ᅠᅠ

ᅠᅠ

Marhamah Study

Саидмурод Давлатов: Ҳар ким бой бўлиши мумкин. Моддий барқарорлик сари 12 қадам. (II қисм)
III. Даромадни қандай ошириш мумкин. Ҳаракат режаси.
Ҳаракат қилишдан қўрқманг.
Хоҳишдан- ғоя, ғоядан- ҳаракат ҳосил бўлади. Баъзи инсонлар:-«Мен чин дилдан хоҳлаган эдим, лекин қўлимдан келмади», -дейди. Саидмуроднинг фикрича бу нотўғри. Агар инсон бир нарсани чин дилдан хоҳласа албатта мақсадига эришади. Ҳар бир инсонга имконият бор, аммо, қатъиятсизлиги ва қўрқоқлиги сабабли яратилган имкониятдан фойдалана олмайди. Бой одамларда қандай қилиб муваффақиятга эришгани ҳақида сўрасангиз, уларнинг аксарияти: -«Тушунтира олмайман. Ғоя пайдо бўлди, ҳаракат бошладим ва муваффақиятга эришдим»,- дейди.
Аксарият қариндошларимиз, танишларимиз ва дўстларимиз пул топиш учун ҳаракат қилишга журъат этмайдилар. Улар: -«Агар пулим бўлганда эди, бизнес билан шуғулланишга ҳаракат қилар эдим»,- деган фикрдалар. Аммо, ҳақиқат шундаки, бой бўлиш учун аввало ҳаракат қилиш керак, ўқиш керак, ўрганиш керак, билимли бўлиш керак. Ўзингиз жавоб берингчи, инсон аввал билим олиб ўрганиб кейин бой бўладими ёки бой бўлганидан кейин билим оладими? Албатта аввал билим олиш зарур. Шунинг учун ҳам бой бўлиш йўлларини ўрганиш керак. Муваффақиятга эришган инсонларни маслаҳатига қулоқ солинг. «Бу иш менинг қўлимдан келмайди»,- деб кутиб ўтирманг, ҳаракат қилинг, шундагина ижобий натижага эришасиз. Ён атрофингиздаги инсонлар сизни қўлингиздан келмайди, деб мақсадингиздан воз кечишга ундаши мумкин, асло қулоқ солманг қатъиятли бўлинг ва ҳаракат қилинг.
Саидмурод Давлатов ўз китобида қатъият билан қилинган ҳаракат ижобий натижа бериши ҳақида бир мисол келтирган. 
Қиш кунларининг бирида икки ёш бола музлаб қолган кўл устида конкида учиб юрган вақтларида, муз бўлаги дарс кетиб, болаларни бири сувга тушиб кетади. Иккинчи бола ўзини йўқотиб қўймай, қатъиятлик билан дўстини қутқаришга ҳаракат қилади. У қўлига тушган кичик тош бўлаги билан музни ёради ва дўстини сувдан чиқариб олади. Воқеа жойига етиб келган қутқарувчилар, кучи унча кўп бўлмаган ёш бола, кичик тош бўлаги билан қалин муз бўлагини ёрганлигига ҳайрон бўлишади. Шу вақт уларнинг олдига кўпни кўрган бир мўйсафид келиб бўлган воқеани эшитади ва: -«Болани ёнида ҳаракатдан қайтарувчи инсон бўлмаганлиги учун у қатъиятлик билан ҳаракат қилган ва ижобий натижага эришган»,- деб хулоса қилган.
Буюк Эйнштейн шундай деган: -«Агар тасаввур қила олсанг, бажаришни ҳам уддалайсан».
Унутманг! Қатъиятсизлик муваффақиятсизликдан ҳам ёмон. Қатъиятсизлик - ҳар нарсадан шубҳаланиш ва қўрқоқликдан келиб чиқади. Муваффақиятсизлик эса тажриба ва билим олиб келади.
Шахсий тажриба.
Саидмурод Давлатов ўз ҳаётини тубдан ўзгартиришга қарор қилганидан икки ой ўтиб Москва бозорларининг бирида иш бошқарувчи лавозимига тайинланди. Бир йилдан кейин Саидмурод Москвадан уй сотиб олишга эришди. Баъзилар Москвада бутун умр ишлайди, аммо, уйлик бўла олмайди. Саидмуроднинг фикрича ҳар бир инсонда шундай кунлар бўладики, бир кунда, бир йилда топмаган пулига эга бўлиши мумкин. Лекин, бунинг учун нима бўлган тақдирда ҳам инсон ўз қароридан қайтмаслиги ва ҳаракатдан тўхтамаслиги керак.
