98. СИЁСИЙ ТАҲЛИЛ ФАНИДАН АТАМАЛАР

98. СИЁСИЙ ТАҲЛИЛ ФАНИДАН АТАМАЛАР

Бахтиёр Омон
Аналитик.

АГРЕГАТСИЯ – сиёсий тизим функсияси бўлиб, у хилма-хил талаблар ва манфаатларни умумлаштириш, умумий талабларни ишлаб чиқиш ва уларнинг долзарблиги, муҳимлиги нуқтаи назаридан поғоналаштириш билан боғлиқ.

АКТОР – сиёсий ҳаётда тўғридан-тўғри ёки бевосита иштирок этувчи сиёсий субъект.

АРТИКУЛЯТСИЯ – (лот. бўғин-бўғин, тушунарли сўзлаш) сиёсий тизим функсияси бўлиб, у қарор қабул қилувчи ташкилотларга талабларни баён этиш вазифасини бажаради. Демократик сиёсий тизимларда бу вазифани манфаат гуруҳлари, сиёсий партиялар, парламент, авторитар сиёсий тизимларда эса корпоратив институтлар бажаради.

АССИМИЛЯТСИЯ - (лот. ўхшаб кетмоқ) сингиб кетиш, қўшилиб кетиш.

АНАЛОГИЯ – (гр. ўхшаш, монанд) умуман, турли-туман предмет ва ҳодисаларнинг муайян маънода ўхшашлиги, бир-бирига монандлиги.

АНТИНОМИЯ – (фр. қонунга қарши) бир хил даражадаги тўғри деб эътироф этилган, лекин бир-бирига қарама-қарши ҳукмлар тўқнашуви.

БИХЕВИОРИЗМ – инсоннинг хулқ-атвор мотивларини, жавоб реакцияларини ўрганиш зарурлиги, шу тариқа ижтимоий фанлар ўзларининг “гуманитар чекланганлигини” енгиб ўтиши, ҳамда исботланганлиги ва аниқлик даражасига кўра табиий фанларга яқинлашувини асослайдиган ҳозирги замон ижтимоий фани йўналиши.

БРЕЙНСТОУМИНГ – бирор муаммони ечишда экспертлар гуруҳининг ақлий ҳужумини ташкил этиш.

ВЕРБАЛ – лот. оғзаки, сўзда ифодаланган.

ВЕРИФИКАТСИЯ – респондент хабар берадиган маълумотларнинг аниқлигини ўлчаш учун зарур далилларни тўплаш жараёни

ГЕТЕРОГЕН – хилма-хил, сифат жиҳатидан турли негизлардан иборат

ГОМОГЕН – асос эътибори, келиб чиқиши ҳамда моҳияти жиҳатидан бир хил, бир турдаги, ягона.

ДИВЕРСИФИКАТСИЯ – (лот. тенг қилмоқ) ялпи кўп тармоқли ривожланишга қаратилган давлат сиёсати.

ДИСПЕРСИЯ – (лот. тарқалган, ёйилган) сиёсатда ҳокимиятнинг бир марказда тўпланмай, бутун жамиятга ёйилиши кўплаб ўзаро боғлиқ, уйғун, ҳокимият марказларининг мавжудлиги.

ДИСПУТ – (лот. фикрлаш, таҳлил қилиш, баҳслашиш) оғзаки илмий баҳс, оммавий маърузадан сўнг аввалдан белгиланган оппонентлар иштирокидаги мунозара.

ИДЕНТИФИКАСИЯ – у ёки бу сиёсий гуруҳга ўзини-ўзи бошқаришдан ажратиш имконини берувчи барқарор белгилар, хусусиятлар бирлиги.

ИДЕОГРАФИК ФАНЛАР – ҳодисаларни, бўлиб ўтган воқеаларни, яъни хусусий ҳолатларни ҳар томонлама ўрганадиган фанлар.

ИНСТИТУСИОНАЛЛАШУВ – расмийлашган, барча эътироф этган қоидалар, қонунлар, анъана ва маросимларга асосланган ижтимоий муносабатлар барқарор намуналарининг шаклланиши.

ИНТЕРПРЕТАТСИЯ – талқин қилиш, шарҳлаш. Бирор воқеа ёки ҳодисани муайян нуқтаи назардан талқин қилиш, тушунтириш, қараб чиқиш.

ИММАНЕНТ – бирор воқеа, ҳодиса ёки жараёнга хос хусусият.

