97. ТАЪЛИМ-ТАРБИЯГА ОИД АТАМАЛАР

97. ТАЪЛИМ-ТАРБИЯГА ОИД АТАМАЛАР

Бахтиёр Омон
Тарбия усуллари.

Академия -   афсонавий қахрамон Академ номи билан боғлиқ, илмий, ўқув ва бадиий хусусиятга эга бўлган олий таълим муассасаси.

Билим - борлиқни билиш жараёнининг амалиётда тасдиқланган натижаси.

Илмий билим - тизимли, асосли ва нарса, ҳодисалар моҳиятига чуқур кириб борадиган бўлади. У эмпирик ва назарий даражада бўлади

Инновация - лотинча сўз бўлиб, “янгилик киритаман” маъносини билдиради.

Институт -  лотинча сўз бўлиб, “маҳкама”, “идора” маъносини билдиради, олий маълумот берувчи муассаса.

Интерфаол - инглизча сўз бўлиб, “ўзаро таъсир” маъносини билдиради. Бирор фаолият ёки муаммони ўзаро мулоқатда, ўзаро баҳс-мунозара усулида, фикрлашишида ҳамжиҳатлик билан ҳал этиш маъносини англатади.

Интерфаол машғулот - ўқитувчи ва ўқувчилар ўзаро фаол иштирок этадиган машғулот; жараён ҳамкорликда кечади.

Коллеж -    французча сўз бўлиб, Франция, Бельгия, Швейцария ва б. давлатларда ўрта махсус маълумот берадиган ва касб-ҳунарга ихтисослаштирилган таълим муассасаси.

Кўникма - онгли фаолият (ҳаракат)ни тез, тежамли, тўғри, кам жисмоний ва асабий куч сарфлаган ҳолда, бажариш. Шахснинг билимларм асосида таркиб топади. Дастлабки шаклланиш босқичларида бундай ҳаракатлар жиддий диққат билан бажарилади, кейинги босқичларда диққат билан назорат қилиш камайиб борадган ва натижада автоматлашган ҳаракатга айланади.

Лицей -   юнонча сўз бўлиб, Афина яқинида Апполлон Ликей ибодатхонаси атрофидаги дарахтзор номи, бир қатор давлатларда ўрта махсус таълим муассасаси.

Малака - шахснинг маълум касбга яроқлилик, тайёрлик даражаси, шу касбда ишлай олиши учун зарур билим, кўникмалари йиғиндиси. Касбий ахборотларнинг тез кўпайиб бораётгани илгари ўзлаштирилган малаканинг етишмаслигини келтириб чиқаради. Бу етишмасликни қайта тайёрлаш ва малака оширириш орқали тўлдирилади. Бу жараён узлуксиз давом этгандагина малака ортиб бориши орқали касбий фаолиятни ҳозирги талаблар даражасида давом эттириш имконияти ҳосил бўлади.

Малака ошириш - мутахассислар ва раҳбар ходимларнинг касбий билим ва кўникмаларини янгилаш ҳамда ривожлантириш жараёни

Маҳорат - шахснинг тажриба орқали орттирган хусусияти. Бирор соҳадаги мослашувчан кўникма ва ижодкорлик асосида ҳосил бўлган касбий кўникмаларнинг юқори даражаси, касбий моҳирлик. Бирор фаолият соҳасидаги юқори даражада эгалланган билим, кўникма, малакаларни амалиётда юқори сифат ва самарадорлик билан қўллаш

Метод - юнонча сўз бўлиб, йўл, усул, ҳаракат усули маъносини билдиради.

Педагогика – юнонча “пайдагогос” сўзидан олинган, “бола етакловчи” деган  маънони билдиради.

Тарбия – аниқ мақсад асосида шахсда ижобий хислатларни шакллантиришга қаратилган фаолият.

Тарбия воситалари – тарбия жараёнини ташкил этиш ва бошқа турли вазифаларни бажариш учун белгиланган моддий, маънавий, маданий объект ва предметлар йиғиндисидир.

Тарбия методлари – тарбияланувчини ҳаётини, фаолиятини, муомала ва муносабатини ташкил этиш, ҳулқи ва фаолиятини тартибга солиш учун педагогик мақсадга мувофиқ ижтимоий шартланган усуллардир.

Тарбия принциплари – тарбия жараёнининг мазмуни, методлари ва воситаларига қўйиладиган талаблар.

Тарбия усуллари – тарбия методининг бир қисми бўлиб, алоҳида таъсир, муайян ўзгартиришни ўз ичига олади.

Тарбия шакллари – тарбиячи ва тарбияланувчининг биргаликда, белгиланган тартибда амалга оширадиган фаолиятининг ташқи кўринишидир.

Тарбияланганлик - миллий урф-одатимиз мезонига кирмаган, ўзгаларнинг нафратини қўзғатадиган хатти-ҳаракатлардан ўзини тия билиш.

Таълим – инсоннинг маълум бир тизим асосида олган билим, кўникма, малакаси ва эгалланган маънавий фазилатлари йиғиндисидир.

Университет -  лотинча сўз бўлиб, “тўплам”, “умумийлик” маъносини билдиради. Кенг соҳалар бўйича олий маълумот берувчи ўқув-илмий таълим муассасаси.

Ўқитиш – аниқ мақсад асосида шахсда билим, кўникма ва малакаларни шакллантиришга қаратилган фаолият.

Шахс ривожланиши - инсоннинг бутун умри давомида ақлий ва жисмоний ўзгариши жараёнидир.

Шахс шаклланиши - одамни (биологик мавжудот) турли омиллар (ижтимоий, иқтисодий, мафкуравий, психологик ва ҳ.к.) таъсирида ижтимоий мавжудотга айланиш жараёнидир, бунда тарбия асосий омил саналади.

  Тузувчи: Бахтиёр  Омонов, ЎзМУ профессори, с.ф.д.     


Report Page