Ҳар бир инсонда қайсидир бир соҳада қобилият бор. Бу қобилиятдан одамларга завқ бағишлаш учун фойдаланиш керак. Аксарият одамлар қобилиятидан унумли фойдаланиб муваффақият ва фаровонликка эришади. Пул ўз қобилиятидан унумли фойдаланувчиларга хизмат қилади. Қобилиятни фақат кунлик харажатлар учун пул топишга сарф қилиш камлик қилади. Тақдир инъом этган имконият ва қобилиятдан фойдаланишни ўрганинг.
Мақсадингизни аниқ белгилаб олинг.
Мақсад аниқ ва эриша оладиган бўлиши керак. Ўзингизни олдингизга эриша олмайдиган глобал мақсадлар қўйманг. Чунки, у ҳолда бир кун келиб топаётган пулингиз билан таққослаганда мақсадингиз рўёбга чиқишига ўзингизга бўлган ишончни йўқотасиз ва ҳаракатдан тўхтаб қоласиз. Мақсадга эришиш учун босқичма- босқич ҳаракат қилинг. Агар сиз кичик мақсадларингизга етишсангиз, худди нарвондан томга чиқаётган одамдек албатта катта мақсадга яқинлашасиз .
Фараз қилинг сиз катта завод очмоқчисиз. Бу албатта катта мақсад. Сиз завод очиш учун нима қилишни билмайсиз, нимадан бошлаш керак, қаердан сармоя олиш кераклиги ҳақида тушунчага ҳам эга эмассиз. Инвесторнинг олдига борсангиз, у сизга ишонч билдирмайди. Банк кредит бермайди. Шунинг учун ҳам реал ва эриша оладиган мақсад бўлиши керак. Бунинг учун сизга ҳар бир тадбир аниқ кўрсатилган, ҳисоблаб чиқилган бизнес режа керак.
 Аҳамият берганмисиз корхоналарда раҳбар ва бошқарувчи бўлади. Раҳбар тайёрланган ҳужжат ва қарорларга имзо қўяди, кўрсатмалар беради, керакли ходимларни ишга жалб этади. Аммо, у корхонада юзага келган муаммоларни ҳал эта олмаслиги мумкин.Чунки корхона олдидаги вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш бошқарувчини вазифаси. Бошқарувчи корхона фаолиятини яхши тушунади, сифатли маҳсулот ишлаб чиқарилишини назорат қилади, ишчиларни корхона олдидаги вазифаларни бажаришга йўналтиради. Ҳар бир инсон ҳам худди шундай ўз мақсадига эришиши учун фикрини, ғоясини, туйғусини ва ҳаракатини бошқара олиши керак.
 Инвестиция киритинг.
Фақат битта даромад манбаи билан сиз бой бўлиб қолмайсиз. Маошнинг ўзига ишониб қолманг, у фақат рўзғорга етиши мумкин. Пул келишини янги манбаларини яратинг. Пул топишнинг бир неча манбаси бўлганда сиз бой бўласиз. Пул топишнинг энг қулай вариантлари банкка пул қўйиш, акция ва қимматбаҳо қоғозларни сотиб олиш, кўчмас мулк харид қилиш ва бизнесга шерикчилик.
• Банкка пул қўйиш. Банкка қўйилган пул фоиз ҳисобида ошиб боради. Жуда зарур бўлмаса пулингизни банкдан олманг, чунки у сизни молиявий ҳимоя қилади.
• Акция ва қимматбаҳо қоғозлар. Биржадан акциялар харид қилишга ҳаракат қилинг. Албатта пулингизга чув тушиб қолиш хавфини олдини олиш учун бошида катта миқдорда акция харид қилмаслик керак. Кейинчалик акцияларни вақтида сотиб олиш ва сотишни ўрганиб оласиз. Бу соҳада малакали инсонларда қизиқ бир қоида бор, улар акцияларни бошқалар сотиб олишдан хавфсираётган вақтда харид қиладилар. Шунингдек, бошқалар акциялар қиймати кўтарилишини кутаётган вақтда қўлларидаги акцияларни сотадилар.