КАУЗАЛЛИК – сабаб билан белгиланганлик, сабаб ва фаолиятнинг қонуний алоқаси. Тамойил (ёки қонун) сифатида каузаллик қуйидагиларни англатади: ҳар бир воқеа ёки ҳодиса бирор сабабга эга (бирор сабаб билан содир бўлган) ва айни вақтда у яна бошқа бир воқеа ёки ҳодисанинг ҳам сабабчисидир; сабабсиз ҳеч нарса пайдо бўлмайди.

КВАЛИФИКАТСИОН КЎПЧИЛИК – энг муҳим масалалар бўйича қарор қабул қилиш учун белгиланувчи, иштирокчиларнинг 2/3 ёки 3/4 қисмининг берган овозлари.

КЛАССИФИКАЦИЯ – предмет, ҳодиса ва тушунчаларни синфлар, бўлимлар, даражалар бўйича, уларнинг умумий белгилари, хусусиятлари, ягона асосига кўра тақсимлаш (тур, бўлимларга киритмоқ). Классификация бир хиллик ва ўхшашликка қурилади.

КОНСЕПТУАЛЛАШТИРИШ – маълумотларни, ҳар бир алоҳида ҳолат, ғоя, воқеа ва ҳодисанинг унинг орқасида турган нарсани, мазмунини номлаш.

КОРПОРАТИВЛИК – жамиятни ташкил этишнинг ўзига хос модели бўлиб, унинг бирламчи элементлари сифатида индивидлар эмас, иқтисодий ва функсионал гуруҳлар туради. Марказий ҳокимият корпоратсияларга бирлашган ана шу гуруҳлар вакилларидан тузилади.

КОРРЕЛЯТСИЯ – фақат бир-бири билан ўзаро таққослаганда бирор мазмунга эга бўлган нарса ва тушунчалар.

КУМУЛЯТИВ ВОТУМ – кўп мандатли сайлов округларида овоз бериш тартиби: унда сайловчи ўзида мавжуд бўлган овознинг бир қисмини ёки барчасини бирлаштириб, уни номзодлардан бирига бериш ҳуқуқига эга бўлади.

ЛЕГИТИМЛИК – муайян давлат ҳокимиятининг қонунийлиги а) фуқаролар томонидан; б) халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилишини англатувчи қадриятив тушунча. У тарихан анъанавий, харизматик, оқилона-қонуний шаклларда намоён бўлади.

ЛОКАЛЛАШТИРИШ – бирор воқеа, ҳодиса ва ҳаракатларни маълум жой билан чеклаш, унинг муайян ҳудуддан, четга чиқишига йўл қўймаслик.

ЛОНГИТЮД ТАДҚИҚОТ – бир хил шахслар, гуруҳ ёки объектларни узоқ вақт кузатиш ва маълум бир вақт ўтгач улар орасидаги ўтказилган сўровни қайта ташкил этиш, натижаларни авалгилари билан қиёслашга асосланган тадқиқот усули.

ЛИБЕРТАРИЗМ – давлатнинг ижтимоий-иқтисодий муносабатларга аралашмаслиги. Бу бозор муносабатлари соҳаси эканлиги тўғрисидаги ғояни тарғиб қилувчи консепсия (“Чикаго мактаби” - О.Фридман, Г.Беккер, А.Лаффер).

МИҚДОР УСУЛЛАРИ – сиёсий объектлар хусусиятлари ва белгиларини тўғридан-тўғри ёки бевосита ўлчашга, математик формаллаштириш ва квалификатсияга асосланувчи усуллар.

МОБИЛЛИК – стратификатсия назариясида шахс ва гуруҳлар мақомининг ўзгариши билан боғлиқ кўчишлар.

МАНФААТ ГУРУҲЛАРИ – фуқароларнинг давлат билан муносабатларида ўзгаришнинг ҳокимиятга доир манфаатларини баён этиш ёки ҳимоя қилишлари учун ихтиёрий тарзда бирлашган махсус ёки мослаштирилган ташкилотлар. Улар ўз олдиларга қўйган мақсадлари, фаолият усуллари, ҳокимиятга таъсир ресурслари ва бошқа белгиларига кўра сиёсий партиялардан сиёсий партиялардан фарқ қилади.

