар кўпроқ кузатиляпти. Ҳозирда бундай муаммоларни бартараф этиш устида ­ишлаяпмиз.

Манба: "Ishonch" ва "Доверие" газеталарининг расмий канали

Мухокама учун: https://t.me/navoiy_kasaba


Report Page