• Кўчмас мулк. Кўчмас мулк харид қилиш пул тикишнинг энг фойдали варианти ҳисобланади. Мулкни хоҳлаган вақтингизга фойдаси билан сотишингиз мумкин. 
•. Компаниянинг бир бўлаги бўлиш. Масалан, тайёр бизнес сотиб олиш, шерик бўлиш, истиқболли лойиҳаларга инвестиция киритиш. Фақат бир йўналишда бизнес қилишнинг ўзига яраша хавфли томонлари бор. Шунинг учун иложи борича бир неча йўналишда бизнес қилишга ҳаракат қилиш керак.
Тўртта кундалик дафтар тутинг.
 Муваффақиятлар дафтари. Дафтарга эришган ижобий натижаларни ёзиб боринг. Муваффақиятга эришган вақтингиздаги ички туйғуни ҳам батафсил баён этинг. Агар қийинчиликлар юзага келса, дафтарни очиб ўқисангиз, олдинга ҳаракат қилиш учун янги куч пайдо бўлади.
Донолик дафтари. Бу дафтарга машҳур инсонларнинг ҳаёт йўли, муаммоларни енгиб ўтиш сирлари ва дона сўзларини ёзиб боринг. Бу нарса юзага келган тўсиқларни муваффақиятли енгиб ўтишга ёрдам беради. Дафтарда баён этилган гаплар, хато қилишингизни олдини олади, қийин вазиятлардан муваффақият билан чиқиб кетишингизга ёрдам беради.
Ғалабалар дафтари. Юзага келган тўсиқларни қандай енгиб ўтганингизни баён этинг. Айниқса ўзингизни қатъиятсизлигингиз ва дангасалигингиз устидан ғолиб чиққанингизни батафсил баён этинг.
 Ғоялар дафтари. Ҳаёлиингизга келган ғояларни ёзиб боринг. Инсонга ғоя ҳар қандай вақтда келиши мумкин. Масалан ;иш вақтида, дам олиш чоғида, телевизор томоша қилиш жараёнида. Унутманг! Биргина яхши ғоя сизни бой қилиши мумкин.
Ушбу китобни ўқиш учун тўртта сабаби.
1. Агар сиз ҳаракат қилмасангиз харажатингиз даромадингиздан кўп бўлаверади. Ахир яхшилаб ўйлаб кўринг, оддий инсон даромад қилиш учун бир кеча- кундузда тахминан 8 соат ишлайди, лекин харажат эса 24 соат давом этиши мумкин. Муаллиф ўз китобида сизга пулингиз куну -тун даромад олиб келиш йўлларини кўрсатиб берган.
2. Харажат доимий, аммо даромад доимо бўлмаслиги мумкин. Фараз қилинг сиз ишдан бўшатилишингиз, касал бўлиб қолишингиз ёки бошқа сабабларга кўра даромад манбаидан айрилишингиз мумкин. Аммо, харажат тўхтамайди. Китобнинг яна бир мақсади оилани молиявий хавфсизлигини қандай таъминлашни ўргатиш.
3. Инсон ҳаёт кечириши учун зарурий шароит ва воситалар кундан -кунда қимматлашмоқда. Эслаб кўринг бундан 15- 20 йил олдин даромад қилаётган пулингизга нима харид қилса бўлар эди? Ҳозир- чи? Ўндан бирини харид қилиш мумкиндир. Сизнинг даромадингиз ва харажатингизга албатта инфляция таъсир қилган. Китоб муаллифини йиғган пулингизни инвестиция қилиш бўйича маслаҳатларига амал қилсангиз, инфляция сизга катта салбий таъсир қилмайди.
4. Китобда аксарият инсонлар нима сабабдан доимо қарз бўлишлиги тушунтирилган. Уларнинг пул билан муомала қилишда йўл қўйган асосий хатолари баён этилган. Шунингдек, хатоларга йўл қўймаслик бўйича маслаҳатлар берилган.
Унутманг! Пул сизга куну тун- даромад олиб келувчи «ишчи». Уни яхши ишга жойлаб қўйинг, акс ҳолда у бошқа одамлар учун ишлашга кетади.
Давлатов ўз китобида устозлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.