МАТЕМАТИК МОДЕЛЛАШТИРИШ – ижтимоий борлиқ хусусиятларини математик тилда баён этиш имконини берувчи эмпирик тадқиқот усулларидан бири. Борлиқнинг тадқиқоти учун аҳамиятли томонларини лўнда ва абстракт шаклда акс эттиради, тадқиқ қилинаётган масаланинг асосий муаммоларини аниқ тассавур этиш; сифатий усуллар ёрдамида олиб бўлмайдиган хулосаларга келиш имконини беради; таҳлил учун компютер технологияларидан фаол фойдаланишга асосланади.

НОРМАТИВ БАШОРАТ - чекланган ресурслар аниқланганлиги асосида кутилган натижаларга эришиш услублари ҳақидаги прогноз

ПАУПЕРИЗМ - оммавий қашшоқланиш, аҳолининг камбағаллашуви; яшаш учун зарурий воситалардан маҳрумлик

ПЕРМАНЕНТ – доимий, узлюксиз давом этадиган.

ПИЛОТАЖ УСЛУБИ – муайян методикаларнинг (анкеталар, режалар, интервю ва ҳ.к.) яроқлилигини аниқлаш, тадқиқот тадбирларини текшириб олиш мақсадида ўтказиладиган синов тадқиқоти.

ПРАКСЕОЛОГИЯ – сотсиологик тадқиқотлар йўналиши. У фаолият ёки фаолиятлар бирлигини уларнинг самарадорлиги нуқтаи назаридан ўрганади.

РЕЛЯТИВ – муайян муносабатлардагина аҳамиятга эга, шу муносабатлар билан белгиланувчи, нисбий.

РЕПРЕЗЕНТАТИВЛИК – тадқиқ қилинаётган бирликнинг хусусиятларини акс эттирувчи танлов белгиси. (Репрезентасия-фр. вакиллик).

РУҲИЙ ПАРАДИГМА – сиёсатни тушунтиришдаги табиий парадигмаларнинг бир тури. У сиёсат табиатини руҳий омиллар орқали тушунтиради, яъни инсон руҳияти мотивлар, дунёни қабул қилиш усули ва ҳ.к. орқали.

СИЁСИЙ АДАПТАСИЯ – (лот. мослашиш) сиёсий тизим, сиёсий тузилмаларнинг атроф-муҳит талабларига мослашиш жараёни. У сиёсий тизим олдида турган вазифаларнинг ўзгариши, янги мақсадлар аниқланиши, муаммоларни ҳал қилиш учун янгича ёндашувларнинг ишлаб чиқилишида намоён бўлади.

СИЁСИЙ БАШОРАТ – 1) сиёсий жараён келажаги ва оқибатлари тўғрисидаги сиёсий фикрларнинг ишлаб чиқилиши; 2) сиёсий ҳаёт, унинг жараёнлари, ҳодисалари ривожланишининг истиқболлари тўғрисидаги махсус тадқиқот.

СИЁСИЙ ЖАРАЁН - жамият сиёсий тизимининг шаклланиши, ўзгариши ва фаолият кўрсатишига бевосита таъсир этувчи ижтимоий субъектлар фаолиятининг уйғунлиги

СИЁСИЙ ВАЗИЯТ – сиёсий тизимнинг маълум бир даврдаги ҳолати.

СИЁСИЙ ВАЗИЯТ ТАҲЛИЛИ – жамият сиёсий тизимини ташкил қилувчи барча сиёсий акторларнинг ҳозирги вақтдаги ўзаро ҳаракатини аниқлаш ва ўрганиш.

СИЁСИЙ ВАЗИЯТНИНГ ВЕРТИКАЛ ТАҲЛИЛИ – сиёсий тизим айрим институтларининг ҳолати ва ўзаро ҳаракатини ўрганиш.

СИЁСИЙ ВАЗИЯТНИНГ ГОРИЗОНТАЛ ТАҲЛИЛИ – сиёсий жараёнларда яхлит актор сифатида ҳаракатланувчи ноинститусионал жамоалар ва гуруҳларнинг ҳозирги ҳолатини аниқлаш ва ўрганиш.

СИЁСИЙ ВАЗИЯТНИНГ ДИАГНОСТИК ТАҲЛИЛИ – ҳар хил муаммоли вазиятлар чиқиш эҳтимолларини ўрганиш мақсадида сиёсий тизимнинг ёки унинг айрим таркибий қисмларининг ҳозирги ҳолатини аниқлаш ва ўрганиш.