 Саидмурод муваффақиятга эришганлигига устозларининг ҳиссаси катта эканлигини алоҳида урғу бериб эслайди. Муаллиф бой бўлишни хоҳлаган инсонлар икки нарсага эътибор бериши керак деб ҳисоблайди.
1. Устоз кўрган шогирд муваффақиятга эришади. Қандай таълим олганингиз ва қандай кўникмага эга бўлганингиздан қатъий назар устозсиз муваффақиятга эришиш амри маҳол. Устоз мақсадга эришишни бехато ва қисқа йўлини кўрсатади
2. Агар тезроқ муваффақиятга эришиб бой бўлишни истасангиз, шундай муваффақиятга эришган инсонларни аниқланг ва уларни кузатинг.
Саидмурод Давлатов ҳам муваффақиятга эришган ва кейинчалик унга устозлик қилган энг яхши бизнес маслаҳатчи, тадбиркор ва ёзувчи Бодо Шеферни ҳаёт йўлини ўрганди китобларини ўқиди ва шогирди бўлди. Бодо Шефер Саидмуродни муваффақиятга эришишига катта ҳисса қўшди. Бода Шефер бир куни шогирди Саидмуроддан: -«Сен нима учун бой эмассан?», деб сўради. Қизиғи шундаки Бодо Саидмуроддан: -«Бой бўлишни хоҳлайсанми?» ёки «қандай қилиб бой бўлишни биласанми?», - деб сўрамаган. Шу билан бирга Бодога ҳам устози худди шундай савол берганлигини таъкидлаб ўтган. Бодо Шефернинг фикрича Саидмурод бой бўлишга лойиқ инсон бўлган.
Саидмуродни таъкидлашича устозидан эшитган энг яхши маслаҳати: -«Агар ишинг уч йил муддат ичида сени янги босқичларга олиб чиқмаган, моддий ва маънавий бой қилмаган бўлса бундай иш билан шуғулланишни тўхтат»,- деб айтган гапи бўлган.
 Абу Али ибн Сино айтганидек: -«Инсон бир жойда кўкарадиган дарахт эмас».
Муқаддима.
• Пул топиш асосий мақсад бўлмаслиги керак. Пул - молиявий мустақиллик манбаи бўлиб қобилиятингизни ошкор этишга ёрдам беради.
 • Ҳаётингизни режалаштиришни ўрганинг. Бу ишни сиз учун ҳеч ким қилиб бермайди. Унутманг! Камбағаллик уруғини сочган одам бойлик меваси униб чиқишини кутмаслиги керак.
• Топган пулингизни йўқотиб қўйишдан қўрқманг. Ўз имкониятларингиз ва қобилиятингизни пулдан устун қўйинг, шундагина, пул ўзи сизни топади ва сизга хизмат қилади.
• Кўпроқ кучли, қатъиятли ва катта муваффақиятларга эришган инсонлар билан мулоқот қилинг. Улар сизга ижобий энергия ва муваффақиятларга эришишингизга илҳом берадилар.
• Шахсий молиявий режангизни амалга ошириш учун иқтисод қилинган пулингизни йиғинг. Тезроқ молиявий ҳимоя ва кейинчалик молиявий хавфсизликка эришишга ҳаракат қилинг. 
• Фақат битта моддий манбага ишониб қолманг. Бир неча моддий манбалар яратишга ҳаракат қилинг.
• Агар бой бўлишни хоҳласангиз кутманг ва дангасалик қилманг. Ижобий натижага эришувчи инсон бўлинг. Унутманг! Ҳар қандай қийинчиликлар ва тўсиқларга қарамасдан мақсадига эришишга тинмасдан ҳаракат қилувчи инсонгина муваффақиятга эришади.
• Катта мақсадга эришишни режа бўйича бир неча босқичга бўлинг. Ҳар босқични заб этиш, сизни асосий мақсадингизга яқинлаштиради.
• Бой бўлиш имконияти ҳар бир инсонда бор. Ҳамма нарса одамнинг ўзига боғлиқ. Ишонч бўлса, янги ғоя, катта миқдордаги пул, танишлар ва активлар келади.
 Унутманг! Инсонда бой бўлиши учун аввалам бор ишонч бўлиши зарур.
«Энг асосийси ўзинг орзу қилган инсон бўлиш ва ўзинг орзу қилгандек яшаш». Саидмурод Давлатов.
Манба: iknigi.net

Report Page