СИФАТ УСУЛЛАРИ – тадқиқотда индивидуал тажриба, кузатиш, интуитсия, тушунчаларининг анъанавий фалсафий ва мантиқий таҳлилий усуллари, тарихий қиёслаш, шахсий ва расмий ҳужжатлардан фойдаланиш, қайдлар, хулоса ва тавсияларни публисистик асослаш усулларидан фойдаланишга эътибор қаратади. Сифат усуллари сиёсий ҳодисалар ва жараёнлар, тизимларнинг сифат жиҳатларини таҳлил қилади. Шунингдек, сифат усуллари миқдор усуллари билан биргаликда қўлланиши ҳам мумкин.

СТАТИСТИК УСУЛЛАР - тадбиқий математик статистикага оид моделлар ва усуллар бирлиги. Шартли равишда улар иккига бўлинади 1-гуруҳга, терма (танлаш) усули, тавсифловчи (таърифловчи) статистика, боғлиқлик ва алоқалар таҳлили, статистик хулосалар, баҳолар ва мезонлар назарияси, тажрибали режалаштириш усуллари киради. 2-гуруҳга даражалаш, таксономик тадбирлар, коррелятсион, факторли, сабабий таҳлил ва бир гуруҳ статистик моделлар каби кўп ўзгарувчи усуллар киради.

СИЁСИЙ МАРКЕТИНГ - сиёсатни сиёсатчи ва халқ, номзод ва сайловчи ўртасидаги ратсионал муносабатлар тарзида тушунишдан келиб чиқиб, етакчиликка даъвогар шахснинг сифатлари ва фазилатларини сайловчиларга (фуқароларга) маъқул тарзда кўрсатиш.

СИЁСИЙ МОДЕЛ – сиёсий тизим ёки унинг таркибий қисмининг маълум шаклдаги оригиналдан фарқ этадиган сиёсий тасвири.

СИЁСИЙ МЕНЕЖМЕНТ - давлат сиёсатини самарали ташкил этиш ва самарали бошқарувга оид фан.

СИЁСИЙ МЕъЁР – сиёсат субъекти эътироф этган ва амалда риоя қилувчи намуна, қоида, фаолият тамойили. Улар: расмий-норасмий, оғзаки-ёзма, ошкора-яширин; универсал-хусусий бўлиши мумкин. Белгиланган тартибда қабул қилинган, қоғозда қайд этилган ва сиёсий субъектлар учун мажбурий бўлган сиёсий меъёрлар айни вақтда ҳуқуқий меъёрлар ҳамдир.

ТРАНСФОРМАТСИЯ – сиёсий тизимларнинг ўзгариш жараёни

ФУТУРОЛОГИЯ – (лот. келажак тўғрисидаги таълимот) ижтимоий жараёнлар, инсоният таҳлил қилувчи илмий назариялар.

ЭКСПЕРТ БАҲОЛАШНИНГ БИЛВОСИТА УСЛУБЛАРИ – билвосита, новербал ўзаро ҳаракат асосида ташкил этилган эксперт гуруҳларининг таҳлилий фаолияти.

ЭКСПЕРТ БАҲОЛАШНИНГ БЕВОСИТА УСЛУБЛАРИ – шахсий мулоқот асосида ташкил этилган эксперт гуруҳларининг таҳлилий фаолияти

ҚИДИРУВ ПРОГНОЗИ – ҳозирги вақтда мавжуд тенденсияларнинг келажакда ҳам давом эттирилиши ҳақидаги башорат.

ТРАНСФОРМАТСИЯ– сиёсий тизимларнинг ўзгариш жараёни

ФУТУРОЛОГИЯ – (лот. келажак тўғрисидаги таълимот) ижтимоий жараёнлар, инсоният таҳлил қилувчи илмий назариялар.

ЭКСПЕРТ БАҲОЛАШНИНГ БИЛВОСИТА УСЛУБЛАРИ – билвосита, новербал ўзаро ҳаракат асосида ташкил этилган эксперт гуруҳларининг таҳлилий фаолияти.

ЭКСПЕРТ БАҲОЛАШНИНГ БЕВОСИТА УСЛУБЛАРИ – шахсий мулоқот асосида ташкил этилган эксперт гуруҳларининг таҳлилий фаолияти

ҚИДИРУВ ПРОГНОЗИ – ҳозирги вақтда мавжуд тенденсияларнинг келажакда ҳам давом эттирилиши ҳақидаги башорат.

Тузувчи: тарих фанлари доктори Илёс Исломов


Report Page